1

Юртимизга қайтарилган қадимий қўлёзма нусхалари – бебаҳо хазина!

МАДАНИЯТ 28.11.2017, 20:21
Юртимизга қайтарилган қадимий қўлёзма нусхалари – бебаҳо хазина!

28 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” халқаро медиа-форумида турли сабабларга кўра, Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилган ва хорижда сақланаётган қўлёзмалар – “Катта Лангар Қуръони”, Султон Ҳусайн Бойқаронинг девони “Девони Ҳусайний”, “Равзат ус-сафо”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”нинг факсимиле нусхалари Ўзбекистон ҳукумати ва халқига қайтарилди.

Медиа-форум иштирокчилари мазкур тарихий воқеага ўз фикрларини билдиришмоқда. Улардан бири Мир Араб мадрасасининг мударриси Абдуғофир Раззоқов шундай дейди:

— Юртимизга қайтарилган ушбу қадимий қўлёзма нусхаларини бебаҳо хазина дейиш мумкин. Уларнинг ҳар бир вароғида катта тарих бор. Мана, масалан, Мирхонднинг “Равзат ус-сафо”ни олайлик, у тарихий асар бўлиб, унда Муҳаммад пайғамбар, халифа ва подшолар сулоласи тарихи ҳақида баён этилган. Ёки шоир Мир Ҳайдар Хоразмийнинг “Меърожнома”сини айтайлик. Араб ва уйғур ёзувига асосланган туркий тилда битилган ушбу 84 саҳифалик қўлёзманинг 70 саҳифаси гўзал миниатюралардан иборат. Ушбу қўлёзмаларнинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Улар халқимизнинг маданий мероси ва бундан халқимиз баҳраманд бўлишга ҳақли. Бу хазиналар келажак авлод учун хизмат қилиши керак. Шу ишга бош-қош бўлганларга катта раҳмат.

Муниса АЛИЕВА

Фотограф: Омил ҲАКИМОВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1