1

Беҳзод МУҲАММАДКАРИМОВ: “Бир кунлик шон-шуҳратнинг кераги йўқ!”

ШОУ-БИЗНЕС 29.03.2014, 14:51
Беҳзод МУҲАММАДКАРИМОВ: “Бир кунлик шон-шуҳратнинг кераги йўқ!”

Биргина нигоҳи, ҳатто сукути ҳам “гапирадиган” бундай актёрлар саноқли. Шунинг учун ҳам бу актёрдан томошабин катта-катта, характерли ролларни кутади. Актёр учун муваффақият калити бўлган барча имкониятларга эга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов бугунги суҳбатдошимиз...

— Беҳзод ака, 27-март санаси сизга нимани эслатади?

— Синаяпсизми (кулади)? Албатта, Халқаро театр куни эканини эслатади. Бу — ижодкорлар ва театр соҳасига эътибор! Шу куни “бугун бизнинг байрамимиз, яхшиям шу касбни танлаганим!” деб фахр билан байрамона кайфиятда юрамиз.   

— Халқаро театр куни, қолаверса, Ўзбек Миллий академик драма театрининг юз йиллик тўйига тайёргарлик ишлари қандай кетяпти? Бу жараёнда сизнинг ҳиссангиз қай даражада?

— Хабарингиз бор, театримизнинг юз йиллик тўйи муносабати билан айни дамда капитал таъмирлаш ишлари кетяпти. Сентябрда мавсум очилгунига қадар актёрлар вилоятлар бўйлаб гастрол сафарларига юбориляпти. Очиғи, икки-уч ойлаб гастролларда юриш доим ҳам ёқавермайди. Саҳнада ишлашнинг гашти ўзгачада! Қолаверса, театрдан ташқари ишларимизни ҳам тўхтатиб туришга тўғри келяпти. Ҳамма масалада меъёр бўлгани яхшида. Юз йиллик тўйимизнинг тўёнасига келсак, “Сотти сотмайди”, “Куёвлар қўзғолони” каби спектакллар ва махсус байрам дастури мухлисларимизга совға бўлиши аниқ! Актёрларнинг шу кунгача қилган меҳнати эса театрнинг юз йиллик тўйига қўшган ҳиссаси билан тенг, назаримда.   

— Мухлислар сизни театр эмас, кино актёри сифатида қабул қилади. Бу театрда кинодагидек ўз ўрнингизни топмаганингиздан даракми?

— Йўқ, бу мухлисларнинг театрга тушмаслигидан дарак (кулади). Театрга келиб турадиган томошабин Алишер Навоий, “Мирзо Улуғбек”даги Абдулатиф, “Меҳробдан чаён”даги Анвар каби катта-катта ролларимдан хабардор.

— Беҳзод Муҳаммадкаримовнинг Зайнаб Садриеванинг Фарбонбиби, Обид Юнусовнинг Ўткурийсидек роли қани?

— Ундай роллар ҳар доим ҳамма актёрга ҳам насиб этавермайди. Аслида “Парвона”, “Келинлар қўзғалони” спектаклларини асар сифатида ёқтирмайман. Лекин ижодий гуруҳ, режиссёрнинг меҳнати, маҳорат, топилмалар билан тўлдирилиб, зўр асар саҳналаштирилган. Ўз ролингга эга бўлиш — омад! Менга эса бундай шоҳона роль ҳали насиб этганича йўқ. Энди ўн гулимдан бир гулим очилди, чиқмаган жондан умид (кулади).

Кинонинг имконияти катта-да! Янги фильмни республика миқёсида намойиш этиш мумкин, спектакл борасида эса бундай деёлмайман. Ижодга алоқадор барча йўналишда фаолият юритадиган актёрлар сирасига кираман. Назаримда, бу борада тарозининг палласини тенг ушлашнинг уддасидан чиқяпман. Тўғри, бу қийин жараён — уйқисиз тунлар, ҳамма ишга вақтни тўғри тақсимлаш дегандек (кулади). “Тинчгина театда ишлаб юраверай”, дейдиган актёрлар ҳам бор. Лекин ундай юришни истамайман.

