1

УСТОЗ КЎРГАН -ШОГИРДЛАР

ШОУ-БИЗНЕС 22.03.2014, 15:37
УСТОЗ КЎРГАН -ШОГИРДЛАР

Бугунги кунда ҳар соҳада устоз-шогирдчилик анъаналари амалга оширилиб келаётгани кишини қувонтиради. Ушбу “Устоз ва шогирд” деб номланган янги лойиҳамиз ҳам санъат соҳасида устоз-шогирдчилик анъаналарини давом эттириб келаётган санъакорларга бағишланади. Байрам баҳонасида устоз-шогирдларни юзлаштирдик, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишни эса сизга ҳам илиндик.

ДАНГАСА ШОГИРД ТАНБЕҲ ТАНБЕҲ эшитди

Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон халқ артисти:  — Шогирдим Алишер Рўзметов бугунги кунда ўз ижоди билан замонавий эстрада қўшиқчилиги санъатига оз бўлса-да, ўзининг ҳиссасини қўшиб келаётган санъаткорлардан десам хато қилмаган бўламан. Алишер қисқа фурсатда  ёшларбоп ва ёши катта тингловчилар аудиториясига мўлжалланган қўшиқларни ярата олди. Бугун шогирдимнинг халқимиз учун беминнат хизмат қилиб келаётганлигидан чин дилдан хурснадман. Алишер мен куйлаган қўшиқларни куйлаб санъага кириб келди. Тўй хизматларида ёки тадбирларда кўришиб қолганимизда ижод борасида, яратаётган янги қўшиқлари ёки кийиниш маданияти ҳақида маслаҳат сўраб туради. Умуман устоз сифатида Алишернинг ижодини ёмон баҳоламайман. Аммо шу билан биргаликда танқидий фикрларим ҳам йўқ эмас. Ёдингда бўлса, илк маротаба санъатга қадам қўйганингда бу соҳа осон эмаслигини, бугуннинг тингловчилари ўта талабчанлиги ва улар учун тез-тез янги қўшиқлар яратиб туриш кераклигини маслаҳат берган эдим. Санъатда ўз ўрнингни топиш учун кўпроқ меҳнат қилишинг, заҳмат чекишинг керак дегандим. Лекин назаримда охирги пайтларда бир оз дангаса бўлиб қолгандексан. Тўғрими?

Алишер Рўзметов: — Йўғ-е, устоз, жуда унчалик эмас (уялиб кулади)... Тўғри, айрим сабабларга кўра ижодимда бир оз танаффус бўлганлигини тан оламан. Лекин шу танаффус давомида иложи борича теша тегмаган мавзулардаги қўшиқларни яратишга ҳаракат қилдим. Тез кунларда мазкур қўшиқларим билан яна тингловчиларимиз эътиборини тортишни режалаштирганман.  

Ғуломжон Ёқубов: — Санъатда заҳмат чекиб, тер тўкиб халқ дардини куйлаш керак. Шундагина мухлислар кўнглига йўл топишинг мумкин.

 

ОПЕРА — МАШАҚҚАТЛИ МЕҲНАТ

 Муяссар Раззоқова, Ўзбекистон халқ артисти:  — Бугунги кунда шогирдим деб Сайёда Нортожиевани эътироф этган бўлардим. Сайёда мени ўзига устоз деб билган шогирдлар орасида ўз истеъдодини яққол намоён этмоқда. Овози бир оз менинг овозимга ўхшаб кетади. Биринчи курсдан бери мендан опера қўшиқчилиги санъати сирларини ўрганишга ҳаракат қилиб келяпти.  Иложи борича устоз сифатида қўйган талабларимни бажаришга ҳаракат қилади. Аслида опера санъати қаттиқ меҳнатни талаб қилади. Ушбу меҳнатга дош бера оладиганларгина опера санъатида ўз ўрнини топиши мумкин. Келажакда Сайёдани ўз истеъдоди ва маҳорати билан жаҳон саҳналарини забт этади, деган умиддаман...

Сайёда Нортожиева: — Устозим Муяссар опа Раззоқова нафақат менга, балки, бошқа шогирдларига ҳам ўта талабчанлар.  Ўзлари  эришган ютуқларига бизни ҳам чорлаб, биз ҳам худди шу ютуқларга эришишимиз учун қўлларидан келганча ҳаракат қиладилар. Бунинг учун сизга минг бор раҳмат устоз. Нафақат санъатда, балки ҳаётда ҳам устозим бўлиб, билмаганларимни беминнат ўргатиб келяпсиз. Қаттиққўл бўлиш баробарида ўз ўрнида меҳрингизни ҳам аямай, менга ўз онамиздек муносабатда бўлдингиз. Албатта, мен сиздек устозим борлигидан фахрланаман. 

