Аввал маълум қилинганидек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралда қабул қилинган ПҚ-2796-сонли қарорига мувофиқ, жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигида Идоралараро комиссиялар тузилган ва ушбу комиссиянинг ишчи органи сифатида Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органлари бириктирилган.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган хатлов натижасида 278 та аввал хусусийлаштирилган ва бугунги кунда бўш турган объектлар аниқланган бўлиб улар қаторида Китоб туманидаги собиқ “Ип йигирув”, Косон туманидаги “Консерва заводи”, Қамаши туманидаги “Паррандачилик фабрикаси” ва Қарши шаҳридаги “КОРМЗ”, “Пиво завод”, “Муборак тайёрлов садо” Муборак туманидаги, Шаҳрисабз шаҳридаги “Кумуш” АЖ каби йириккорхоналар мавжуд.
Вилоятдаги бўш турган объектларнинг 215 таси негизида инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган ва ушбу лойиҳалар бўш турган корхоналарни фаолиятини қайта ташкил қилишда туртки бўлмоқда. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш доирасида 151,0 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ва 1 908 мингта янги иш ўринлари яратилиши кўзланган.
Бугунга қадар вилоятдаги 5 та корхона фаолияти қайта тикланиб, 100 тага яқин қўшимча ишчи ўринлари барпо этилди. Мазкур корхоналарни ишга тушириш учун 4,0 млрд. сўмлик сармоялар киритилди.
Жумладан, Косон туманидаги “Бунйодкор текстил”, “Косон тоғ қурилиш” корхонасига, Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз-35”, Яккабоғ туманидаги “Яккабоғ шароб консерва” корхонасининг фойдаланилмасдан турган бино-иншоотлари негизида замонавий хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объектлари ишга тушди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
23 февралдаги ПҚ-2796-сонли қарорига мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни таъминламаган, шунингдек инвестиция лойиҳаларини ўз муддатида амалга оширмаган мулкдорларга нисбатан таъсир чоралари қўлланади.
Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 18 апрелдаги 5016-сонли Фармонига асосан, Давлат рақобат қўмитасига давлат органлари ва бошқа идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилган бўлиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган аввал хусусийлаштирилган объектларнинг мулкдорлари дуч келган тўсиқ ёки муаммолар юзасидан (8-371) 259-20-23, 259-20-53, 259-21-26, 259-22-07, телефон рақамларига мурожаат қилиши мумкин.
13.12.2017 17:01
ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДАГИ ФАОЛИЯТСИЗ КОРХОНАЛАР ТИКЛАНМОҚДА