— “Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлур”, деган нақл ҳам бор. Сизнинг “қайиқ”ларингиз эса бир нечта.

— Тўғрику-я, лекин йўналиш битта! Кинода ҳам, театрда ҳам актёр роль ижро этиши керак. Дубляжда ҳам актёр қатнашиши керак. Қолаверса, буларнинг бари актёрнинг маҳоратини чархлаб боради. Театр актёрнинг ақлини ишлатиш, “форма”да юришига мажбур қилади. Кино театрда йиғилган тажрибаларни экран орқали кўпчиликка кўрсатишга хизмат қилади. Дубляж нутқни равонлаштиради ва кино, театрда насиб этмаган феъл-атворни ижро этишга имкон беради. Радиода эса овоз билангина холатни тингловчига етказиб беришингиз керак. Баъзи ҳамкасбларимнинг “мен учун театр биринчи ўринда!” деган баландпарвоз гапига қўшилмайман. Ижодкорга ҳамма йўналишдаги фаолият муҳим! Тўғри, чарчоқдан ўзингизни қўярга жой тополмай қоласиз. Лекин танлаган касбингнинг машаққатларига ҳам чидай  билиш керак. Институтда ўқиб юрган кезларим “Худо хоҳласа, келажакда дубляждан театрга, у ердан кино, радиога югуриб, нафас ростлашга вақтим бўлмасин!” деб ният қилардим. Ниятда гап кўп экан, етказганига шукр! Уйда ўтириб “қачон бирор режиссёр фильмига чақириб қоларкин?” дейишдан ўзи асрасин. Ундан кўра театр, кино, дубляж режиссёрларидан узр сўраб, шошиб юришдан қўймасин (мириқиб кулади).     

— Феълингиздан келиб чиқсак, роль талашадиган актёр эмассиз ё янглишдимми?

— Режиссёрни уриб бўлса ҳам, ўзимга ёққан ролни ўйнайман (кулади). Агар истаган ролини ижро этмаса, ижодкор нега “актёрман” деб юрибди? Саҳна – марду майдон! Иккита дублёрдан қай бирининг ижроси зўр бўлса, марра ўшаники. Йўқса, соғлом рақобатсиз ривожланиш бўлмайди.

— Наҳотки, театрда драматургия, режиссура, “юк”и бор асарлар борасида оқсаш йўқ деб ўйласангиз?!

— Бу борада ҳамма театрда оқсаш бор. Шунинг учун театр ўзини оқлаш учун тижоратбоп спектакл ҳам қўяди. Орасида интеллекти юқори томошабинлар учун жиддий асарлар ҳам намойиш этиляпти. Ижодкор ўз ишидан қониққани — унинг ўлгани! Шахсан ўзимнинг ижроимдан бир фоизгина қониқаман. Масалан, Сардор Раҳимхоннинг “Отажон” клипидаги иштирокимдан кўнглим тўлмаганди. Бироқ тайёр клипни кўргач, ўзимга ўзим ёқа бошладим (кулади). Баъзида куйиб-пишиб ўйнаган ролимни экранда кўриб, ҳафсалам пир бўлади. Бу тасвирчи ва режиссёрнинг ишлаш маҳорати билан боғлиқ жараён. Театрда эса залда томошабин йўталишни бошласа, ижроимда нимадир етишмаяпти, деган ўй билан ҳаракат қиламан. Сув қуйгандек жим-житлик бўлса, ўша сукунатнинг ўзи илҳом, куч беради. Саҳнадан оладиган роҳат ҳам шунда!  Ишимизнинг баҳосини ўша заҳотиёқ оламиз.

— Бир неча йиллик танаффусингиздан сўнг ижодга қайтишингиз анчайин шов-шувларга сабаб бўлди. Бироқ Беҳзод Муҳаммадкаримов мухлислар кутилган натижани оқламади...

