Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиевнинг Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ўтказган учрашув ва сайёр қабулларида 200 га яқин фуқаро турли масалалар бўйича мурожаат қилди. Мурожаатларнинг аксарияти ҳокимликлар, вилоят ташкилотлари билан муҳокама қилиниб,жойида ҳал этилди.
– Момиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз, уларни экспортга ҳам йўналтирганмиз, – дейди Марғилон шаҳридаги “Турон водий текс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдусамад Маърупов. – Фаолиятимизни янада кенгайтириш учун “Асакабанк”нинг шаҳар филиалидан сармоя сўраб мурожаат қилган эдик. Лекин ҳалигача жавоб бўлмаётганди. Бугунги учрашувга келиб адашмаган эканман. Қисқа вақтда жамиятимизга кредит ажратиладиган бўлди. Келгусида бу маблағ эвазига замонавий тўқув дастгоҳлари келтиришни режалаштирганмиз.
Марғилон шаҳрининг Ёрқин маҳалласидан фуқаро Муборакхон Тўрахонова кўп йиллардан бери оиласи билан 2 сотихли ҳовлида истиқомат қилиб келарди. Ариза билан қилган мурожаатлари ҳа деганда ҳал этилавермади. Мазкур мулоқотда унинг уй-жой масаласи дахлдор идоралар томонидан кўриб чиқилди. Унга уй-жой ажратиб бериладиган бўлди.






