Буюк Британияда уйсиз-жойсиз одамларга озиқ-овқат ва энг зарурий буюмларни етказиб берувчи автомат ишга туширилди, деб хабар берди Ntv.ru нашри.
Энди уйсиз-жойсиз одамлар мева-сабзавотлар, озиқ-овқат маҳсулотларини, иссиқ пайпоқларни мутлақ бепул олишлари мумкин.
Англиянинг унча катта бўлмаган Ноттингем шаҳрида 500 га яқин одам уйсиз-жойсиз бўлиб, кўчада тунашга мажбурдир. Бундай муҳтож одамлар бошқаларга қараганда, 70 маротаба кўпроқ зўравонликка дуч келишади. Уларнинг ўртача умр кўришлари иссиққина уйда яшовчилардан 30 йилга қисқадир.
Хайрия машинасининг умуман кайфияти бузилмайди. У ҳеч қачон “майдам йўқ” ёки “узр, шошилиб тургандим” деган ибораларни билмайди. Машинанинг туйнуги ҳар доим очиқ, бу ердан мазали шоколадларни, меваларни, ҳаттоки иссиқ телпакларни ҳам текинга олиш мумкин.






