1

Аёлнинг буржига қараб совға танланг

ДУНЁ 07.03.2014, 14:08
Аёлнинг буржига қараб совға танланг

“Қандай совға олсам экан?” Шу кунларда бу савол кўпчилик эркакларни ўйлантираётган бўлса ажабмас. Бу борада енгиллик яратиш мақсадида уларга аёлнинг буржига қараб танлаш мумкин бўлган совғалар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. Шундай экан, биз тавсия этамиз, танлаш ўзингизга ҳавола...

ҲАМАЛ

Бу бурж соҳибалари нима хоҳлаётганини аниқ биладиган аёллар сирасидан. Шу сабабли агар сизга мазкур бурж вакилаларидан туҳфа этилиши лозим бўлган совға ҳақидаги “коса тагида ним коса” қабилида фикр билдирилган бўлса, буни инобатга олинг. Агар совға олишга иккилансангиз, табиат, ўсимликлар олами ҳақида ёзилган китобларни ҳадя қилган маъқул. Бу тоифа аёллар уй ва ошхонадаги қулайликни ҳам яхши кўришади. Шу боис ошхонада унга вақти ва кучини тежашга ёрдам берадиган бирор жиҳозни сотиб олганингиз маъқул. Аммо унутманг: совға устидаги ўрам бежирим бўлиши лозим. Гулларга келадиган бўлсак, қизил хризантема дастасини тақдим қилиш айни муддао.

САВР

“Савр” хонимлар тилла буюмларни, турли бежирим тақинчоқларни хуш кўришади. Дил изҳорингизни айтиш учун ҳам ушбу байрам айни муддао. Шунингдек, байрам кунини мазмунли ўтказиш мақсадида сайлга бориш ҳам мумкин. Саврлар ҳамма нарсага улгуришни яхши кўришади. Шу сабабли сайл давомида дўкон айланишга ҳам вақтингиз бўлиши керак. Дўконни эса шунчаки айланиб бўлмайди, албатта бирор ўзига ёққан нарсани харид қилиши мумкин. Эътибор беринг, бу бурждаги аёллар бирор нарсани коллекция қилишни жуда яхши кўришади. Яқинда харид қилган кўйлакларига мос оёқ кийим ва сумка харид қилиш ҳам яхши фикр. Атир совға қилишни истасангиз, ўткир ҳидлиларини танламанг. Гуллар орасида қўнғироқгул, георгин кабилар уларга манзур бўлади.

ЖАВЗО

Бу бурж вакилаларига уйда инсон учун керак бўладиган ҳамма нарсани харид қилиш мумкин. Гулдон, кўриниши антиқа финжон, сурат, гулчамбар ва ҳоказо. Аммо ушбу совғаларнинг ранги ва шаклини танлашда “Жавзо” хонимларнинг дидидан келиб чиқиб танлаш мақсадга мувофиқ. Бинафша, астра, чиннигул каби гуллар совғангизга кўрк беради.

САРАТОН

Ёзнинг жазирамасида туғилган ушбу аёллар учун уларнинг латофати, гўзаллиги, нозиклигини ифодалаб турувчи ҳар қандай нарсани харид қилиш мумкин. Косметика маҳсулотлари, тақинчоқлар, бежирим шарф кабилар шулар жумласидан. Айтганча, ушбу аёлларнинг аксарияти кўк ва қора рангни хуш кўришади. Агар совға танлашга жуда ҳам қийналсангиз, чиройли фотоальбом, қўл меҳнати ёрдамида қилинган бирор нарса харид қилинг. Гуллардан гулсафсар, лилия ёки тувакда очилиб турган гулни туҳфа этсангиз, унга янада байрамона кайфият улашишингиз шубҳасиз.

АСАД

Бу тоифа аёллар ноодатий, ўзига хос, ҳеч кимда учрамайдиган совғаларни қабул қилишни яхши кўришади. Ўта сабрли аёллар сирасидан бўлганликлари учун ҳам уларга майда чокда тикиладиган суратли матолар, бисер ва мунчоқлар билан безатиладиган мато суратларни ҳадя қилиш ўринли. Аммо ёдингизда тутинг: сиз совға қиладиган нарса унинг эътиборини жалб қилиши шарт. Акс ҳолда совға уйнинг бир четида қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Атиргул, гладиолос гуллари бу бурж вакилларига ёқади. Гулдастадаги гуллар сони қанча кўп бўлса, уларга шунча манзур бўлади.

