1

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 175 нафар дастлабки гуруҳи Умрага жўнаб кетди

ЖАМИЯТ 17.02.2014, 10:58
Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 175 нафар дастлабки гуруҳи Умрага жўнаб кетди
175 нафар юртдошларимиздан иборат зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди.

Жорий йилнинг 15 февралидан 26 апрель кунига қадар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерларида ўзбекистонлик зиёратчиларни баҳор ойидаги Умра сафарига юбориш режалаштирилган, дея [url=http://religions.uz/uzb/news/umra_2014_bahor_mavsumi_boshlanishi.mgr]хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати.

Баҳорги умра зиёратида жами 5904 нафар фуқароларимизнинг (Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 31 та чартер рейсида) сафарлари ташкил этилади.

Зиёратчилар Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, умра ибодатларини адо этадилар. Зиёрат 10 кунни ташкил этади (Мадинада 4 кун, Маккада 6 кун).

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди набавий”дан 25 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли “Ажниҳат ат-Тоййиба” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса “Ҳарам масжиди”дан 1000 метр узоқликдаги “Нама ал-Мавадда” меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган.

“Умра-2014” мавсуми тадбирларини муносиб ташкил этиш, умрачилар учун мўлжалланган меҳмонхоналарни қабул қилиб олиш, транспорт, озиқ-овқат, ошхона, тиббий кўрикхоналар ва бошқа шу каби ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг 10 февраль куни ишчи гуруҳининг 2 нафар аъзоси Саудия Арабистонига сафарбар қилинган. Зиёратчилар ибодати, овқатланиши, уларга тиббий хизмат кўрсатиш, кузатиш ва кутиб олиш бўйича барча шароитлар яратилган.

Зиёратчиларнинг Тошкент аэропортидан кузатиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари (Умра ишчи гуруҳи) билан биргаликда, уюшган ҳолда амалга оширилмоқда. Умра сафари давомида зиёратчиларга 8 нафар ишчи гуруҳ, 29 нафар шифокор ва 4 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Сафар давомида фуқароларимиз Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни зиёрат қилишга муяссар бўладилар.

Умра зиёратидан фуқароларимизнинг қайтиши 24 февраль кунидан 5 май кунига қадар амалга оширилади.

Умра зиёратчиларини Жидда аэропортида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Президентимиз Қарори асосида Жиддадаги Бош консулликда жорий этилган Ҳаж ва умра масалалари бўйича атташе томонидан ташкил этилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1