1

Ҳеч ким бизни енга олмайди, агар...

ЖАМИЯТ 26.02.2014, 14:41
Ҳеч ким бизни енга олмайди, агар...
Бугунги фаровон, тинч осуда турмушимиз қалбимизда шукроналик ҳиссини уйғотса-да, бундай дориломон кунларга эришгунча халқимиз не-не кунларни бошдан кечирганини барчамиз яхши биламиз. Кўҳна тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, она заминимиз не-не босқинларни, мусибат ва кулфатларни бошидан кечирганини англаймиз.

“Ўзимиздан сотқин чиқмаса...”

Хусусан, Чингизхон бошчилигидаги мўғул босқинчиларининг юртимизга қилган ёвузликларини араб тарихчилари қуйидагича таърифлайдилар: “Агар кимки Тангри Одамни ато қилганидан бошлаб то ҳозиргача жаҳонда бу тариқа ҳодиса рўй бермаган, деса унинг гапи ҳақдир.

Чиндан ҳам солномаларда андаккина бўлсада, бу янглиғ ҳодисанинг баёни учрамайди”. 
Шуни таъкидлаш керакки, Чингизхоннинг юртимизга юришини ҳар бир тарихчи ўзича баҳолайди. Урушнинг бошланишига, айримлар Муҳаммад Хоразмшоҳни, баъзилар унинг онаси Турконхотунни, яна кимдир Ўтрор ҳокими Қайирхонни, бошқа бировлар эса Чингизхоннинг ўзини айблашади. Фикримизча, бу уруш келиб чиқишининг бош сабабчилари ўз ватанларига, эл-юртига хиёнат қилиб, Чингизхон хизматига кириб Мовароуннаҳр тўғрисида ҳамма зарур маълумотларни етказган сотқинлар эди. Мана шу ватанфурушлар Чингизхонга Ўрта Осиёга борадиган ҳамма йўлларни кўрсатиб беришган эди. 

Оқибатда юртимиз топталди, бойликларимиз ёндирилди, ташиб кетилди. Ҳозирги кунда ҳам ватанини, миллатини сотган кимсалар борки, улар ўзларини демократ ҳисоблаб, чет эл матбуоти орқали юрт шаънига ҳар хил бўҳтонлар ёғдиришмоқда, сафсаталар сотишмоқда. 

Шу ўринда Юртбошимизнинг “Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди” деган сўзлари замирида қанчалк буюк ҳикмат ётганини англаб етамиз.

“Бир кун жанжал чиққан уйдан...”

Шимолий Африка ва Яқин шарқ мамлакатларида юз берган “Араб баҳори” (аслида воқеалар чуқур таҳлил қилинса “Араб қаҳратони” экани ойдинлашади) ўша мамлакатлар иқтисодиётини хонавайрон қилиб, халқни сарсон-саргардон қилди. 

Бир вақтлар гуллаб-яшнаган Ироқ, Ливия, Сурияда юз минглаб одамларнинг ҳалок бўлиши, миллионлаб одамларнинг жароҳат олиши бепул пишлоқ қопқонда бўлишини ошкор қилиб қўйди. 

Ўз мамлакатларида “демократия қарор топиши йўлида” кўчага чиққан одамлар эндиликда қаттиқ янглишганларига иқрор бўлишмоқда. Бироқ отдан тушса ҳам эгардан тушишни истамаётган мухолифатчилар ҳамон ўз мақсадлари йўлида қон тўкилишига йўл қўйишмоқда.

Урушлар нималарга сабаб бўлишини қўшни Афғонистон мисолида кўриш мумкин. Бу мамлакатда 35 йилдан бери қон тўкилмоқда. Ўша йилда туғилган бола бугун бир неча фарзанднинг отасига айланди. Унинг болалари қўлда қурол билан туғилди, десак янглишмаган бўламиз. Уларнинг қўлидаги ўқ отар қуролларни олиб, ўрнига меҳнат қуролларни бериш учун анча иш қилиниши керак. 

Уруш қадимий цивилизация бешикларидан бири бўлган Афғонистонни хароб қилди. Бугунги кунда Афғонистон жаҳондаги энг қолоқ ва қашшоқ, ҳатто ёввойи мамлакат сифатида тан олинади. Зотан “бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.

Тинчликда ҳикмат кўп


Бундан бир неча йил аввал Голливуд томонидан суратга олинган “Будданинг кўз ёшлари” деб номланган фильмни томоша қилган эдим. Бу фильмда мактабга бориш иштиёқида бўлган қизалоқ ҳақида ҳикоя қилинади. У ўқиш мақсадида уйдаги тухумларни, товуқларни сотиб, дафтар-қалам харид қилади. Аммо бозордан уйга қайтар экан, йўлда уруш-уруш ўйнаётган болалар қизнинг дафтар-қаламларини олиб қўйишади. 

Мана шу жиҳатлари билан фильм ишонарли суратга олинганки, бугунги Афғонистондаги ҳаётни тўлалигича намойиш қилади. Бу фильмни кўриб, ота-боболаримиз, момоларимиз қўлларини дуога очганларида “Тинчлик-хотиржамлик бўлсин” дея тилак билдиришлари бежиз эмасликларини англаймиз. 

