1

97 миллион сўмлик пенсия ва нафақа пуллари талон-тарож қилинди

ЖАМИЯТ 13.02.2014, 11:35
97 миллион сўмлик пенсия ва нафақа пуллари талон-тарож қилинди
Республикамизда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий ёрдамнинг асосий мақсади аҳоли фаровонлигини яхшилаш, жамият томонидан ҳар бир кишига муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга ёрдам беришдан иборатдир.
 
Шу мақсадда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, республикамизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонуний асослари яратилди. Жумладан, ёшга доир пенсия, ногиронлик нафақаси ва боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинланишда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  қонунларда назарда тутилган тартибда давлат томонидан нафақа билан таъминланиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга ижтимоий таъминотнинг энг муҳим шакллари, яъни фуқароларга давлат томонидан тўланадиган пенсия ва нафақаларни, давлат томонидан белгиланган ёрдам пулларининг манзилли етказилишини ташкиллаштириш ва назоратини олиб бориш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йилнинг 28 сентябрида рўйхатга олинган “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ почта алоқасининг минтақавий (вилоят) ташкилотлари ва почта алоқаси объектлари орқали пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тўғрисида”ги Йўриқнома бу борада мукаммал дастур, зарурий ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу Йўриқноманинг 2-бўлими бандларига асосан алоқа бўлимлари томонидан жорий ой учун қабул қилинган пенсия ва ижтимоий нафақа пуллари ой якунига қадар тўлиқ тарқатилиб, тўлов қайдномалари ва ҳисобот ҳужжатлар туман почта алоқа тармоғига топширилиши лозим. Шунга кўра, кейинги нафақа пуллари талаби белгиланади.

Гарчи ҳар бир алоқа бўлими ходими мазкур Йўриқномада кўрсатилган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритиши лозимлигини билса-да, ўз лавозимини суиистеъмол қилган баъзи кимсалар фуқароларнинг ҳақига хиёнат қилишдан ҳам тап тортишмайди.

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги “Бедана” алоқа бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Аслиддин Холмановнинг кирдикорларини эшитсангиз, ҳайратдан ёқангизни ушлашингиз тайин. Туман почта алоқа тармоғи хазинасидан ўтган йилнинг сентябрь ойида ўн ҳолатда тегишли сонли 4-шакл варақаларига асосан, у жами 132 миллион 85 минг сўм нақд пул маблағларини қабул қилиб олган. Сўнг А.Холманов Булунғур туман Почта алоқа тармоғининг собиқ бошлиғи, марҳум Б.И. ва тармоқнинг пенсия йўриқчиси қисми амнистия актига асосан ҳаракатдан тугатилган шахс билан ўзаро жиноий тил бириктирган. Улар ўртасида олдиндан ўзаро жиноий келишув асосида ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб сохтакорлик йўли тутилган. Расмий ҳужжат ҳисобланувчи ва қатъий ҳисобда турувчи 130-шакл дафтарининг ҳар беш кунда тармоққа топшириладиган ҳисоботида гўёки сентябрь ойи якунига қадар 841 нафар фуқарога 132 миллион 85 минг сўм пул тарқатилди, деган қайднома билан ҳужжатларни
қалбакилаштиришган.

Туман Почта алоқа тармоғи хазинасидан қабул қилинган 132 миллион 85 минг сўмдан 34 миллион 954 минг 11 сўми 35 нафар фуқарога пенсия ва ижтимоий нафақа пули сифатида тарқатилган. 806 нафар фуқарога сентябрь ойи ҳолатига кўра, жами 97 миллион 130 минг 989 сўмни эгаларига тарқатмасдан, унинг 77 миллион 129 минг 586 сўмини тармоқнинг ўша пайтдаги бошлиғи, марҳум Б.И.га тортиқ қилган. Қолган 20 миллион 1 403 сўмини ўз манфаати йўлида сарфлаган. Шу тариқа Аслиддин Холманов ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг жами 97 миллион 130 минг 989 сўмлик жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-тарож қилади. Мансабдор шахснинг ўзгаларнинг ҳақига кўз олайтириши оқибатида пенсионерлар ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зарар етказилади.

Суд судланувчи А.Холмановни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 209-моддаси 2-қисмининг “а” бандлари билан айбдор деб  топиб, жазо тайинлади. Жиноят кодекси 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил уч йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан, олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди.

Судланувчи А.Холмановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорининг 7-банди “а” кичик банди татбиқ этилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисми учдан бирига қисқартирилди.

А.Холмановдан судга қадар қопланмаган 64 миллион сўм етказилган зарар “Ўзбекистон Почтаси” ОАЖ Самарқанд филиалининг ҳисобига ундирилиши қайд этилди.

Шуни  таъкидлаш жоизки, бу каби нохуш ҳолатларга барҳам бериш мақсадида ҳудудларда айнан фуқароларнинг пенсия тайинланиши ва таъминоти бўйича олиб борилаётган ишларни адолатли тафтиш этиш, давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига тегишли соҳа мутахассислари алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашса мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳам пировард мақсади инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқ турмуш даражасини янада яхшилаш, ижтимоий барқарорликни таъминлашдан иборатдир. 

[left]Ваҳобжон ФАЙЗУЛЛАЕВ, 
жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг раиси 
Шаҳло Худойберганова, журналист[/left]

[right]"Даракчи" газетаси 3-сон[/right]

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1