СУНБУЛА

Сунбула буржи вакилалари учун карьера жуда муҳим. Шу сабабли уларга қимматбаҳо буюмлар совға қилганингиз маъқул. Қимматбаҳо ручка, сумка, камёб китоблар, янги техник жиҳозлар, янги қўл телефони айни муддао. Бу аёллар ичида уй бекалари ҳам бор. Уларга уйда фойдаланиладиган техник жиҳоз сотиб олинг.     Сувга солиб қўйилган ҳолатда узоқ сақланадиган гуллар орасида атиргул, астра, бинафша каби гуллар уларга манзур бўлади.

МЕЗОН

Бу бурж вакилаларига совға қилишда бошқаларни ҳам ҳисобга олишингиз керак. Ажабланманг, улар бир ўзларига эмас, ҳаммага керак бўладиган, атрофдагиларга ҳам асқотадиган совғаларни ёқтиришади. Масалан, биллур қандил, гулдон, ошхона жиҳозлари тўплами ва ҳоказо. Гуллар орасида уларга пушти рангли атиргул, астра кабиларни харид қилишни маслаҳат берамиз.

АҚРАБ

Умуман олганда “Ақраб” хонимлар учун вақтни тежаб уларнинг кўркига кўрк қўшадиган ҳар қандай жиҳоз муносиб совға бўлиши аниқ. Спорт машғулотларини бажариш учун қўл келадиган тренажёрларни совға қилсангиз, ўзларини қўярга жой топа олишмаса керак. Пионгул, атиргул, лилия, ҳатто гуллари очилиб турган кактус ҳам уларга ёқади.

ҚАВС

Бу аёллар орасида дангалчилари ҳам жуда кўп. Камчилигингизни юзингизга айтадиган, дилидагини тилида акс эттирадиган бу аёлларга совғадан кўра унинг пулини бериб қўя қолганингиз ҳам маъқул. Агар пулга қўшиб пул солинадиган бежирим ҳамён совға қилсангиз, айни муддао. Бундан ташқари уларга турли концерт, тадбир, кино, театр кабиларга чипта совға қилишингиз ҳам мумкин. Қизиғи шундаки, бу бурж вакилларига исталган турдаги гулни совға қилиш хуш кайфият бағишлайди. Аммо гулдастадаги гуллар сони кўп, ўрами эса нафис бўлиши керак.

ЖАДИЙ

Мақсади сари доим олға интиладиган бу аёлларга ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайдиган бирор совға харид қилинг. Бошқалардан фарқли ўлароқ, сиз харид қиладиган совға айнан аёлларга хос бўлиши керак. Тўрли кўйлак, қимматбаҳо мўйна шулар жумласидандир. Лола гулидан гулдаста ясатиб совға қилсангиз, хурсандчилиги яна ҳам ошади.

ДАЛВ

Бу аёлларга шубҳасиз бирор янги чиққан техника воситасини совға қилинг. Масалан, электрон китоб, идиш ювадиган машина, хамир тайёрлайдиган техника воситаси ва ҳоказо. Вақт ва кучни тежайдиган ҳар қандай техник жиҳоз унинг қувончига сабаб бўлиши аниқ. Гуллар ичидан бўтакўз, оқ сирень, орхидея, лола кабиларни совға қилинг.

ҲУТ

Бу бурж вакилларига болаликни ёдга солувчи, беғубор совғаларни харид қилинг. Чунки уларнинг табиати, гарчи ёши улғайиб борсада, худди болаларникидек беғубор. Юмшоқ ўйинчоқлар, антиқа суратлар билан безатилган китоблар, турли ўйинлар, агар уйда балиқ боқиладиган бўлса, аквариум балиқлари улар учун муносиб совға. Лилия, қаймоқранг атиргул айни бурж соҳибаларига ёқиши аниқ. Аммо шуни ёдда тутинг: улар ўта ёрқин рангларни унчалик ёқтиришмайди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1