Маълумки, мамлакатимизда ҳаётнинг тўғри йўлидан адашганларни эзгуликка бошлаш, уларга яхши амалларни бажариш учун имконият бериш борасидаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан афв этилиб, оиласи бағрига қайтаётганлар эндиликда ўз ҳаёт йўлини мана шу юрт равнақи йўлида меҳнат қилиш учун сарфлашга киришмоқдалар. Марғилон шаҳрида ҳам инсонийний, кечиримлилик принципларига асосланган афв этилувчилар рўйхатига лозим деб топилган фуқаролар айни кунларда оилалари бағрига, яқинлари дийдорига қайтишди. Улар орасида шаҳардаги "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Музаффар Муҳаммаджонов ҳам бор.
Музаффар ҳозир 27 ёшда. Ҳаёти, келажаги ва эзгу амаллари ҳали олдинда. Россия Федерациясига ишлаш учун бориб, ноқонуний диний оқим тарафдорлари қаторига қўшилган, ҳозирда эса ушбу айбига чин дилдан пушаймонлигини билдириб, озодликка чиқди. Тадбиркорларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан хабардор бўлган йигит давлати, кўп миллионлик халқи билдирган юксак ишонч чин қалбдан хис қилаётир. Музаффар Муҳаммаджонов озодлик нақадар эзгу неъмат эканлигини хис қилганидаёқ, қолган умримни фақат яхшиликка бағишлайман, дея мақсад қилган экан. Мана бугун орзусига эришган Музаффар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали муқаддас ватани тинчлиги, тараққиёти, одамлар бахти камоли учун хисса қўшиш ниятида.
Инсон ҳаётда адашиши мумкин. Хато қилганларни тўғри йўлга солиб, бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб қайтариш юртдошларимиз қалбида асрларга муҳрланган олий қадрият. Ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиши, ижтимоий мослашиш имкониятининг берилиши ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг амалдаги ёрқин ифодаси. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахси инсонпарварлик тамойиллари асосида ўрганиб чиқлди. Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонликлари, жиноят натижасида етказилган зарарнинг қопланганлиги, ёши, соғлиги, оилавий аҳволи ва енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилиб, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам назардан четда қолдирилгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг авф этиш тўғрисидаги фармони таъсир доирасига тушиб, оиласига қайтган ҳамюртларимиздан бири Марғилон шаҳрининг "Маърифат" маҳалласида истиқомат қилмоқда.
Чорак асрдан ўтяптики, Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт учун танлаган йўлида дадил бормоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоялаш, ҳар бир шахснинг озод ва эркин ҳаёт кечириш имкониятидан фойдаланиши Конституциямизда белгиланган экан, бу мақсадлардаги амалий ҳаракатлар 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидаги 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган ҳамбртларимиз ҳаётида унутилмас меҳр оқибат туйғуси сифатида жой олаётганини эътироф этиш жоиз. Халқ манфаати олий ўринга кўтарилган мамлакатда инсон омили энг юқори чўққида кўрилаётгани серқуёш Ўзбекистон бахтиёрлар дунёси эканига берилаётган муқаррар жавобдир.
Аҳрор Зиё, Фарғона






