Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири бу тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда уларнинг мурожаатлари алоҳида назоратга олиниб, кўриб чиқилиши таъминланади.
Жумладан, адлия органларига жорий йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектларидан 4650 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 3630 таси кўриб чиқилди ва 1582 таси (34%) қаноатлантирилди. 2415 тасига (52%) тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва қолганлари кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, бу даврда адлия органларида ташкил этилган “Ишонч телефони”га тадбиркорлик субъектларидан 500 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг 395 таси кўриб чиқилиб ҳал этилди, шундан 255 таси (51%) қаноатлантирилди ва 128 тасига (25%) ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Адлия органлари томонидан мурожаатларни ўрганиш натижаси бўйича киритилган 220 та тақдимномаларга асосан 112 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шу жумладан 13 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 13 та ноқонуний қарорлар бекор қилинди. 30 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга жами 11,8 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ундириш юзасидан 101 та даъво аризалари киритилди.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларингиз бузилса, адлия органларига мурожаат қилинг.
Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”: 1008, 0371-200-02-08






