АсосийЖамият

2026 йилда Рамазон ойи 19 февралда бошланади

Туркий давлатлар ташкилоти Фатво ҳайъати қарорига кўра, 2026 йилда муқаддас Рамазон ойининг биринчи куни 19 февраль, пайшанбага тўғри келади. Рамазон ҳайити эса 20 март, жума куни нишонланиши кутилмоқда.

'2026 йилда Рамазон ойи 19 февралда бошланади'ning rasmi

Маълум қилинишича, мазкур қарор 2–4 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг маслаҳат йиғилишида қабул қилинган.

Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигида ташкил этилган бўлиб, унда ташкилотга аъзо мамлакатлар диний идоралари ва ислом уламолари иштирок этган.

Қайд этилишича, Рамазон ойи ва Рамазон ҳайити саналарини белгилаш бўйича қабул қилинган қўшма қарор туркий давлатлар мусулмон жамоалари ўртасидаги бирликни мустаҳкамлаш ҳамда диний амалиётларни замонавий илмий ёндашувлар билан уйғунлаштиришга қаратилган.

Фатво ҳайъати таркибига Туркий давлатлар ташкилотига аъзо Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамда кузатувчи давлатлар — Туркманистон ва Венгриянинг расмий мусулмон диний идоралари вакиллари киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Рамазон ойи 19 февралдан бошланишини, 18 февраль кечқурун мамлакат масжидларида илк таровеҳ намози ўқилишини маълум қилган эди.

Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон диний идоралари 2026 йилги Рамазон ва ҳайит байрамларининг дастлабки саналари ҳақида олдинроқ ахборот берган.

    Бошқа янгиликлар