Бухоро шаҳридаги автомобиль ва йўллар коллежи ўқувчиси 17 ёшли Нурмаханов Еримбет учун ҳаммаси қўққисдан бошланди.
...Қош қорайган пайт эди. Коллеж ётоқхонаси олдида турган бу ўсмир ёнига икки ёш йигит келади. Улардан бири ўзини “профилактика инспектори”, деб таништириш асносида, тунги рейд ўтказилаётганини билдираркан, ўқувчидан ҳужжатини кўрсатишни сўради. Еримбет ёнида паспорт йўқлигини айтади. “Профилактика нозири” унинг чўнтагидаги “Samsung” русумли уяли телефонини олиб қўяди, деб ёзади ЎзА.
Шундан сўнг улар ўсмирга у билан ички ишлар органи таянч пунктидаги профилактика инспектори хонасида суҳбатлашишни айтиб, шахсий автомашинада ўзлари билан олиб кетади.
“Осойишталик посбони” ва унинг шериги ўқувчилар турар жойидан тахминан беш километр олисдаги Бухоро туманидаги “Шергирон” маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтувчи катта автомобиль йўли ёқасида тўхташди. Ана шундагина Еримбет бу кишилар фирибгар туновчилар эканлигини англаб етди. “Профилактикачи”лар ўсмир йигит ёнидаги 250 минг нақд пул ва акаси Сулаймон Муратов номига расмийлаштирилган пластик карточкани ҳам олиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди.
Уяли телефони ва пулидан ажралган ўсмир тунда йўл босиб, турар жой биносига етиб келди.
У бўлган воқеа ва амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Бухоро тумани ички ишлар бўлимига ёзма мурожаат қилади. Олиб борилган текширув ишлари давомида жиноятчилар шахси аниқланди. “Профилактика инспектори” дегани Бухоро тумани Кўҳнамачит қишлоғилик 19 ёшли С.Б., шериги ҳам шу манзилда истиқомат қилувчи 20 ёшли Б.Р бўлиб чиқди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.