Ёзувчи ва шоирлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Муҳаммад Юсуфнинг оила аъзолари, шогирдлари, ижодкор ёшлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этган тадбирда миллий адабиётимизни ривожлантириш, китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, ижод аҳлига муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасини абадийлаштириш, ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишларолиб борилмоқда.

Президентимиз жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоят марказида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш, ёшларга унинг ижодини, ўзбек адабиётининг янги қирраларини чуқур ўргатиш, истеъдодли ижодкорларни тарбиялаш юзасидан топшириқлар берган эди.
Давлатимиз раҳбарининг таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 июлда «Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Замонавий ўзбек адабиётининг атоқли вакили Муҳаммад Юсуф халқ дардини оддий ва равон тилда куйлади, ватанпарварлик, гўзаллик, муҳаббат ва садоқатни ўзигагина хос бетакрор усулда тараннум этди. Шоир бугун орамизда бўлмаса-да, халқимиз ўзининг ардоқли фарзандини асло унутгани йўқ. Унинг номи, ижоди тилларда достон, асарлари минглаб қалбларга қувонч, самимият, гўзаллик улашмоқда, шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ҳамон севиб тингланмоқда.
Андижон шаҳрининг Амир Темур кўчасида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбон барпо этилиши шоир хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишлардан бир мисол, холос.
Мактаб ва хиёбон “Азимут строй” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа вақтда бунёд этилди. Қурилиш ва бунёдкорлик ишлари учун 2 миллиард 648 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, ҳайкалтарош Шоҳрухбек Ўрозов томонидан яратилган бюст, шунингдек, иккита фаввора, манзарали гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилган мазкур хиёбон Андижон шаҳрининг кўркига-кўрк қўшиш билан бирга, ёш ижодкорларни тарбиялайдиган зиё масканига айланиши шубҳасиз.
– Жорий ўқув йилида мактабимизда 150 га яқин ёш таҳсил олмоқда, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб директори Ш.Нурматова. – Билим даргоҳимизда умумтаълим фанлари билан бирга, адабиёт ва бадиий ижод борасида пухта билим олиш учун зарур шароитлар яратилган.
Тадбир иштирокчилари мактабда ташкил этилган Муҳаммад Юсуф музейи, шоир ижодига бағишланган очиқ дарс, Муҳаммад Юсуф издошлари адабиёт тўгараги фаолияти билан танишди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.






