11.02.2014 11:53
“Бекатдаги одам” журналистлар муҳокамасига қўйилди
Янги фильмда гавжум бекатларнинг бирида уч нафар бегуноҳ инсон ҳаётига зомин бўлган ҳайдовчи ва унинг айбини бўйнига олган ота ҳақида ҳикоя қилинади. Картинада фарзанди ва онасидан айрилган, турмуш ўртоғи руҳий хасталикка чалинган бош қаҳрамон – Дониёрнинг ички кечинмалари очиб берилган.
Бекатдаги ҳалокат бахтсиз тасодиф бўлмай, балки қонунбузарлик экани, фарзандини жазодан қутқариш учун отанинг қилган хатолари томошабинни ўйлашга, инсон ҳаётининг қадр-қиммати, масъулият ва одамийлик ҳақида фикр юритишга ундайди.
Фильм Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, режиссёр Зулфиқор Мусоқов сценарийси асосида постановкачи режиссёр Тимур Мусоқов, постановкачи оператор Азизбек Арзиқулов томонидан суратга олинган. Постановкачи рассом – Мария Сошина. Бош ролларни Ёдгор Саъдиев, Сирожиддин Вафоев, Фатхулла Маъсудов, Кристина Таирова ижро этган.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.





