АсосийJamiyat

​«ҲИММАТИ БЎЛСА БИР ЗЎР АРСЛОНЧА БОР»

'​«ҲИММАТИ БЎЛСА БИР ЗЎР АРСЛОНЧА БОР»'ning rasmi

«Бу янглиғ йигитлар ҳар ишда чирой
Мисоли чироққа ёғду берган мой».
Юсуф Хос Ҳожиб, «Қутадғу билиг» («Саодатга элтувчи билим»)

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси, Қуролли Кучлар жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун бир гуруҳ Ватан ҳимоячилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар. 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги байрами тантаналарида юртимизнинг ана шу фидокор фарзандларига давлат мукофотлари тантанали тарзда топширилди. Улардан бири «Жасорат» медали соҳиби подполковник Қодиржон Турсунов марду майдон ўғлонларга насиб этадиган Ватанимизнинг юксак мукофоти – II даражали «Шон-шараф» орденини мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев қўлидан олиш бахтига сазовор бўлди.

Биз сув ичган дарёлар

Жом қишлоғи Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида жойлашган. Пойтахт томон элтувчи асосий йўлларнинг бири шу қишлоқ орқали ўтади. Подполковник Қодиржон Турсунов шу ерда туғилиб ўсган. Шердил йигитнинг шараф йўллари шу ердан бошланган. Маърифатли боболари, камтарин устозлари, кайвони онаси ҳақида меҳр билан сўзлаганида ўзининг фидойиликка тўлиб-тошган қалби ҳам сўзларида акс этади:

– Жом катта қишлоқ. Бу ерда юртнинг кўп довруқли кишилари ўтган. Боболарим манзил-макон қурган, қўлимга илк марта қалам туттирган устозим Қаршибой муаллимнинг сўнгги манзили, бу замин мен учун ғоят қадрли, табаррук. Отамнинг амакилари, бобом – Бурҳон Турсунов ўз даврининг етук маърифатчиси бўлган. Самарқанд давлат университетида атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов билан бирга таҳсил олишган, бир уйда яшаганлар. Бу икки инсоннинг бир-бирларига ёзган мактублари сақланиб қолган. Бобом яхшигина шеърлар, жанговар очерклар ёзган. 1942 йил «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган. 1945 йили ҳалок бўлган. Узоқ йиллар давомида 9 май куни у кишини хотирлаш учун узоқ ўлкалардан сафдошлари келиб турарди. Хонадонимиз маърифат ўчоғи бўлган десам муболаға бўлмайди. Ўша олис йилларда халқимизнинг ардоқли шоирлари Зулфия, Ғафур Ғулом бу ерда меҳмон бўлганлар. Зиёли, маърифатли инсонлар йиғилиб, китобхонлик кечалари ташкил қилинган. Китобга, мутолаага меҳрим ўша кечаларнинг маҳсулидир. Отам узоқ йиллар эл хизматида бўлдилар. Ҳамон Сўфи Оллоёрни мутолаа қилишни қўймайдилар, баъзан ёд ўқийдилар. Онам ўзига тўқ хонадоннинг қизи бўлганлар. Узоқ йиллар мактаб кутубхонасида ишладилар. Элнинг кайвониси. Қайнона-келин, қўни-қўшни ўртасида келишмовчилик юз бергудек бўлса, бир-икки оғиз гап билан ҳаммани муросага келтириб қўядилар.

Отамнинг акалари – Нурилло бобом шўро даврида вақти-вақти билан ҳарбий тайёргарликдан ўтиб турардилар. Шарафли касбни танлашимга ҳам бобомнинг ҳарбийлар ҳақидаги суҳбатлари сабаб бўлган. У киши сабаб ҳарбийликка ҳавасим, меҳрим ортган. Бобомнинг айтишларига кўра бу касбга мен жуда муносиб эканман. Болаликдан кураш тушиб катта бўлганман, тўйлар, байрам-сайилларда, мусобақаларда. Мени севимли устозим – Шавқи муаллим кўп қўллаб-қувватлардилар. У кишига меҳримиз ҳеч сўнмайди. Мен ҳамиша боболаримга, отамга муносиб ўғил бўлишга интилдим. Улар ҳалоллик, поклик, садоқат билан эл хизматида бўлдилар. Мен учун Ватан хизмати, Ватан ҳимояси шарафдир.

