АсосийDunyo

Покистон собиқ президенти Мушарраф расман давлат ҳиёнатида айбланди

Покистон собиқ раҳбари Парвез Мушшарафнинг ишини кўриб чиқаётган Исломобод махсус суди уни расман давлат ҳиёнатида айблади. Бу ҳақда РИА ахборот агентлиги маҳаллий DAWN газетасига асосланиб хабар бермоқда.

Суд йиғилишида Мушарраф ушбу айбловни асоссиз деб, ўзини айбсиз эканлигини айтди.    
Мушарраф адвокатлари суддан айбловни қўймасликни ва унга қариб қолган онаси билан учрашиш учун Дубайга учиши учун рухсат сўрашди.

Айбловга кўра, 2001 дан 2008 йилгача Покистон президенти лавозимида бўлган Мушарраф 2007 йилда давлатга ҳиёнат қилган. У мамлакатда Покистон конституцияси фаолиятини тўхтатиб, фавқулодда ҳолат эълон қилган ҳамда олий суд ҳакамларини қамашни буюрган. Покистон қонунига кўра, давлатга ҳиёнат учун ўлим ёки умрбод қамоқ жазоси қўлланилади. Давлатга ҳиёнат тўғрисидаги иш ўтган йили ҳукумат томонидан олға сурилди.

2008 йилда истеъфодан сўнг мамлакатни тарк этган Мушарраф 2013 йилнинг март ойида яна Покистонга қайтиб келди, аммо, апрелда у қўлга олиниб, уй қамоғига ҳукм қилинди.
Ҳозирда собиқ президент давлат ҳиёнатидан ташқари, яна тўрт жиноий иш бўйича гумондор деб топилмоқда.

    Бошқа янгиликлар