АсосийDunyo

МАМЛАКАТИМИЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ГЕРМАНИЯДА БЎЛДИ

'МАМЛАКАТИМИЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ГЕРМАНИЯДА БЎЛДИ'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро тадқиқотлар ахборот-таҳлилий маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда бошқа идоралар вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси беш кунлик ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлди.

Делегация аъзолари Федерал Канцлер ва Федерал Президент идораларида, Бундестаг, Ташқи ишлар, Иқтисодиёт ва энергетика, Иқтисодиий ривожланиш ва ҳамкорлик федерал вазирликлари, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази, Германия ташқи сиёсат жамғармаси, Халқаро хавфсизлик сиёсати университетида музокаралар, маслаҳатлашувлар ўтказди. Музокаралар натижасида Ўзбекистон тадқиқот муассасалари ҳамда Германиядаги сиёсий партиялар “ақл марказлари” — К. Аденауэр, Ф. Эберт номидаги жамғармалар, Европа Кавказ ва Каспий тадқиқотлари институти ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Берлинда бўлиб ўтган учрашувларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Ўзбекистонга етакчи немис компаниялари томонидан замонавий технологиялар ҳамда инвестиция жалб қилиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш устувор йўналишлар сифатида кўрсатиб ўтилди. Томонлар диний экстремизмга қарши курашиш, ёш авлоднинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун шароит яратиш, шу жумладан, Ўзбекистон Президентининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббусини амалий рўёбга чиқаришда ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

К. Аденауэр номидаги жамғарма академиясида ташкил этилган “Ўзбекистон ўзгаришлар жараёнида. Ислоҳотлар сиёсати: кутилаётган натижалар ва истиқболлар” мавзуидаги давра суҳбатида ГФР Ташқи ишлар федерал вазирлиги, илмий доиралар, бизнес ҳамжамияти, парламент вакиллари ҳамда журналистларга 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий ғоялари, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бугунги ташаббуслари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Масалан, жамғарма бошқаруви аъзоси Бетина Аденауэр (ГФРнинг биринчи канцлери К. Аденауэрнинг набираси) Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганини эътироф этди. У жамғарма Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

ГФР Бундестаги депутати Кристиан Хирте Ўзбекистон Президентининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қатъий киришганига алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, бу кенг кўламли ислоҳотларни аҳоли томонидан фаол қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.

    Бошқа янгиликлар