1

​ЭРКИН АЪЗАМ: «РЕЖИССЁРЛАР “СЦЕНАРИЙНАВИС”ЛАР БИЛАН БИРГА “ХОНТАХТА” ЯСАЯПТИ»

МАДАНИЯТ 21.11.2017, 10:06
​ЭРКИН АЪЗАМ: «РЕЖИССЁРЛАР “СЦЕНАРИЙНАВИС”ЛАР БИЛАН БИРГА “ХОНТАХТА” ЯСАЯПТИ»

Лойиҳанинг галдаги меҳмони – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, 12 та сценарий муаллифи, “Ўзбеккино” миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси Эркин АЪЗАМ. Кескир сўзлашга одатланган устоз ижодкорнинг “Очиқ хат”ини кўпчилик кино оламидагилар ҳазм қилолмаслиги ҳам мумкин. Лекин нима ҳам дердик, дўст ачитиб гапиради…

“КАМЧИЛИКЛАРНИНГ АСЛ НЕГИЗИ — ФИКР ҚАШШОҚЛИГИДА”

Президентимиз ижодкор зиёлилар билан учрашувда “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият бизнесга айланмайди, биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, дея ҳақ гапни айтдилар. Тўғри, ҳар қандай ижод маҳсули пировардда товарга айланади. Лекин унинг асл баҳоси, қиймати, қадри мазмундорлигида бўлиши шарт. Кинонинг қадри ҳам кўримлилиги, ҳам ибратлилигида бўлиши лозим. Афсуски, бу санъат бозорга аралашиб кетди.

Бир давр бўлдики, истаган киши ҳа­васлари жунбишга келгани учунгина китоб ёза бошлади. Ҳеч ким унга “қалбингда дард йўқ, муддаонг йўқ-ку!” дея эътироз билдирмади ва бу ҳолат кинога ҳам кўчди. Китобни-ку аниқ биров ёзади, кинодаги аянч­ли аҳвол эса фильм­дан фильм ясаш! Камера ушлашни ўрганган уч-тўрт киши йиғилиб олиб, кўрган беш-ўнта хорижий фильм асосида нимадир ясайди-да, “янгилик қилдим!” дея жар солади. Бу уят-ку, ахир! У “фильм”ни кўрган зийрак томошабин асл манбаи қаердалигини дарров фаҳмлайди. Аслида бундай “ижодкор”ларни жавобгарликка тортиш керак. Ваҳоланки, хусусий киностудия­нинг давлат киностудияларига нисбатан ижодий имконияти кенгроқ – уларнинг эрки ўзида. Жамиятда лаҳжа чўғ бўлиб турган муаммо ёки воқеликни бемалол кўрсатавериши мумкин, эплаб кўрсатса, ҳар ким тирғала олмайди. Афсуски, режиссёрларимиз бир қолипга тушиб қолган. Айниқса, хусусий ўзанда ишлайдиган режиссёрлар “қачон­гача эн­ди пул топиш учун­гина шундай енгил-елпи фильмлар ишлаймиз?” деган саволни ўзига бериш вақти аллақачон келди. Сўнгги пайтларда “хонтахта” фильм­ларнинг мухлислари ҳам маънодорлик, жиддийликни талаб қиладиган бўлиб қолди. Режиссёрлар ма­тоҳ­лари ўтмай қолаётганини билиб, унча-мунча масъулият ҳис қила бошлади. Бу камчилик­ларнинг асл негизи эса фикр қашшоқлигига бориб тақалади. Дангасаликка, тайёрга айёр бў­лиш­га ўрганиб қолганимиз учун янги фикрга интилиш йўқ. Юртимизда бўлаётган исло­ҳотлар фикрлашда ҳам янги тамойил, янги ёндашувларни талаб қилаётир. Бироқ аксар фильмларда ҳамон бир қолипдаги гап­лар, бой қиз ва камбағал йигит, ҳашамдор уйлар, қўша-қўша машиналар, силлиқ-силлиқ қиё­фалар, тилла та­қин­чоққа бурканган совчи холалар тасвири! Уларда чинакам ҳаёт нафаси, табиийлик йўқ. Аслида ўша қаҳра­монлар­нинг ҳашамдор уйлари қандай, ниманинг эвазига бунёд бўлганини кўрсатиш керак. Тўқликка шўхлик қилиб, таги пуч уриш-жанжалдан бўшамайдиган ёш келин-куёв ҳаётига доир майда икир-чикирлар кимга керак дейсиз? Масалан, жаҳон эътироф этган, кино эстетикани рад қилган “Гилос таъми” номли Эрон фильмини олинг. Бир қиёфа, бир хил манзара, лекин томоша қилиб асло зерикмайсиз, бои­си унда маъно бор, муҳим фалсафа бор. Фильмда янги руҳ, янги қаҳрамон, янги фикр­лар бўлиши керак. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кино — кўриш, театр — эшитиш учун! Сафсата — кино санъатига бегона, ёмон фильмгина қуруқ гапдан иборат бўлади. Кинода кўзлар, хатти-ҳаракатлар “гапириши” керак, қаҳрамонларнинг юрак “манзараси” кўрсатилиши лозим. Дейлик, мана шунча гапни гапириб ўтирган одам “Паризод” фильмидаги қизга сўз топиб беролмасмидим?

