Айни кунларда Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан турли лойиҳаларни қамраб олган “Ёшлар ҳафталиги” юқори савияда ўтказилмоқда. Бугун ушбу ҳафталик доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Ушбу ярмаркада Навоий шаҳридан 60 та ташкилот ва корхона 332 та бўш иш ўрини билан қатнашди.
Қолаверса, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа туманлари ҳам ўзида мавжуд бўш иш ўринлари билан ярмаркада иштирок этди.
— Мен Навоий давлат кончилик институтини тугатганман. Ҳозирги кунда ишсиз эдим. Кўп жойларга мурожаат қилдим. Натижа бўлмади. Ёшлар иттифоқи ташкил этаётган ушбу бўш иш ўринлари ярмаркасига қизиқиб келдим. Қарангки, Навоий нефт маҳсулотлари корхонасига ишга жойлашиш учун йўлланмани қўлга киритдим. Ойлик маоши ҳам менбоп экан. Эндиликда янги босқичдаги фаолиятимни ушбу корхонада бошлайман, —деди биз билан суҳбатда Искандар Дониёров.
Бугун ака-ука Шерзод ва Дилшод Содиқовлар ҳам Сунъий толани йигириш цехида ишга жойлашиш учун йўлланмани қўлга киритди. Шерзодбек 7 йилдан бери ишсизликдан қийналиб, бугун ўз соҳаси бўйича банд бўлаётганидан ниҳоятда хурсанд. — Ёшлар иттифоқи бизларни тушуняпти, бизга нима кераклигини ўз вақтида пайқаяпти.
Ярмарка давомида 66 нафар аҳоли ва ёшлар ишга жойлашиш бўйича йўлланмани қўлга киритди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Ёшлар иттифоқи ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Республика бўйлаб ягона механизм жорий қилган.
21.12.2017 17:55
НАВОИЙДА 50дан ОРТИҚ ЁШЛАР ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ






