АсосийShou-biznes

БЕҲЗОД МУҲАММАДКАРИМОВ: "МЕНИНГ РОЛИМГА БОШҚА ОВОЗ БЕРСА, СУДГА БЕРАМАН!"

'БЕҲЗОД МУҲАММАДКАРИМОВ: "МЕНИНГ РОЛИМГА БОШҚА ОВОЗ БЕРСА, СУДГА БЕРАМАН!"'ning rasmi

Лойиҳанинг галдаги­ меҳмони Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри, дубляж соҳасида ўттиз йилдан буён самарали ижод қилиб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод МУҲАММАДКАРИМОВ. Англаганингиздек, “Очиқ хат” дубляж соҳасидаги камчиликлар хусусида…

“1990 ЙИЛИ СИНХРОН ДУБЛЯЖ ИНҚИРОЗГА УЧРАДИ”

— Ёдимда, институтни тамомлаганимдан буён ҳар куни дубляжга борганман. Дубляж қироллари Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Тўлқин Тожиев, Обид Юнусов, Ёқуб Аҳмедовларнинг ишини ёнида жим ўтириб, эрталабдан кечгача диққат билан кузатардик. Гоҳида салом бериб ўтиб кетадиган қаҳрамонларга овоз берардик, оммавий саҳналарни овозлаштиришда иштирок этардик. Устозлар билан ёнма-ён бўлиш биз учун катта "мактаб" бўлган. Ҳозирги ёшларга ҳам шундай бахт ва "мактаб" вазифасини ўтайдиган имкониятни тақдим қилиш керак.

1988 йили раҳматли режиссёр Ҳотам Файзиев реал воқеаларга асосланган “Оқ бино оқшомлари” фильмини суратга олиш ишларини бошлаган ва томошабин реал воқеаларга асосланган кинокартинани тўлалигича қабул қилиши учун янги чеҳраларни йиғган. Натижада илк бор фотосиновдан киносиновгача етиб борганман. Овоз бериш жараёни келганида режиссёр “Сенга ким овоз берсин?” деб сўраган. Шунда “Менга кимдир овоз берса, ҳаммани судга бераман! Неча йиллардан буён бу имкониятни кутиб юрибман, ахир”, дея ўзимга-ўзим овоз берганман. У вақтларда актёрнинг рухсатисиз унинг қаҳрамонига бошқа актёр овоз берса, судга бериш мумкин эди. Қисқаси, овоз берганимнинг эртасига учта дубляж студиясида талаш бўлганман (кулади). Шу тариқа дубляждаги фаолиятимни айнан соф дубляждан бошлаганман, устозим Мукамбар Раҳимова.

Аввалги синхрон дубляж, бу — ҳақиқий профессионал дубляж эди. Боиси овозлаштирилаётган фильм ё сериалнинг нусхаси яратиларди. Шу боис ҳам соф дубляжда экрандаги қаҳрамонга қолипдек тушадиган овоз қидириларди. Қолаверса, фильмда қанча қаҳрамон бўлса, овозлаштириш учун худди шунча актёр жалб этилган. Қатор репетициялардан сўнггина овозлаштиришга ўтиларди. 1990 йили ушбу дубляж инқирозга учради ва бу соҳа телевидениега кўчди. Телевидение дубляжи дубляж эмас! Бу — кадр ортидан синхрон таржима, у ерда актёрнинг олдида мутлақо бошқа вазифа туради. Шунинг учун битта фильмдаги барча эркак ё аёл қаҳрамонларга овози тушадиган, томошабиннинг жиғига тегмайдиган — “нейтрал”, универсал махсус овоз талаб этилади. Бугун тўртта актёр фильмдаги барча қаҳрамонларга овоз беради. Бироқ кадр ортидан синхрон таржима аввалги синхрон дубляжга нисбатан қийин иш. Масалан, битта фильмда ўн бешта қаҳрамонга овоз бераман. Устига-устак, ёши ҳам, феъл-атвори ҳам бир хил қаҳрамонлар чиқиб қолади. Уларни бир-биридан ажратиш жуда мушкул иш. Сўз исботи билан бўлсин, “Кўсем” сериалидаги қаҳрамонлар — султон Аҳмад ва Искандар тенгдош, феъл-атвори ҳам фарқ қилмайди. Дубляж режиссёримиз Баҳодир Қосимов иккаласини ажратишни талаб қилади. Искандарни жайдари, султон Аҳмадни вазминроқ қилиб олдим.

Бугунги дубляжда қўлингизга матнни олишингиз билан битта уринишда овозлаштириш керак. Тезкор замонда дубляж ҳам шиддаткорликни талаб қиляпти. Тезкор дубляж аслида дубляж пойдеворини емиряпти... Россия фильмларини ҳали-ҳануз синхрон дубляж қилади, биз эса уддасидан чиқолмаяпмиз. Вақт ва маблағ муаммоси сабаб шундай ишлашга мажбур бўляпмиз...

Ҳужжатли фильмларни овозлаштиришда туни билан ухламаганим боис гоҳида хаёлим қочади. Шундай вақтларда ўзимга-ўзим “нима қиляпсан?” дейман... Дубляж актёрлари ҳар қандай шароит­дан чиқишга мажбурмиз.

