Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистоннинг янги ривожланиш босқичида давлат ва жамият ўртасида ижтимоий мулоқотни таъминлашда ОАВнинг ўрни” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, маҳаллий экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ЎзЭОАВМАга аъзо нодавлат телерадиостанциялар директорлари, ижодий ва техник ходимлари, шунингдек, ОАВ ҳамда йирик реклама агентликлари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов кириш сўзи билан очиб, ҳар бир ОАВнинг ҳақиқий мулоқот майданига, фикрларни эркин ифодалаш минбарига айлантириш лозимлигини қайд этиб, бу борада бугунги кунда ассоциация томонидан ўтиб бораётган йилда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова сўзга чиқиб, ОАВ фикрларни эркин ифодалаш минабари ва фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлашда муҳим восита эканлигини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси раиси Акмал Саидов, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев, Буюк Британия бирлашган қироллиги ва Шимолий Ирландиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан, ЕХҲТнинг Ўзбекиистондаги лойиҳалари координатори Жон Мак Грегор, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Юлия Олейник ва бошқалар сўзга чиқиб, оммавий ахборот воситалари фаолиятида сон кўрсаткичларини босқичма-босқич сифат кўрсаткичларига айлантириш, хусусан, ОАВни чин маънода “тўртинчи ҳокимият” даражасига олиб чиқиш кераклиги бу борада ЎзЭОАВМА билан кейинги босқичларда ҳамкорликка тайёр эканликларини қайд этишди.

Тадбирда маърузалар давомида тақдимот ва видеороликлар намойиш этилди.

Конференциянинг иккинчи сессиясида нодавлат телерадиостанциялар медиа-контенти ва ижодий салоҳияти, бундан ташқари, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашнинг янги усуллари ҳамда медиа-бозорнинг ўзини-ўзи бошқариш йўналишлари бўйича тақдимотлар бўлиб ўтди.






