Бугун Зангиота мажмуасидан 150 кишидан иборат бир гуруҳ зиёратчилар Самарқанд шаҳрига жўнаб кетдилар. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур зиёрат Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида муқаддас Ҳаж ва Умра сафарига борадиган юртдошларимизни даставвал Имом Ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёратини адо этиш таклифига асосан амалга оширилмоқда.
Унга кўра Тошкент вилоятидан “Умра-2018” мавсумида зиёратини амалга оширишни мақсад қилган 700 нафар зиёратчилар кетма-кетликда Самарқанддаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қиладилар.
Зиёратчилар орасида Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан авф этилган, диний оқимга адашиб кириб қолган 10 нафар фуқаро ҳам таклиф этилган.
Тадбир Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан ташкил этилмоқда.
Кўҳна Самарқанд зиёрати чоғида Ал-Бухорий, Гўри Амир, Регистон, Бибихоним, Шоҳизинда мажмуалари ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш кўзда тутилган.
Ушбу сафар Президентимиз томонидан илгари сурилган ички туризмни ривожлантириш йўналишида ҳам ўзига хос қадам бўлади.






