Қалтис саволларга дангал жавоб берадиган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила РАҲИМОВАнинг фикрлари барчага бирдек қизиқ бўлса, ажабмас...
— Ҳосила опа, сўнгги бир ой давомида интернет “юлдузи”га айландингиз. Сизни бу қадар “машҳур” қилган тўйдаги рақсингизни ўзингиз “саҳналаштирганмисиз”?
— Пичингингизни тушундим, лекин интернет “юлдузи” бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди (кулади). Концертимга мунтазам келадиган мухлисларим яхши билади, саҳнада “ёнаман”, шўхлигимни рақсдаги шижоатим билан чиқараман. Халқ орасида “санъаткорни жини тутди”, деган гап бор-ку. Шу маънода фольклор чегара билмайди! Тўйда бир бурчакка бекиниб, ҳаракатларимни видеога олиб, “Ҳосила ичиб олибди”, деган гапларни тарқатган “мухлисим” концертда бундан-да юқори шижоат билан рақсга тушишимни билмаслиги аниқ. Видеони тарқатган одам ўзимга мурожаат қилганида, керак бўлса, қон таҳлилларим орқали ичмаганимни исботлаган бўлардим.
Бу рақсимда беҳаё қилиқлар йўқ, очиқ-сочиқ либосда ҳам эмасман. Тўғри, беўхшов ҳаракат бўлиши мумкин. Лекин рақсларимдан уялмайман! Ўша мухлисим ўзимга мурожаат қилса, концерт дастуримга бепул чипта берардим ва концертда тўйдагидан юз карра кўпроқ шижоат билан рақсга тушишимга амин бўларди. Халқдан олган энергиямни халққа қайтараман, холос.
— “Истиқлол” санъат саройида тўлиқ жонли ижрода концерт беролмайдиган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова халқ хизматларида ҳам фонограммадан фойдаланадими, йўқса, шахт билан рақсга тушолмасдингиз?
— Тўлиқ жонли ижрода концерт бермаслигимни тан оламан ва бундан уялмайман ҳам. Мақом қўшиқларимнигина жонли ижрода куйлайман. Қолган “блок”ларда фонограммадан фойдаланишимнинг боиси мухлисларим билан тенгма-тенг рақсга тушишни истайман. Хонанданинг мухлис шижоатига сусткашлик билан жавоб қайтаришга ҳаққи йўқ. Ҳақсиз, халқ хизматларида ҳам фольклор қўшиқларимни фонограммада куйлайман, лекин мақом бундан мустасно.

— Нега доим тўйлар билан “машҳур” бўласиз, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
— Сакраб рақсга тушганим, югурганим каби яна шундай видеолар тарқалса, ҳайратланмайман. Ҳосила Раҳимованинг мухлислари ҳам ҳайрон бўлишмайди. Бу рақслар шунчаки фольклор ва мухлислардан завқланиш ҳисси, холос.
— Тўйларимизда турк, араб, форс, рус, инглизча қўшиқлар куйланади. Ўзбекнинг тўйида ўзбекча қўшиқларга вақт етмайди, эшитишга хоҳиш ҳам йўқ. Профессионал санъаткор сифатида ғашингиз келмайдими?
— Мухлиснинг талаби доим биринчи ўринда. Балки тўйга келган меҳмон бошқа тилда куйланиб, “хит”га айланган қўшиққа рақс тушгиси келар. Агар мендан ҳам сўрашса, бошқа тилдаги қўшиқни куйлаб бераман. Санъаткор сифатида бу ғашимга тегмайди. Туркча “Оф-оф” қўшиғини куйлаганимда, туркиянинг “ТРТ” телеканали ижодкорлари “тўғри талаффузда куйлабсиз!” дея шу қўшиққа ўзлари клип ҳам суратга олиб беришган. Баъзи хонандаларга ўхшаб, ўз репертуари йўқ хонанда эмасман. Муаллифлик қўшиқлари йўқ, бироқ тўйма-тўй юрадиган ҳаваскорларга маслаҳатим — ўз “мен”ингизни топинг, ўзингиз ижод қилинг!
— Профессионал хонанда сифатида ижодингиз ўзингизни 100 фоиз қониқтиряптими?
— Йўқ! Боиси ҳали фольклор йўналишида куйлашим керак бўлган қўшиқлар талайгина. Чекка-чекка қишлоқларга борганимда, момолардан сўраб ўрганиб, замонавий сайқал бериб, мухлисларга тақдим қиламан. Шундай экан, ҳали ижоднинг чўққисига чиққанимча йўқ.

— Мақом йўналишида ҳам таҳсил олгансиз. Бироқ бу йўналишда ижод қилиб, мақомнинг ривожига ҳисса қўшмаётганингизга нима сабаб?
— Ҳақсиз, мақом йўналишида ҳам таҳсил олганман. Лекин “бу йўналишда ижод қилмаяпсиз”, дейишингиз ноўрин. 2004 йилги концерт дастуримдан бошлаб, шу кунгача уч ё тўртта мақомни жонли ижрода куйлашни анъанага айлантирганман. Тўғри, авваллари бу йўналишда мусиқий клип суратга олиб, эфирга берардим. Кейинчалик клип суратга олиш ва уни телеканалларда “айлантириш” катта маблағни талаб қиладиган бўлди. Шу боис асосий эътиборни фақат фольклор йўналишдаги қўшиқларимга қаратганман. Бироқ мақом йўналишдаги қўшиқларим радиоларда янграб туради. Шунингдек, "Ютуб"даги шахсий каналимга ҳам бу йўналишдаги клипларим жойланган. Айтишим жоиз, халқ хизматларида ҳеч бўлмаса, бешта мақомни жонли ижрода куйлайман.
— Унвон олган хонанда билан ҳаваскорларнинг битта давра ва саҳнада туриши ёшларни устоз санъаткорлар даражасига етишга бўлган интилишини тўйинтириб қўймайдими?
— Икковининг бир саҳнада туриши қайсидир маънода ноўрин ва адолатсизликдир. Лекин танганинг иккинчи тарафини олсак, ёшлар унвон олган санъаткорлар билан битта даврада бўлса, ўрнак олади, нималарнидир ўрганади. Кези келса, танбеҳ эшитади. Бу эса ёшларнинг юксакларга парвоз қилишига замин бўлади. Битта саҳнада туришга ҳали эрта ё фалон қўшиғинг талабга жавоб бермайди, деган ноўрин танқид ёшларнинг иштиёқини сўндириб қўйиши мумкин. Ёш ниҳолларни “синдириб”, санъатимизни эртанги ўлмас асарлар муаллифларидан маҳрум қилмайлик. Президентимизнинг унвон ҳақидаги фикрлари ҳам ёшларни тиришқоқлик билан ишлашига туртки бўлади ва “унвон олдим-ку, бўлди”, деган дангасаликдан ҳам халос қилади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.






