Ҳосила Раҳимова: “Наврўз баҳона, дийдор ғанимат!”

ШОУ-БИЗНЕС 22.03.2014, 11:14
Ҳосила Раҳимова: “Наврўз баҳона, дийдор ғанимат!”

Шу кунга қадар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила РАҲИМОВА ҳақида гап кетганда, унга фақат биргина “жайдари” деган таъриф мос деб ўйлардим. Наврўз байрами арафасида  хонанда билан бўлган суҳбатимиздан сўнг фикрларим бутунлай ўзгарди. Боиси Ҳосиланинг эркакшодалиги саҳна учун ўйлаб топилган қиёфа экан, холос. Аслида хонанда мехрибон она, опа-сингилларига жонкуяр, оиласига эътиборли бека экани аён бўлди. Суҳбатни ўқиш асносида балки сизнинг ҳам хонанда ҳақидаги баъзи фикрларингиз ўзгарар...

“БОЛАЛИГИМ ВА НАВРЎЗ!”

— Таҳририятимизга хуш келибсиз! Наврўзи олам муборак бўлсин!

— Хушвақт бўлинг! Шундай кунда эслаб, эъзоз ила таклиф қилганингиздан ҳурсандман!

Баҳор келиши билан, байрам олди барча болалигини ўзгача энтикиш билан ёдга олиши табиий...

— ...тўғри айтасиз, болалигимда ҳар бир байрамни оила аъзоларимиз билан ўзгача руҳда ўтказишга ҳаракат қилардик. Айниқса, Наврўз байрамига алоҳида тайёргарлик кўришимиз, уни интиқлик билан кутишимиз ҳали-ҳали ёдимда. Болалигимдаги Наврўзни ёдимга соладиган бир ёрқин хотирам бор: ота-онам тўрт қизига янги атлас кўйлак совға қилишарди. Байрамни айнан ўша, янги кўйлакни кийиб ўтказардик. Айнан янги кўйлак кийиш учун ҳам бу байрамни шундай интизор бўлиб кутардик (кулади). Миллий либосда уйимиз яқинидаги истироҳат боғига сайлга чиқардик. Қишлоқдаги барча кўни-кўшнилар билан гилам тўшаб, баҳорий таомлар билан томошаларни мириқиб кўрардик. Бу манзараларни тасвирлаш шунчалик завқлики, таърифлашга баъзида тил ожизлик қилади. Кўз ўнгимда гавдаланган ўша хотиралар мени болалигимга етаклайди (ўйга толди).

Сизга қадрдон Бойсун ва пойтахтда нишонланадиган Наврўз байрами орасида фарқ бўлса керак?

— Ҳар бир вилоят, шаҳарда бу байрамни ўз урф-одатидан келиб чиққан ҳолда нишонланиши табиий. Пойтахтда ўтказилаётган байрам тадбирларида ҳар бир вилоятнинг ўзига яраша байрам анъаналарини кўриш мумкин. Бевосита ўзим ҳам байрам тантаналарида иштирок этиб, бир зумга бўлса ҳам қишолғимга қайтгандек бўламан.

Ҳар йили санъаткорларнинг Наврўз байрамида йиғилиши анъанага тусига кирган. Янглишмасам, бу одатни ўз хонадонингизда сумалак бахонасидаги дийдор билан бошлаб бергансиз-а?

(Кулиб) Ҳа, бир неча йиллар илгари бошланган бу одат. Шу бугунги кунга қадар давом этиб келяпти. Лекин биз фақат Наврўзда эмас, ҳар бир байрамда навбатма-навбат ҳамкасбларимизнинг хонадонида йиғиламиз.

“КЎЗ ЁШИМНИ ОИЛАМДАГИЛАРГА ҲАМ КЎРСАТМАЙМАН

— Сизга таъриф берилганда, аввало эркакшода эканингизни таъкидлашади. Шундай феъл-атворга эга эканингиздан сира афсусланганмисиз?

— Асло! Эркакшода, жайдарилик саҳнадаги образим, холос. Ўйлаб топилган қиёфам қайсидир феълимдан келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Лекин чапанилигим борлигини яширмайман. Лекин шартакилигим сабаб кимнидир хафа қилганимни эслолмайман.

Кўпчилик “Ҳосила Раҳимова камдан-кам холлардагина кўзига ёш оладиган аёллар сирасига кирса керак”, деган фикрда. Очиғи, сизни йиғлашингизни тасаввур қилиш қийин...

— Ташқи кўринишга қараб, кишига баҳо бериш энг нотўғри хулоса! Аёлнинг кўзига тез ёш келади. Айтишим мумкинки, кўнглим бўш, баъзида арзимаган нарса ҳам таъсирлантириши мумкин. Фақат мен кўз ёшимни оиламдагиларга ҳам кўрсатмайман! Ёлғиз қолиб, кўзёш орқали кўнглимни “бўшатиб” оламан.

— Ҳар бир оилада яқинлари дардига малҳам бўладиган жонкуяр бўлади. Четдан қараганда нафақат ўз оилангиз, балки атрофингиздаги яқинларингизнинг ҳам ташвишлари сизнинг зиммангиздадек туюлади...

— Гапингизга юз фоиз тўғри, деёлмайман. Ўз оиламдан ташқари, катта оилам — туғилиб ўсган кўрғоним ҳам бор. Шу икки оиланинг муаммоси меники, деб биламан. Доим қўлдан келгунча ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қиламан. Албатта, опа-укаларим ҳам четда туришмайди. Бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлишга интиламиз. Халқнинг кўз ўнгида юрганим учунми, негадир ҳамма ишни Ҳосила Раҳимова бошқариб тургандек туюлади. Аслида укаларимни ака ўрнида кўриб, улар билан бемаслаҳат иш кўраман. Оиламиздаги қоида шундай!

