“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида 4 509,2 млрд. сўм ҳамда 302,9 млн доллар маблағ ажратилади

ЖАМИЯТ 21.02.2014, 15:44
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида 4 509,2 млрд. сўм ҳамда 302,9 млн доллар маблағ ажратилади
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан 2014 йилнинг мамлакатимизда Соғлом бола йили деб эълон қилиниши жамоатчилигимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу мустақиллигимизнинг илк кунларидан жисмонан соғлом ва маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш устувор вазифа этиб белгиланган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлди. Она ва бола, Ёшлар, Баркамол авлод, Оила ва бошқа номлар билан аталган йилларда амалга оширилган ишлар халқимизнинг эзгу орзуси бўлган соғлом бола тарбиялашдек олижаноб мақсадга ҳамоҳангдир. Ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиз фарзандларимизни соғлом ва ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг бахт-саодати, ёруғ келажагини кўришни ният қиламиз.

Ўтган даврда кенг миқёсли ва теран мазмунли улкан ишлар, мамлакатимиз ва жамиятимиз тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамият касб этувчи вазифаларни бажаришга йўналтирилган қатор умуммиллий дастурлар, биринчи навбатда, “Соғлом она - соғлом бола” дастури амалга оширилди. Фарзандларимиз ва халқимиз бахти учун, келажагимиз учун қилинаётган бу эзгу ишлар изчиллик билан давом этиб, тобора кенгайиб бораётгани, юксак самаралар бераётгани қувонарлидир.

Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш доирасида юқори самарадорлиги бутун дунёда эътироф этилган она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг миллий модели шакллантирилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, шу жумладан,  қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилгани натижасида аҳоли, авваламбор қишлоқ жойлардаги оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди.   

Сўнгги ўн йилда даволаш-профилактика муассасаларини модернизация қилиш  ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун 750 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 марта камайди. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. «Save the children»  халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастурининг амалга оширилиши самаралари мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётан улкан эътиборнинг яққол тасдиғидир. Маълумки, Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилган, унинг сифати халқаро талабларга жавоб беради. 2004 йилдан буён умумтаълим мактабларини қуриш, моддий-техник базасини яхшилаш ва жиҳозлаш учун жами 2,8 триллион сўмдан ортиқ, болалар мусиқа ва санъат мактабларига 2009 йилдан буён 488 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Спорт мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашнинг ажралмас таркибий қисмига айланган. Уни болалар ва ўсмирлар, айниқса, қизлар ўртасида оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш бўйича ноёб тизим яратилди. Нафақат шаҳарларда, балки энг олис туманларда ҳам замонавий спорт комплекслари барпо этилди. 2003-2013 йилларда 1816 спорт объекти ишга туширилди, бу болаларни оммавий тарзда спорт билан мунтазам шуғулланишга ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда икки миллионга яқин бола, шу жумладан, 842 минг қизлар 30 дан ортиқ  спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

Мамлакатимизда маънавият ва маърифатни юксалтиришга, болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.      

Шу билан бир қаторда ҳаётнинг ўзи олдимизга соғлом авлодни тарбиялашдек муҳим соҳада янги вазифаларни қўймоқда. Масалан, профилактика ишлари даражаси ва тиббий хизматлар сифатини, айниқса, қишлоқ жойларда янада ошириш билан боғлиқ масалалар ҳамон долзарб бўлиб турибди. Никоҳдан ўтувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини янада яхшилаш, кўрикни амалга оширувчи мутахассислар масъулиятини кучайтириш лозим. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш ишлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш тизимига болаларнинг соғлиғини таъминлашдек улкан масъулият юкланган. Шу муносабат билан жорий йилда соҳанинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, авваламбор, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи тиббиёт муассасаларини энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, малакали кадрлар билан таъминлашга эътибор янада кучайтирилади.

Албатта, соғлом болани тарбиялашда аҳолининг тиббий маданияти ҳам муҳим ўрин тутади, бу масала ҳануз долзарблигича қолмоқда. 

“Соғлом бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирлар, аввало шу муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилган.

Жорий йилда Давлат дастурини амалга ошириш жараёнида бу ишларнинг барчаси янада юқори даражага кўтарилади. Дастурда аввало ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Дастур етти бўлим ва 125 банддан иборат бўлиб, унда болалар туғилиши, таълим-тарбияси, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа ривожига ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ барча масалалар акс этган.

