1

Лолани мухлиси судга бермоқчи

ШОУ-БИЗНЕС 11.03.2014, 11:23
Лолани мухлиси судга бермоқчи

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедовани чув тушириш учун унга қўнғироқ қилиб, интервьюга таклиф қилдик ва “Muloqot.uz” кафесида учрашишга келишиб олдик. Ҳеч гапдан хабари йўқ Лола Аҳмедова саволларимизга жиддий жавоб бера бошлади.

  • Лола опа, сиз илгарига қараганда анча қатъиятли аёлга айлангансиз...  Сиздаги бу ўзгаришнинг сабаби нима?  
  • Турмуш қурганингиздан сўнг ҳаётга жиддий қарашни бошлар экан киши. Балки елкамга оила ва санъат маъсулияти бирваракайига юклангани учундир ёки яқинларимга, фарзандимга алоҳида эътибор ва меҳр беришим кераклигини ҳис қилганим учундир.  Машҳур бўлсангизу, оилангизга тўкис эътибор-меҳр бера олмасангиз ҳам бўлмайди...

Кутилмаганда ёнимиздаги столда ўтирган йигит ёнимизга келиб гапга аралашди:  — Кечирасиз, мен ҳам битта савол берсам бўладими?

Камина: — Тушунмадим... Илтимос, бизга халақит берманг

Лола Аҳмедова: (ҳайрон бўлиб) — Бироз кейинроқ, суҳбатимиз охирида, майлими?

Йигит: — Суҳбат охиригача вақтим йўқ, кетишим керак. Мени бир дақиқа эшитинг...

Лола Аҳмедова йигитга юзланиб: — Майли, бир эшитиб кўрайлик.

Йигит: — Икки йил олдин не-не орзу-умидлар билан сизни тўйимга чақириш учун қўнғироқ қилганман. Шунда мен айтган нархга кўнмай, тўйга келмагансиз. Машҳур санъаткорларни тўйига чақиришга ҳамманинг ҳам имконияти етавермаслигини билмайсиз-да. (Лола Аҳмедова йигитни диққат билан тингласада, асабийлаша бошлади) Кечирасизу, лекин  ҳозириги санъаткорларда инсоф деган нарса қолмаяпти, шу гапларимни газетангизда ёзинг!

Лола Аҳмедова ўзини хотиржам тутишга уриниб: —   Шошманг, мен сизни тушундим. Ҳозир интервьюни тугатиб олайлик, кейин нима дардингиз бўлса айтасиз, бўладими?

Йигит (қизишиб): — Ёзмаганингизга қўймайман! Бекорчи гапларни ёзгандан кўра, ҳақиқатни ёзмайсизми? Халқ билсин шунақа гапларни...

Лола Аҳмедова:О-о-о, балки судга ҳам берарсиз? (захарханда кулади)

Камина: — Бўлди ёзамиз, дедим-ку? Энди бизни тинч қўйинг.

Йигит: — Қайси сонда ёзасиз, мен билишим керак.

Камина: — Лола опа, шу гаплар ростми? Уни танийсизми?

Лола Аҳмедова: — Йўғ-ей, танимайман! Энди ҳар хил одам бор-да. Келинг, суҳбатни давом эттирайлик. Сизга ёзамиз, дедик-ку, ёки тилхат ёзиб берайликми?

Суҳбатга халақит бермайлик деб кафенинг бошқа томонида ўтирган Лола Аҳмедованинг онаси  ва продюсери Дилбар Аҳмедова шовқинни эшитиб, югуриб келди

Дилбар Аҳмедова: — Ҳа, тинчликми?

Йигит: — Тинчлик, тинчлик, бўлган воқеани айтиб беряпман, журналистга.

Дилбар Аҳмедова: —  Халақит берманг! Кимсиз ўзи? Нима “проблема”? (жаҳли чиқа бошлади).

Лола Аҳмедова: — “Проблема” — биз тўйга бормапмиз!

Йигит: — Хотиним Лоланинг ашаддий мухлисаси эди. Тўйга Лола келади деб қўйгандим унга. Сал қолган, тўйим бузилишига (қизишиб қаттиқ-қаттиқ гапира бошлайди).

Дилбар Аҳмедова: — Шошманг, соғлигинигиз жойидами ўзи? (Каминага юзланиб) — Бу одамни сизлар чақирмаганмисизлар ишқилиб?

Камина: — Йўғ-е... Уни биринчи маротаба кўриб турибман.

Бошқа столда ўтирган хўранда йигитлардан бирининг жанжалдан жаҳли чиқиб гапга аралашганди икки ўртада жанжал бошланиб кетди.

Лола Аҳмедова уларнинг жанжалини ҳайрон бўлганча  кузатиб:   — Вой товба!..

Йигит: — Санъаткорман деб энди одамларни менсимаслик керакми? Бу нимаси?

Камина: — Кимдир бу одамни олиб чиқсин, илтимос...

Дилбар Аҳмедова: — Э, бу касал шекилли... (фотомухбирга юзланиб) Сиз нега расмга оляпсиз? Сизнинг одамингизми ёки?

Фотомухбир: — Йўғ-ей, биз журналистмиз, воқеа жойидан факт учун олиб қўйдим холос...

Лола Аҳмедова: — Манавини ўчириб турайлик (диктофонга ишора қилиб), юринг, кетдик интервьюни бошқа жойда қилармиз...

Жанжаллашган йигитлар бир-бирини судраб пастки қаватга тушиб кетишди.. Уларнинг важоҳатидан, Лоланинг ранги оқарди, ўзини ёмон ҳис қила бошлаганини кўриб, ҳазилни шу жойда тўхтаишга қарор қилдик.  

Камина: — Тўхтанглар! Бу шунчаки байрам ҳазили эди. Сиз “Чув тушди”нгиз, Лола опа!

Лола билан онаси аввалига ҳайратдан қотиб қолишди, кейин эса хайрият-ей, деб кулиб юборишди.

Фикрлар:

Лола Аҳмедова:

— Аввалига ҳайрон бўлдим, кейин қўрқиб кетдим. Тавба, шунақа ҳам ҳазил қиласизларми? (кулади). 

Лоланинг онаси:

— Сал қолди у болани уриб юборишимга. Яхшиямки, бу ҳазил дедингиз бўлмаса... (кулади).

Шундай қилиб, байрам арафасида жиддий, камгап Лола Аҳмедовани чув туширишга ва кулдиришга муваффақ бўлдик.

                                                                          Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА  тайёрлади

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1