Орангиздаги меҳр-оқибатга кўз тегмасин!

— Айтганингиз келсин! Яқинларимдан бирортасининг бошига мусибат тушса, ўз ишим билан ҳотиржам юролмайман. Опа-синглим, укаларимнинг яхши топиб, кўнгилдагидек яшаши — менинг ҳаловатим! Оилада ҳамманинг даражаси тенг бўлиши керак. Қариндош-уруғнинг яхши кунларида опа-сингилларим билан бир хил либос тиктириб киямиз. Боиси, ўзим билмаган ҳолда улардан қимматроқ либос кийиб қолишдан қўрқаман. “Ҳосила санъаткор-да, опаларидан ажралиб туришни истаган”, деган гап мен учун уят. Қишлоқчилик, деган гап бор. Ҳатто ўз машинамга ҳам опам туриб,  мен олдинги ўриндиққа ўтириб кетолмайман. Чунки жамиятдаги мавқеимдан қатъи назар сингилман. “Мен турганда синглим олдинда  ўтириб олди-я”, деган хаёл опамнинг кўнглини ранжитиб қўйиши мумкин. Ўзбекнинг кишига безак бўладиган ёзилмаган қонун-қоидалари бор, унга амал қилиш керак!

“ИЖОДИМГА ТАНҚИД...”

Назарингизда бугун Сурхон санъатига нима етишмаяпти?

— Воҳа йўналишида ижод қилиб келаётганлар жуда кўп, бундан жуда ҳурсандман. Аммо замонавийлик билан миллийликни уйғунлаштиришда ёшлар камчиликларга йўл қўймаяпти, деб бўлмайди. Дўмбирани қўлга олиб, бахшилардек томоғини қириб, қўшиқ куйлаши фольклорга хос  йўналиш эмас! Бу йўналишнинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Уни бузмаган ҳолда фойдаланишларини истардим.

Ҳосила Раҳимованинг танқид кўтара олмаслиги ростми?

— Танқидга муносабатим яхши. Тўғри, камчилигимни эшитиш аввалига ёқимсиз туюлади. Лекин ўринли танқидлардан доим хулоса чиқараман. Қолаверса, хатосини тан олиш ҳам мардлик! Мардлик эса менга хос жиҳатлардан бири. (мириқиб кулади).

Ижронгиздаги “Ламбада” қўшиғини тинглаганлардан ўзига шуни эп кўрибдими?” деган фикрларни эшитдик.

— “Ламбада” болаликда севиб тинглаган ва мириқиб рақсга тушган қўшиғим. Санъаткор бўлганим учун болаликдаги орзуларимни амалга оширгим келди. “Бу қўшиқ менга ярашади ёки йўқ”, деган фикр ҳақида бош қотирмаганман. Ёки ёшларбоп қўшиқ куйлаб, бироз бошқачароқ рақга тушсам, “Мени ҳамма Райҳон ё Зиёдадек қабул қилишади”, деган ўй ҳам бўлмаган. Мухлислар эса халқ хизматларида шу қўшиғимга мазза қилиб рақсга тушишяпти.

— Демак, тўйлардаги рейтингни ўйлаб куйланган экан-да?

— Тўйларда куйламай, яна қаерда куйлашим мумкин? Концертдан концертгача икки йиллик танаффусда халқ хизматларидагина куйлашим мумкин, холос. Тўй, концерт, альбом учун махсус қўшиқлар куйламайман.

“Ҳосила Раҳимованинг мавқеига ярашган қўшиқ”, деган фикрингизда қатъи қоларкансиз-да?

—  Мавқеим, даражамни ҳеч ким чегаралаб бермайди. Овоз имкониятларимга қараб баҳо беришларини истардим! Ташқи кўринишимга ярашган ё ярашмагани эса аҳамиятсиз!

Айнан санъаткорлар орасида “Бир оилага битта санъаткор етади”, деган фикр бор. Масалан, Гули Асалхўжаева қанчалик зўр бериб, ижод қилмасин барибир опасининг соясида қолиб кетяпти. Вақти келиб, укангиз Абдуманнон Раҳимов ҳақида ҳам шундай фикр айтилишидан ранжимайсизми?

— Абдуманноннинг санъатга бўлган қизиқиши жуда кучли. Уни хонанда бўлгин деб ҳеч ким мажбурламаган, бундан фойда ҳам йўқ. Агар ўзининг қизиқиши бўлмаганида, бу соҳага киришига йўл қўймасдим. Соямда қолиш масаласига келсак, укамнинг Сурхондарё, Қашқадарёдаги рейтинги ҳавас қилгулик даражада. Пойтахтда ўз ўрнини топиши ҳақида эса бироз вақтдан сўнг гаплашганимиз мақул. Ҳаммаси ҳали олдинда!

— Ижодингизни кузатиб сизга миллий йўналиш жуда ярашганини тан олмасдан иложимиз йўқ.

— Ҳайрият “Даракчи” журналистларидан ҳам эътироф эшитиш мумкин экан-ку (хандон отиб кулади)!

Муносибларни доим тан олганмиз! Шу бугунга қадар рейтингингизни бир маромда ушлаб туришнинг қандай уддасидан чиқяпсиз?

— Бунга оила аъзоларим сабабчи! Мени халқ билан боғлаб турганлар ҳам улар. Тўй-ҳашамларда қариндошларим орқали кўпгина мухлислар ўз таклифларини билдиришади. Табиийки, халққа манзур бўлаётган халқчил қўшиқларим сонини шу тариқа кўпайтириб боряпман. Шу ўринда келаётган танқидлардан ҳам худди шундай хулоса чиқараман.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Яна бир бора кириб келган янги кун — Наврўз муборак!

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1