Эрйигитнинг зийнати

«Лашкарга бош бўлиш – оғир иш. Ахир у ёв билан юзма-юз туради. Шунинг учун йигитлар орасидан сара, мард ва кучли, мерган ва саховатли кишини ажратиш лозим… Унинг ёнига йиғилган баҳодир, ботирлар жонларини фидо этиб, тоғ қояларида ётган чоғларида ўз бошлиқларидан ўрнак олишади. Билим, эс-ҳушлилик, алпзўрлик ва жасорат – уларнинг зийнати».
Юсуф Хос Ҳожиб, «Қутадғу билиг» («Саодатга элтувчи билим»)

Қодиржон 2000 йили Самарқанд олий ҳарбий автомобиль муҳандислик қўмондонлик билим юртини тамомлаган. Орадан олти йил ўтмай, яъни 2006 йилда давлатимизнинг юксак мукофоти – «Жасорат» медали билан тақдирланди. «Мен ҳамиша биринчи бўлишим керак, иккинчи бўлиш мени қониқтирмайди», – дейди у.

Дарҳақиқат, унинг хизмат фаолиятига назар ташласангиз иш билан сўз бирлигига амин бўласиз. У «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг республика босқичида «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор взвод командири» номинациялари ғолиби бўлди. Айниқса, 2011, 2012, 2013 йилларда кетма-кет «Энг илғор батальон командири» номинацияси ғолиби бўлганига қойил қолса арзийди.

Қодиржон Турсунов икки йил ҳарбий қисмга командирлик қилди. Ана шу қисқа даврда ҳарбий жамоа энг илғор жамоалар қаторидан жой олди.

Юксак жанговар шайликнинг асоси мустаҳкам интизомдир, – дейди подполковник Қодиржон Турсунов. – Буйруққа ҳамма бўйсунади. Бироқ, инсон онгли мавжудот. У буйруқни кўр-кўрона эмас, юксак онг билан бажариши лозим. Бунинг учун юракда садоқат, ватанпарварлик туйғулари жўш урмоғи керак. Мен қўл остимда хизмат қилаётган аскарларнинг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиб, уларни тинглашга, англашга ҳаракат қиламан. Шунда ўртада ишонч пайдо бўлади. Ишончли аскарлар билан жамоа кучли бўлади.

Ҳа, у бошқарган жамоа ҳамиша кучли бўлган. Округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари сифатида бугун унинг масъулияти янада ошган.

«Сени дўст билганлар билмасин ғамни»

«Кимки бўлса асли отадан тоза, Элига наф берар у беандоза».
Юсуф Хос Ҳожиб, «Қутадғу билиг».

…телевизор қаршисида ўтирган отанинг ҳаяжондан қалби юмшади. Кўзларидан севинч ёшлари оқди. Пичирлагандек шукроналик келтирди. Хаёлан 64 йиллик умрини сарҳисоб қилди. Ва айни шу лаҳзанинг тенгсиз саодатини туйди. Қаҳрамон ўғли қўнғироқ қилганида ҳаяжонини боса олмай, тўлқинланиб, деди: «Қодиржон, энди ўлсам ҳам армоним йўқ…»

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган байрам тантанаси тугар-тугамас юртнинг турли чеккаларидан (қариндошлар, дўстлар) отани қутлаш учун тинимсиз қўнғироқлар бошланди. Аслида Ватанимизнинг юксак мукофоти – II даражали «Шон-шараф» ордени билан ўғил, яъни подполковник Қодиржон Турсунов тақдирланган эди.

– Бу хабардан ҳамон осмондаман, ерда йўқман, – дейди Абдипатто Турсунов. – Қодиржоним халқ қаршисида, Президентимиз ҳузурида сўз айтди. Ўша куни севинганимдан тонгга қадар мижжа қоқмадим, Жомнинг йигирма мингдан зиёд аҳолиси қувончимизга шерик бўлди. Мени ҳамон қутлашяпти. Қодиржоним соғ бўлсин, улкан ва савобли ишларнинг бошида турган муҳтарам Президентимизнинг белларига қувват, кўзларига нурни Аллоҳ зиёда қилсин! 1973 йилдан бошлаб тутган кундалигимда Абдурашид Ўрозовнинг мана бу мисраларини ёзиб қўйганман, мақолангизда албатта шуни кўрсатинг:

Яшасанг шундайин Ватанда яша,
Нурли юзларингга қўнмасин ғубор.
Дўстларинг пойига тўша гулларни,
Сени дўст билганлар билмасин ғамни.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар