1

“Хонадон эгаси” муҳокамаси ҳамда бугуннинг киносига қўйилаётган қаттиқ талаблар хусусида

ШОУ-БИЗНЕС 14.03.2014, 16:02
“Хонадон эгаси” муҳокамаси ҳамда бугуннинг киносига қўйилаётган қаттиқ талаблар хусусида

13 март куни Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига кўра “Ўзбекфильм” киностудиясида тасвирга олинган “Хонадон эгаси” бадиий фильмининг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун премьераолди намойиши  ва унинг ижодкорларии иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг матбуот хизмати ходими Фахриддин Низомовнинг хабар беришича, кейинги йилларда агентлик буюртмаси билан тасвирга олинаётган тўлиқ ва қисқа метражли бадиий, анимацион ва ҳужжатли фильмларга ҳам, нодавлат киностудияларида тасвирга олинаётган фильмларга ҳам “Ўзбеккино”  қошидаги Бадиий кенгаш ва Эксперт баҳолаш комиссияси талабни қаттиқ қўяётганини қайд этди.

Унинг фикрича, Бадиий кенгаш ва Эксперт баҳолаш комиссияси сценарийлар ишлаб чиқаришга тавсия этилишидан олдин сифатли тайёрланишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки фильмнинг яхши чиқиши аввало пухта сценарийга боғлиқ. Сўнгги ойларда катта экранга чиқаётган фильмларнинг савияси бадиий-ғоявий жиҳатдан пухта бўлиши устида иш олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, агентлик буюртмаси билан тасвирга олинаётган бадиий фильмларнинг намойишидан тушаётган ялпи даромад ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, 2011 йилда республика бўйича агентлик буюртмаси билан тасвирга олинган фильмлар намойишидан тушган ялпи даромад 2 миллиард 300 миллион сўм, 2012 йилда 2 миллиард 600 миллион сўм бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2013 йилда 3 миллиард 650 миллион сўмга етди. Биргина шу йилнинг 1 мартидан катта экранга чиққан  “Кўргим келади” бадиий фильмини А.Навоий номидаги кино саройи ва Киночилар уйида 15 мингдан ошиқ томошабин келиб кўрди. Фильм яна Тошкент шаҳридаги “Азия-Синема” кинотеатри ва “Мегапланет” савдо мажмуаси кинозалида ҳам намойиш этилаётганию барча вилоятларда намойиш этилишини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич янада юқори бўлиши шубҳасиз.

Айни  пайтда агентликда ягона кинопрокат тизимини яратиш ва республиканинг барча вилояту туманлари аҳолисини имкон қадар кўпроқ қамраб олиш устида иш олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад томошабинга сифатли, бадий жиҳатдан пухта фильмларни етказиб беришдир.

Матбуот конференциясида “Хонадон эгаси” фильми сценарийси муаллифи, таниқли ёзувчи Эркин Аъзам, постановкачи режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, актёрлар Ёқуб Аҳмедов, Хайрулла Саъдиев, Раъно Шодиева, Фатҳулла Маъсудов ва бошқа ижодкорлар уни тасвирга олиш жараёни ва бугунги глобаллашув жараёнида оила қадриятларини асраш  зарурияти тўғрисида сўзлаб берди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Фильмда нуроний, донишманд отахоннинг ўз оиласида тотувликни сақлаш, муҳтож инсонларга кўмак бериш, набираларига тўғри тарбия бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида қизиқарли, таъсирчан йўсинда ҳикоя қилинади.

Хонадон бошлиғи, уста Зуҳриддин пенсия ёшидан ошиб кетганию ногиронлигига қарамай, тиниб-тинчимайди – сават тўқиб, оғайниси Афзал чаққоннинг ёрдами билан бозорга чиқариб туради. Лекин у бошлиқ хонадон ўзи истагандай тинч эмас. Турмушга чиққан қизи Латофат ҳам уйи йўқлиги сабабли бир ўғли билан уникида яшайди. Мўмай пул топаётган ўртанча ўғил Наримон учун ака-укасини менсимай қўяди. Аста-секин фарзандлар ўртасида гап қоча бошлайди, ота эса уларни муросага келтириш билан овора...

Фильм премьераси 2014 йил 19 март  куни Алишер Навоий номидаги кино саройи ва Киночилар уйида бўлиб ўтади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1