24.02.2014 10:43
“Соғлом бола йили”да 6,6 миллионга яқин бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади
Жорий йилда соғлом фарзандлар туғилиши ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. МДҲ мамлакатларида ўхшаши бўлмаган замонавий кўп тармоқли болалар марказини (IV даражали) қуриш ва уни юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган.
Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий марказининг қатор бўлинмалари, ТошПТИ клиникалари, 13 вилоят кўп тармоқли болалар тиббий марказлари, 62 туман тиббиёт бирлашмалари ва бошқа тиббий ва тиббий-ижтимоий муассасалар қурилади ҳамда тубдан таъмирланади. Уларнинг барчаси замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланади, бу болаларга жаҳон стандартлари даражасида ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлигини таъминлашнинг энг самарали воситаларидан бири юқумли касалликлар профилактикасидир. Шу мақсадда турли инфекцияларга қарши янги вакциналарнинг босқичма- босқич жорий қилинишини ҳисобга олиб, болаларни эмлаш дастурини такомиллаштириш зарур. Миллий эмлаш тақвими асосида контингентнинг камида 97 фоизини қамраб олган профилактик вакцинация қилиш кўлами кенгайтирилади.