Касб тақозоси билан бир неча йил аввал хитойлик дипломатлардан бири билан суҳбатлашишга тўғри келганди. Ўшанда дипломат Хитой давлат арбобларидан бири Ден Сяопинь ислоҳотлар ўтказилишидан аввал мамлакатда барқарорлик ўрнатилиши лозимлигини таъкидлаганини сўзлаб берган эди. 

Тарихдан маълумки, Ден Сяопинь олиб борган ислоҳотлар туфайли “осмон ости” деб аталмиш Хитой осмонга чиқди. Ҳозирги кунда бу мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дунёнинг барча мамлакатлари бозорларида кўриш мумкин.

Дархақиқат, тинчлик-хотиржамлик сабаб озод ватанимизда ободлик, бунёдкорлик ишлари амалга ошмоқда. Чекка қишлоқ атамаси фақат жуғрофий тушунча бўлиб қолди. Тоғли қишлоқда яшаётган ота ўзининг пойтахтда(ёки хорижда) таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган  фарзанди билан замонавий технологиялар орқали дийдор кўришиш, суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди. 

Фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда камол топмоқда. Уларнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит, имкониятлар яратилган. Бу имкониятлардан самарали фойдаланаётган ўзбекистонлик  болалар халқаро даражада ўтказилаётган фан ва спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритиб, Ватанимиз шуҳратини оламга ёйишмоқда. 

Обаманинг иқрори

АҚШ Президенти Барак Обаманинг 2009 йил 4 июн куни Қоҳира Университетида сўзлаган нутқини кўп эслайман ва кўп учрашувларда айтиб юраман. Оқ уй рахбари ўшанда шундай деган эди:  

“Тарихга қизиққан инсон сифатида мен цивилизация ислом олдида қанчалик қарздор эканлигини ҳам биламан. Айнан ислом асрлар давомида илм нурини таратиб келди ва Европадаги тикланиш ва маърифатга йўл очди. Мусулмон жамиятларининг илғорлик руҳи  туфайли алгебра тартиб-қоидалари, магнитли компас ва навигация ускуналари, ёзув маҳорати ва нашриётга эга бўлдик, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари ҳақида тушунча ҳосил қилдик. 

Ислом тамаддуни бизга улуғвор аркалар ва баланд миноралар, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият ва жозибали мусиқа, ҳусни ҳаттотлик ва ҳузур-ҳаловат ила тафаккур қилиш имконларини берди”. 

Бу нутқ билан танишар экансиз, АҚШ президенти ўзбек мутафаккирларини (алгебра тартиб-қоидалари деганда Ал-Хоразмийни, магнитли компас деганда Абу Райҳон Берунийни, навигация ускуналари деганда ал-Фарғонийни, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари дейилганда Ар-Розий ва Ибн Сино) назарда тутганлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Улуғвор аркалар ва баланд миноралар (Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз), вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият (А. Навоий, З.Бобур) ва жозибали мусиқа(Ал-Фаробий) дейиш билан Барак Обама Ўзбекистонни назарда тутмадимикан. Демак АҚШ президенти фикрича, “Цивилизация ислом олдида қанчалик қарздор” бўлса халқимиз олдида хам шунчалик қарздордир. 

Оққан дарё оқаверади...
   
Ғарб олами бу ҳақиқатни бугун тан олаётгани йўқ. Бундан олти аср илгари Испания қиролининг элчиси Дон Рюи Гонзалес де Клавихо “Самарқанддаги  Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” асарида қуйидаги гапларни ёзиб қолдирган. 

“Бу халқ билан шох (яъни Амир Темур ) кўплаб улуғвор жасоратлар кўрсатди, кўплаб ғалабалар қозонди.  Бу меҳнатсевар, моҳир чавандоз камондан отувчи мерган, умуман сабот-матонатли халқ. Иссиқ ва совуққа, очлик ва ташналикка жаҳондаги ҳар қандай элдан кўра саботли ва чидамли халқ”. Бир пайтлар Амир Темур бошчилигида шон-шуҳрат қозонган ҳалқ бугун яна азалий довруғини қайта тиклаётир.

Бугунги кунда президент Ислом Каримов олиб бораётган тўғри ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимиз ўзининг қадимий обрўсини қайта тиклади. Президентимизнинг “Ўзбекистон-бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли” китобидаги  “Ўзининг миллий давлат манфаатлари устуворлигида ўзаро манфаатларни ҳар томонлама ҳисобга олиб, республика бирор бир буюк давлатнинг таъсир доирасига кирмаслиги даркор”, деган фикрлари бугунги кунда амалий ифодасини топмоқда. 

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат туфайли халқимиз нималарга қодир эканлигини дунёга намоён қилмоқда. Яна халқимиз ибораларига қайтадиган бўлсак, оққан дарёлар яна шарқираб оқаверади. 

                                              [right]Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ, сиёсий шарҳловчи[/right]

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1