— Режиссёр бўлганимда нималардир қилган бўлардим. Актёрликнинг менга ёқмайдиган жиҳати — режиссёр ва сценаристга боғлиқлиги. Ўзим роль сўраб бормайман-ку!  

— Ваҳоланки, бир қанча фильмларда суратга тушдингиз. Лекин Беҳзод Муҳаммадкаримовнинг борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмади...

— Ҳамма роль ҳам доим кутилганидек бўлавермайди. “Юк”и бор ролларнинг ўзи бўлгани йўқда. Суратга тушган фильмларим ҳам менга билдирилган таклифларнинг энг яхшиси эди. Роль танлайверсам, бирорта режиссёрнинг таклифини қабул қилмаслигимга тўғри келиб қолди. Чунки кўнгилдагидек асарнинг ўзи йўқ! Лекин актёр ўзини “чархлаб” туриши учун бир-иккита кинокартинада иштирок этиб туриши лозим. Нима, Голливуднинг ҳамма фильмлари талаб даражасида деб ўйлайсизми? Бизга уларнинг 3 фоизгина энг яхши ишланган кинокартиналари етиб келар экан. Қолган фильмларини бирортасини кўриб бўлмайди. Ижод математика эмаски, аниқ ҳисоблаб кутилган натижага эришиш мумкин бўлса...  

— Амир Темур, Элчин, Отабек қиёфаси қайтмади. Назаримда, режиссёрлар сиздек истеъдодли актёрнинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаяпти.

— Тўппа-тўғри! Мен учун роль ёзиб, режиссёрлар эътибор қаратсагина сиз айтган натижа кўринади. “Амир Темур” фильмининг кейинги фасллари суратга олинса ҳам ёмон бўлмасди (самимий кулади). Ҳозир қайнона-келин мавзусидаги маиший фильмлар урф бўлиб қолди. Аслида актёрларнинг ҳаёти кутиш билан ўтади. Ижодкор “юк”и бор роль учун ё маблағи ва ё таниш-билишни юз хотир қилолмай фильмда иштирок этади.    

— Сизни қай бири кўпроқ безовта қилади?

— “Юк”и бор роль учун жон деб бепул ишлайман. Маблағи қониқтирадиган роль ҳам чакки бўлмайди. Мени қийнайдигани — ошна-оғайниларнинг илтимослари.

— Томошабин олқиши, машҳурлик...ҳаммасига қўл силтаб кетганингиздан бугун афсусланасизми?

— Афсусланмайман, чунки шундай бўлиши керак экан. Нимаики бўлмасин бари яхшиликка!

— Аслида олқиш, машҳурликдан роҳатланасизми ё жараённинг ўзидан?

— Яширмайман, кетишимдан аввал олқиш, машҳурликка ўч эдим. Ҳозир эса буларга оддий кўз билан қарайман. Қайтгач кибрим йўқолди. Ишимни сифатли бажариш ҳақида қайғурадиган бўлиб қолдим. “Менга реклама керак эмас”, десам ҳамкасбларим ғалати қарашади. Бир кунлик шон-шуҳратнинг менга кераги йўқ!

— Ҳар бир ижодкор таниқли эмас, севимли бўлишни орзу қилади. Сизни яхши кўришларини истайсизми ё тушунишларини?

— Қаҳрамонимнинг дардини “айтганимда”, мени тушунишларини истайман! Ҳаётда кўз тегмасин ҳамкасбларим мени доим тушуниб, ҳамфикр бўлиб келишган. Тўғри, ижодкорлар орасида “рақобат”, ғайирликлар бўлади. Менга нисбатан шундай муносабат бўлганида, демак яхши ишлаётган эканман, деб хурсанд бўламан. Жимжитлик бўлиб қолса, ҳавотирга ҳам тушиб қоламан (мириқиб кулади). Касбимизнинг яхши томони — исталган ёшда “давр”ингиз келиб қолади ва неча ёшда бўлманг ижро этишга роль топилади. Шахсан менинг “давр”им ҳали энди келади (кулади)!

— Кўнгил ҳотиржамлиги сизни ҳеч қачон тарк этмасин!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1