Биринчи навбатда, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Саккизта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. “Болаларни жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлиги тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги  ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

“Болаларни жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда болаларни уларнинг онгини бузувчи, руҳий жароҳат етказувчи ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситаларида шафқатсизлик ва зўравонлик тарғиботига йўл қўймасликнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмлари  кўзда тутилади.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурида оилада меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳити, юксак аҳлоқий ва маънавий қадриятларни барқарор қилиш, ёш оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг кундалик рўзғор юмушларини енгиллаштириш каби биринчи даражали вазифалар белгиланган.

Хотин-қизлар, болалар ва ўсмирларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ҳар ойда соғломлаштириш ҳафталиклари ташкил этилади, шунингдек, мамлакатимиз етакчи тиббиёт муассасалари мутахассислари иштирокида олис туманларда яшовчи 145 минг нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Янги оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, санатория-курорт объектлари барпо этиш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилади.

Мамлакатимизда 130 маданият ва дам олиш марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўн бешта янги маданият ва истироҳат боғларини барпо этиш, мавжуд йигирма тўққизтасини реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган.

Маиший техника ишлаб чиқариш ва уни харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратишни кенгайтириш ҳисобига хотин-қизларнинг маиший шароитларини яхшилаш ва рўзғор юмушларини енгиллаштиришга катта аҳамият берилмоқда. 194 тумандаги олис қишлоқларда гўзаллик салони, тикувчилик, таъмирлаш устахоналари ва бошқа хизмат кўрсатиш корхоналаридан иборат намунавий маиший хизмат мажмуалари очилади.

Қишлоқ оилаларини замонавий уй-жой билан таъминлаш, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилади. 2014 йилда намунавий лойиҳалар асосида 11 минг якка тартибдаги уйлар қурилади. Икки минг ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун фоизсиз ссудалар берилади. Туманлар марказлари ва қишлоқларда сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилашга доир қатор янги лойиҳалар амалга оширилади.

Жорий йилда соғлом фарзандлар туғилиши ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. МДҲ мамлакатларида ўхшаши бўлмаган замонавий кўп тармоқли болалар марказини (IV даражали) қуриш ва уни юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий марказининг қатор бўлинмалари, ТошПТИ клиникалари, 13 вилоят кўп тармоқли болалар тиббий марказлари, 62 туман тиббиёт бирлашмалари ва бошқа тиббий ва тиббий-ижтимоий муассасалар қурилади ҳамда тубдан таъмирланади. Уларнинг барчаси замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланади, бу  болаларга жаҳон стандартлари даражасида ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлигини таъминлашнинг энг самарали воситаларидан бири юқумли касалликлар профилактикасидир. Шу мақсадда турли инфекцияларга қарши янги вакциналарнинг босқичма- босқич жорий қилинишини ҳисобга олиб, болаларни эмлаш дастурини такомиллаштириш зарур. Миллий эмлаш тақвими асосида контингентнинг камида 97 фоизини қамраб олган профилактик вакцинация қилиш кўлами кенгайтирилади.

Йил давомида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва ўқувчиларнинг 6,6 миллионга яқини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади, таркибида йод моддаси бўлган дори-дармонлар воситасида соғломлаштирилади. Қишлоқларда яшайдиган оналарнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 400 минг нафар ҳомиладор аёл махсус поливитаминлар билан бепул таъминланади.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурида мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, шу жумладан, уларни тубдан таъмирлаш ва жиҳозлаш, янгиларини қуришга йўналтирилган аниқ вазифалар белгиланган. Болаларни мактабга тайёрлаш бўйича мутлақо янги дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши белгиланган бўлиб, уларда болаларнинг ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний  ривожланиши кўзда тутилган. 

“Баркамол авлод” болалар марказларини шакллантириш дастурининг амалга оширилиши жараёнида 66 шундай марказлар тубдан таъмирланади ва жиҳозланади. Бу болаларни ижодга, шу жумладан, техник ижодий ишларга янада кенг жалб қилишга кўмаклашади. 

Бошланғич синфларда ўқитиш сифатини янада кўтариш чоралари белгиланган. Жумладан, 1-4 синф ўқувчилари учун ўқув дастурлари ва дарсликларнинг қайта кўриб чиқилиши, шунингдек, ўқитувчилар учун тегишли услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиши назарда тутилган.