Диалогда мазмун бўлмаса, театрда ҳам уни ҳеч ким эшитмайди. Биз эса сўз бўтқамизни фильмлар орқали томошабинга ўтказмоқчи бўляпмиз. Бу балки сериалларга ярашар, чунки унинг томошабини бекорчи... Тўғриси, режиссёр ва актёрларнинг “бугун драматург йўқ”, деган гапи эмас, соҳага алоқаси йўқ “сценаристлар” ғашни келтиради. Ундайлар ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек кўпайиб кетди...

БАДИИЙ КЕНГАШ ҲИСОБ-КИТОБ ­МАЙДОНИГА АЙЛАНМАСИН!”

Кинодан кўнглим қолгани сабаб, икки марта Бадиий кенгаш аъзолигидан ўз хоҳишим билан чиқиб кетганман. Бугунги янгиланишлар балки яна қизиқтириб қолар, деган илинжда “Ўзбеккино”дагиларнинг таклифига йўқ дея олмадим. Аммо йил ниҳоясида Бадиий кенгашни яна тарк этсамми, деб турибман. Муҳокамаларда бирор мулоҳаза билдирсангиз, “Раҳмат устоз, зўр фикр айтдингиз”, дейишади. Лекин экранда кўрсангиз — ўша-ўша манзара, яъни сенинг гапинг – менинг!.. Ёшроқ бўлганимда, балки бориб баҳслашган бўлардим, лекин ҳозир ундайларга сарфлайдиган вақтим йўқ. Энг ёмони – Бадиий кенгашда гоҳо бундайроқ фильм ҳам кўкка кўтариб мақталаверади. Гоҳо ким кимдан қарзини узаётгани-ю тилёғламалик қилаётгани, ҳатто ўч олиш ҳам аралашганини, қисқаси, жўнгина ҳисоб-китоб қилаётганининг гувоҳи бўласиз.

Баъзи режиссёрлар Бадиий кенгашга нуқул тажриба фильм­ларини тақдим этади. Лекин тажрибанинг ҳам чегараси бор-да. Қачон тайёр натижани кўрамиз? Яқинда ёш режиссёр Умид Ҳамдамов сценарий олиб келди, фикрлашдик. Балки маслаҳатимни олмас, лекин фикрнинг қадрига етиши менга маъқул бўлди. Шу каби ёш ниҳоллар етишиб чиқяптими, демак, киномиздан умид қилсак бўлади. Қани эди, муаллифлик билан оммабоп фильмлар уйғунлашса... Ҳозир интеллектуал жиҳатдан баландроқ фильмларни томошабин кўрмайди, зерикади, ҳазм қилолмайди. Бундай фильмлар киночиларнинг ўзи учун бир дарсликдай гап, холос.

Кино ниҳоятда машаққатли соҳа. Авваллари фильм­лар жуда қимматбаҳо плёнкаларда суратга олинарди. Шу боис фильмнинг ҳар бир ижодкори масъулиятни чуқур ҳис қиларди. Бугунги техник имкониятлар истаган кишини режиссёр, сценарийнавис, тасвирчи, актёр қилиб қўйди. Лекин буни суиис­теъмол қилмаслик керак. Тўғри, ўткинчи шуҳрат ёки пул топиш илинжида юрганларнинг фильмларига бугун томошабин оқиб келаётгандир. Бироқ рекламанинг кучи вақт элагидан устун келолмайди...

ЎЗИ СЦЕНАРИЙ ЁЗИБ, ЎЗИ СУРАТГА ОЛИБ, ЎЗИ БОШ РОЛНИ ЎЙНАЙДИ ВА УНИ... ФАҚАТ ЎЗИ КЎРАДИ”

Аслида драматург фильм “зувала”сини қориётгандаёқ “фалон дард, фикр, янгиликни илгари сураман”, деган мақсад билан иш бошлаши лозим. Лекин бугун бари тескари. Бундай “туғма истеъдод”ларга чеклов қўйиб бўлмайди. “Сенга ёқмаса, бошқаларга ёқади!” деган жавоби тайёр. Ўзи сценарий ёзиб, ўзи суратга олиб, ўзи бош роль ўйнайдиганлар ҳам бугун ҳар қанча топилади. Бу жумлани бемалол тўлдириш мумкин, яъни – олган фильмини ҳам фақат ўзи томоша қилади. Унақа сценарийларга “1” баҳо қўйсангиз ҳам ҳақингиз кетади. Ҳамма ҳам Чарли Чаплин, Раж Капур ёки Василий Шукшин бўлолмайди-да. Зулфиқор Мусоқов, Ёлқин Тўйчиев каби сценарий ёзишни ҳам қойиллатадиган режиссёрларимиз, афсуски, саноқли. Мени қийнайдиган яна бир нарса­ — режис­сёрларимизнинг кам мутолаа қилиши. Баъзилари фақат кинотехникадан хабардор, беш-олтита хориж фильмини кўрган, юрак эса бўм-бўш. Унутмаслик керакки, кинонинг сарчашмаси — адабиёт, бадиий адабиёт!

Эътибор берган бўл­сангиз, Алишер Навоий номидаги киносаройнинг кичик залида катта маъно-мазмунга эга фильмлар намойиш қилинади, катта залларида эса аксинча. Бугун маъноли фильм суратга олиш айб бўлиб қолдими, дейсиз. Шукрки, томошабинлар енгил-елпи мавзулардан чарчагандек, фикран қашшоқлашиб бораётганини англаётгандек. Энди ўша катта залдаги томошабин аста-секин кичик залга ўта бошлади...


Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1