“ЁШЛАРНИ ДУБЛЯЖГА ОЛИБ БОРОЛМАЁТГАНИМДАН УЯЛАМАН”

— Дубляж режиссёрларининг катта хатоси универсал овозли саноқли актёрларгагина мурожаат қилади. Аслида ёшларни ҳам жалб қилиш, ўргатиш керак. Шахсан ўзим театримиздаги иқтидорли ёшларни дубляж режиссёрларига тавсия қилиб, маълумотларини ёздириб ҳам қўйганман. Чунки дубляжда биздан кейин издошлар қолишини истайман. Лекин “Ўзтеле­радиокомпания”га кириб-чиқиш талаблари қатъий бўлгани боис, ёшлар ҳозирча дубляжга бора олишмаяпти. Очиғи, ёшларни дубляжга олиб боролмаётганимдан ўзим уяламан. Овозимиз универсал бўлгани учун Афзал Рафиқов, Ойбарчин Бакирова, Ноила Тошкенбоева,­ Маҳмуд Исмоилов, Барно Қодирова, Боир Холмирзаев, Санжар Саъдуллаев, Фатҳулла Масъудов, Зулхумор Мўминова, Дилдора Рустамова, Моҳира Нурматова, Элёр Мирзоҳидов, Дилдора Бекжонова ва менгина ишлай оляпмиз. Қолаверса, бугунги кундаги ўзбек фильм­ларига тасодифан ё қизиқиши туфайли келиб қолган “актёрлар”нинг “ижроси”ни катта экранларда дубляж актёрлари маҳорати туфайлигина томошабин “зўр ўйнабди”, дея кўряпти. Аслида у фильмларда дуб­ляж актёрлари роль ижро этяпти! Кўплаб актёрларни дубляжда ишлашга сабри, асаби чидамайди. Масалан, ҳам­касбим Тоҳир Саидовнинг зўр овози бор, лекин “дуб­ляжда ишлаш менга эмас, тоқатим етмайди!” деб очиқча айтади.

Асли дубляжнинг услублари ўзгаргани боис ҳам соф дуб­ляжнинг “мактаб”и йўқолиб кетган. Дубляж ривожига тўсиқ бўлаётган камчилик­ларни бартараф этиш учун балки аввалги соф дубляжни тик­лаб, “Ўзбекфильм” қошига қайтариш, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият инс­титутида дубляждан дарслар қўйилса, айнан дубляж актёрлари дарс берса, натижа бўй кўрсатармиди?.. Шунда дубляж режиссёрлари исталган актёрини чақириш имкониятига эга бўлар ва сифат кўрсатгичи ошарди.

“ОВОЗНИ ИШЛАТИШ УЧУН “ЮРАК” КЕРАК”

— Синхрон дубляжда ишлаган кўпгина актёрлар рус актёрларини ўзбек тилида “гапиртиролган”. Масалан, дубляж актёрлари Воҳид Қодиров рус актёри Евгений Леоновни, Диас Раҳматов рус актёри Георгий Вицинни ўзбек тилида “гапиртиришган”. Леонов ва Вицин ҳатто “ўзбек тилида ҳам яхши гапирар эканман”, дея ўзбек дубляжини эътироф этишган. Яқинда Леоновга бошқа актёр овоз берган фильмни кўрдим, овоз қолипдек туш­маган. Бундай омадли тасо­дифлар са­ноқли бўлади, албатта. Лекин ҳо­зир ҳам ҳинд актёрлари Шоҳ­руххон, Амирхон, Салмонхон, Голливуддан Том Круз, Арнольд Шварценеггер, Брэд Питт, Леонардо Ди Каприо каби актёрларни ўзбек тилида “гапираётганига” томошабин ишоняпти. Бунда дуб­ляж актёрлари Санжар Саъдуллаев, Фатҳулла Масъудов, Дилдора Рустамова, мен ва устозларимиз бор маҳоратимизни ишга соляпмиз. Очиғи, Дилдора Рустамова дубляж­га актёрликни эмас, журналистикани тамомлаб келгани учун назарга илмаганман. Орадан йиллар ўтиб, дубляжга қайтганимда, устоз даражасига етганига гувоҳ бўлдим. Айтмоқчи бўлганим, ният, ҳаракат кучли бўлса, ҳаттоки актёрликни тамомламаганлар ҳам яхши мутахассис бўлиб етишиши мумкин. Дубляжда овоз муҳим, лекин уни ишлатиш учун “юрак” бўлиши шарт! Ёдимда, дубляжда ёнғин хавфсизлиги ходими бош қаҳрамонларга қойилмақом қилиб овоз берган. Бу билан устоз кўриши шарт эмас, дейиш фик­ридан йироқман. Айтиш жоиз, дубляж соҳасида устоз-шогирд анъанаси ҳам оқсаган. Издош қолдириш истагим кучли бўлгани боис имкон қадар шогирд тайёрлаяпман. Насиб бўлса, авлодма-авлод давом этиб келаётган дубляж санъати “занжири” узилиб қол­майди. Масалан, Алишер Узоқов, Акмал Мирзо, Улуғбек Қодиров, Дилдора Бекжонова муносиб давомчи бўла олишади. Алишер Узоқовнинг овози универсал, Улуғбекнинг овоз тембри зўр, дубляж актёри Ҳамидулла Наримоновнинг овозига ўхшайди. Улуғбек кутилмаганда “ғазал ўқигим келяпти”, деб қолди. Қизиқиши, ҳаракати борлиги учун буни ҳам ўргатяпман.

Шахсан ўзим Ўзбекистон халқ артис­ти Ёқуб Аҳмедовга ихлос қилганман. Боиси у киши ҳам саҳна, ҳам кино, ҳам дубляжда биринчи рақамли ижодкорлардан. Шукр, бугун устозим сингари ҳар учала йўналишда фаолият юрит­япман, ниятда гап кўп. Ёш актёрлар ҳам ҳозирги дубляж актёрларига ихлос қилиб, тиришқоқлик билан шу соҳага интилаётган экан, дубляжнинг эртаси ишончли қўлларда. Фақат уларга имконият берилса, бас!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.


    Бошқа янгиликлар