Машҳур актёр Жорж Клуни кексалар уйига қилган ташрифи туфайли бағрикенг ва олижаноб инсон эканлигини исботлади.
Баҳорнинг илк кунларида Буюк Британиянинг Рединг шаҳар қариялар уйида яшовчи Пэт Адамс (Pat Adams) ўзининг 87 ёшга тўлишини байрам қилди. Бундан сал илгари у муассасада ўтказилган “Тилагингни тила!” номли тадбирда иштирок этган эди. Тадбир шартига кўра, қариялар уйида яшовчи ҳар бир одам бирор нарсага эришишни орзу-ният қилиши, муассаса эса уни бажариши лозим эди.
Адамс актёр Жорж Клуни билан учрашишни ният қилди. Шундай қилиб, Жорж Клуни Пэт Адамсни туғилган куни билан қутлаш учун қўлига бир даста гул ва табрик хатини олганча қариялар уйига борди ва кекса аёлга совғаларини топшириб, суҳбатлашиб ўтирди. “Жорж Клуни туғилган куни билан табриклаш учун келганини кўрган Пэт Адамснинг боши кўкка етиб, ўзини жуда бахтли ҳис этди. Жорж Клуни оиласи билан қариялар уйи яқинида яшайди. У “Sunrise” номли қариялар уйида яшовчи кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни йўқлашга қарор қилгани боис муассасамизга ташриф буюрди”, деди қариялар уйи ходимларидан бири.
“Биз Пэтнинг орзуси амалга ошганидан жуда мамнунмиз. Жоржнинг табрик хати ва гулдаста билан кириб келганини кўрган кекса аёл жуда ҳам хурсанд бўлди. Актёр ўзининг мазкур ташрифи билан қариялар уйидаги барча кексаларнинг кайфиятини кўтариб, озгина бўлса ҳам ўзларини бахтли ҳис қилишларига ёрдам берди. Жоржга қариялар уйи маъмурияти номидан миннатдорчилик билдирамиз”, деб ёзди “Sunrise” менежери Малколм Хейг (Malcolm Hague) ўзининг хабарида.