“ИЖОДКОР НИҲОЛГА ЎХШАЙДИ”

Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артисти: — Ҳилолахон аслида менинг шогирдим эмас. Мен ҳали бу қизга бирор бир қўшиқни устоз сифатида ўргатган эмасман. Қолаверса, ўзи ҳам ҳозирча менга бирор бир савол билан мурожаат этмаган. Лекин у мени ўзига устоз деб биларкан, албатта, бундан хурсандман. Ижоди ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, санъат оламида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиб келапти.  Ўзбек миллий эстрада йўналишидаги қўшиқлари ҳам, овози ҳам яхши. Лекин битта камчилиги — овози тўғри йўналтирилмаган.  Бунинг учун кўп ишлаш, меҳнат қилиш керак. Ижро жараёнида авваламбор овозни тўғри йўналтириш керак. Мақом анъанавий ижрочилиги бўлимини тамомлаган бўлишингизга қарамасдан ҳали мақом йўналишида ўзингизни кўрсата олганингизча йўқ.  Ниҳол экканингизда унга эътибор билан қараб турмасангиз, шамол бўлганида бир томонга эгилиб қолади. Худди шу сингари  ижодкор ҳам ниҳолга ўхшайди. Агар унга тўғри йўл кўрсатилмаса, ўзи танлаган йўлда давом этаверади. Менима, сизнинг ижодингизда ҳам  худди шу жараён давом этмоқда.

Ҳилола Ҳамидова: — Устозим Расулжон Самиев ҳам доим мақом қўшиқларини ижро этишга ундар эди. Ўша пайтларда кўпроқ эстрада йўналишида ижод қилишни истаганман. Аммо бунга маблағ жиҳатидан тайёр бўлмаганлигим сабабли, истакларимни амалга оширолмаганман. Аммо кўпгина тадбир ва хизматларда талабга қараб мақом ижро этиб бераман. Бугунги кунда ҳар иккала йўналишда ҳам ўзимга яраша мухлисларим бор. Айни пайтда “Олтин микрофон” жонли ижро телекўрсатувига тайёргарлик билан бандман. Албатта, устоз Муножот Йўлчиеванинг гапларида жон бор. Ўз устимда тинимсиз изланишим керак ва шундай қиляпман ҳам. Устозимиз Муножот опага катта раҳмат, ижодимга эътибор берганлари учун. Бу мен учун катта шараф. Уларнинг маслаҳатларига ўз ўрнида амал қилишга ҳаракат қиламан.

УСТОЗ ДАРАЖАСИГА КЎТАРИЛГАН ШОГИРД

Ортиқ Отажонов, Ўзбекистон халқ артисти: — Бугунги кунда шогирдларим орасида Оғабек Собиров ўз  яратган қўшиқлари билан кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Хоҳ классик қўшиқлар бўлсин, хоҳ замонавий эстрада йўналишида, маромига етказиб ижро эта олади. Севги, ватан, она ҳақида куйлаган қўшиқларини тинглаб хурсанд бўламан.  Қолаверса, Хоразм вилоят телевидениесида яхши ҳофизларни тўплаб, ўз муаллифлик кўрсатувини тайёрлаб келяпти. Билмаган мавзулари ҳақида маслаҳат сўрайди. Албатта, мен ҳам қўлимдан келганча билганларимни ўргатишга ҳаракат қиламан. Оғабек Собиров нафақат яхши санъаткор, камтарин, одобли шогирдларимдан бири десам адашмайман. Мевали дарахтга ҳар доим тош отиб келишган. Муҳими тош қочиш эмас, мевали дарахт бўла олишдир. Устозлар куйлаган қўшиқларни такрор-такрор йўлини ўзгартириб, бузиб куйлаш нотўғри. Аксинча, ўз устида ишлаб, изланиб, қўшиқни устоз санъаткор даражасида куйлашга интилиш керак. Бу нафақат сенга, балки умумий маънода, барча шогирдларимга тегишли. Сени танқид қилолмайман. Чунки бугун ўзинг устоз даражасига етиб келган шогирдларимдансан. Кейинги ижодларингга муваффақиятлар тилаб қоламан.

Оғабек Собиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:  — Устоз, ижодимга билдирган фикрингиз, эътиборингиз учун катта раҳмат. Албатта, камтарона ижодимиз ортидан мухлислар орттиришимда, оз бўлсада эришган ютуқларимда сизнинг маслаҳатларингиз ва ўгитларингиз катта ўрин тутади. Танқид қилолмайман, деган фикрингизга келсак, бир оз хижолат бўляпман. Чунки, илк бора сиздек устоз санъаткорга ҳавас қилиб санъат йўлига кириб келганмиз. Илоҳим бундан кейинги ижодимизга сизнинг йўлингизни берсин. Бахтимизга ҳар доим соғ-саломат бўлинг.

                                                              Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1