1

Асрларни доғда қолдирган момо

Рекорд 04.12.2017, 14:06
Асрларни доғда қолдирган момо

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги Қорақум қишлоғида яшовчиҲувайдо момо Умарова 2016 йил 121 баҳорни қаршилади.

Дунё — фоний. Алалхусус, инсон умри ҳам. Кимгадир узоқ, кимгадир эса қисқа... Умр карвонининг йўллари ҳам паст-баланд, ўнқир-чўнқир. Гоҳ сокинлик, гоҳо бўрону тўфонларга тўла.

100дан зиёд оила аъзолари жамланган файзли хонадоннинг тўрида бугун уч аср билан юзлашиб,қўр тўкиб ўтирган Ҳувайдо момонинг серажин юзлари-ю хира тортиб қолган кўзлари қаърида ҳам ҳаётнинг ана шу ҳақиқати акс этади.

Зиёрат баҳонасида қутлуғ ёшли момонинг табаррук қўлларини кўзларимизга суртиб, уни аста гапга тутамиз.

— Момо, мана 121 ёшга кирибсиз. Узоқ умр кўришнинг бирор сири борми? Бор бўлса, нимада?

— Билмадим болам. Билганим — инсон дунёга келганда умрини, ризқини Аллоҳ белгилаб, пешонасига ёзиб қўяркан. Узоқ яшашнинг сири ундоқ, бундоқ, дейишдан йироқман. Очин-тўқин, атала ичиб, зоғора еб, қора меҳнат билан катта бўлган­миз... Отам 100 ёшга, аммам 125 ёшга, тоғам 130 ёшга кириб вафот этишган. Узоқ яшаш ҳам авлоддан-авлодга ўтса керак-да...

— Айтишларича, ёшлигингизда жуда чиройлибўлган экансиз?..

— Ҳа, жуда келишган, сочим тақимимни ўпадиган қиз бўлганман. (кулиб) Ошиқларим ҳам кўп бўлган... Вақти келиб, ўзимизга ўхшаган оддийгина одамга турмушга чиққанман. У билан 20 йил бирга яшаб фарзанд кўрмадик. Кейин яхшиликча ажрашиб, мана шу фарзандларимнинг отасига турмушга чиқдим. 7 нафар фарзанд кўрдим. Агар тўнғичим Ҳошимжон ҳаёт бўлганида ҳозир 81 га кирган бўларди. Фарзандларим — Санобархон ҳозир 75 ёшда, Садбарой 70 да, Абдулқосим 68 да, Лобар 64 да, Шарофат 55 да, кенжам Тўрақул 53 ёшда... Ҳаммаси ували-жували. Худога шукр, 36 нафар неварам, 68 та чеварам бор. Эвараларимнинг нечталигини ҳам билмайман. Афсуски, раҳматли чолим бу кунларни кўролмай кетди.

— Бу яхши кунларга етиб келишнинг ўзи булмайди. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши инсониятнинг бошига не кунларни солмади. Шундайми?

— Э, қизим..., келинг, ўша кунларни эсламайлик. Номи ўчсин, урушнинг. У даврдаги очарчилик, қийинчилик кечагидек эсимда. Ҳамма эркаклар урушга кетган. Уларнинг ишларини биз аёллар бажарганмиз. Менга 9 гектар пахта майдонини “звено” қилиб беришган. Суғоришидан тортиб, йиғиб-териб олишгача ўзим бажарганман. Ана шу қора меҳнатларимиз эвазига кунига бир коса атала билан бир тўғрам нон беришарди. Қорнимиз чала тўйганига ҳам хурсанд бўлардик...

— Мана, пиру бадавлат момосиз. Тегрангиз тўла фарзанду набиралар... Ҳаммаси уйли-жойли. Ўз ҳаёт йўлини топиб олишган. Улардан кўнглингиз тўқ...

— ... Она учун фарзанди 80 га кирсаям бола бўлиб кўринаркан. Баъзан улар “у ишим қолиб кетди, буниси битмаяпти”, деб нолиб қолишади. Замонага шукр қилиб яша, биз кўрган қора кунларни сираям кўрманглар. Юрт тинчлигига, тўкин-сочинликка, бошимизда шундай одил пошшо турганига шукр қилинглар, деб тайинлайман. Шукр бор жойда барака, аҳиллик бўлади-да, болам.

— Орзу ва армонларингиз борми?

— Баъзида шу замонда туғилмаганимдан, ёшроқ бўлмаганимдан армон қиламан. Қаранг, шароитларни, меҳнат қилган одам пошшолардек яшайдиган замон. Дастурхонлар тўкин, серобчилик. Қишлоқда ҳеч ким дарвозасини тамбаламайди. Замон тинчлигидан бу. Доно юртбошимиз бутун бир юртни тинчлигини сақлаб, рози қилиб бошқариб боряпти. Бу ҳам бизга Яратганнинг мукофоти. Ҳозирги замонда энг бахтли ўғил-қизлар, аёллар яшаяпти. Шароитлар, эътибор ҳақида невара-чевараларимдан эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилади. Дуо қиламан. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин, болам.

Албатта асрларни доғда колдириб ҳамиша дуода яшаётган Ҳувайдо момо каби инсонлар бор экан, юртимизни ана шундай нуроний зотларнинг дуолари асрайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1