2014/2015 ўқув йилида 2,6 миллион ўқувчи 575 номдаги 25 миллион нусха дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминланади. 

“Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасининг амалга оширилиши ҳам болаларнинг интеллектуал ривожланишига кўмаклашади. Лойиҳада турли билим олишга оид  ва ўқув материалларини электрон форматга ўтказиш маркази, мультимедиа ахборот ресурслари маркази, шунингдек, интеграциялашган ахборот-кутубхона тармоғи ташкил этилиши, Ўзбекистондаги барча ахборот-кутубхона муассасаларининг 2020 йилгача ушбу тармоққа уланиши мўлжалланган. 

Мамлакатимизда ота-она меҳридан маҳрум ва имконияти чекланган болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. 2015-2017 йилларда Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва мактабгача тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўқув-тарбия жараёнини тубдан такомиллаштириш чоралари кўрилади. 

Бу йил режалаштирилган қатор қизиқарли тадбирлар ўқувчиларнинг ақлий, ижодий ва спортга оид лаёқатларини ривожлантиришга қаратилган. Наманган вилоятида ўтадиган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари, болалар ижодиёти республика фестиваллари, “Она юрт наволари” халқ чолғу асбоблари халқаро танлови, “Энг ёш ихтирочи” танлови ва бошқа тадбирлар шулар жумласидандир.

Давлат дастурида 60,1 мингта ўқув ўринга мўлжалланган 380 умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, уларни компьютер техникаси, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар билан таъминлаш белгиланган. Бундан ташқари, 161 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 48 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 110 болалар спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва тубдан таъмирлаш режалаштирилган. 

Мамлакатимизда болаларнинг чет тилларни ўрганишига катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда мактаблардаги чет тиллари хоналарини замонавий ахборот-коммуникация ва техника воситалари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. 

Бошланғич синф ўқувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилади. Жумладан, 586,9 минг нафар биринчи синф ўқувчиларига ўқув жиҳозлари тўпламлари ва 6,5 миллион нусхадаги дарсликлар, умумтаълим мактабларининг 500 мингдан ортиқ 2-синф ўқувчиларига чет тиллар бўйича мультимедиали иловали дарсликлар бепул берилади.

Ёзги таътил даврида болаларнинг ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида соғломлаштириш оромгоҳларига 280 минг нафар ўғил-қиз имтиёзли, 35,7 минг нафари бепул йўлланмалар билан таъминланади.

Тошкент ва Термиздаги ҳайвонот боғларининг, Тошкентдаги ботаника боғининг реконструкция қилиниши, Самарқанд ва Фарғонада Тошкент ҳайвонот боғи филиалларининг очилиши, Зарафшон шаҳрида аквапарк қурилиши, шунингдек, Республика қўғирчоқ театри ва «Томоша» болалар мусиқали театр студиясининг капитал таъмирдан чиқарилиши мўлжалланган. 

Халқимизга хос бағрикенглик, муҳтожларга кўмак бериш каби фазилатларни акс эттирувчи кўплаб тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар фарзандларига 516,9 минг тўпламдаги қишки кийим ва 3,1 миллион нусхада дарслик, ўқув қуроллари бепул берилади. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандларини халқимизнинг бой тарихий ва маданий мероси билан таништириш мақсадида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларига бепул саёҳатлар, шунингдек, музейлар, ҳайвонот  ва ботаника боғларига экскурсиялар ташкил этилади.

2014 йил ноябрь ойида Тошкентда «Бола учун ижтимоий шериклик: миллий ва хорижий илғор тажриба» мавзусида халқаро форум ўтказилади. 

Мамлакатимиз учун долзарб ушбу вазифаларни оилалар, мактаблар, соғлиқни сақлаш тизими, давлат ва жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ўзаро ҳамкорлигида амалга ошириш мумкин.

Давлат дастурида соғлом болани тарбиялашда, оилаларга, биринчи навбатда, ёш оилаларга ўз вақтида ва манзилли моддий ҳамда маънавий кўмак беришда маҳалла институтининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга, ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган эзгу ишларнинг рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан, ҳурмат-эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси, деб биламиз. 

«Соғлом бола йили» Давлат дастури бунинг яна бир ёрқин тасдиғидир. Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбирларга 4 509,2 миллиард сўм ва 302,9 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилади. Мазкур дастурнинг бажарилиши мамлакатимиз учун асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлади.    

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1