Голландиядаги бир ажойиб қишлоқ ўзининг бирор жиҳати билан бошқа оддий қишлоқлардан фарқ қилмайди. Унда 150 нафарга яқин аҳоли яшайди. Улар ҳам бошқаларга ўхшаб овқатланадилар, ухлайдилар ва дўконма-дўкон юрадилар. Бироқ энг қизиғи, улар доимий ва пухта назорат остидалар.
Биз сизларга кексалар орасида кенг тарқалган касаллик – деменцияга чалинганларга ғамхўрлик қилинадиган ўзига хос макон – шифохона ҳақида сўзлаб бермоқчимиз.
Бундай шифохона очиш ғояси 2009 йили Ивонн ванн Амеронгенда пайдо бўлди. У узоқ вақт қариялар уйида ишлаган, шу боис кексалар хасталикларини яхши билади. Бир куни у ўзига ўзи: “Аслида ота-оналаримиз учун бундай ҳаётни раво кўрмаймиз-ку”, – дейди. Шундай қилиб, Хогевейк (Hogeweyk) ғояси пайдо бўлади. Беморлар палаталарда диққинафас бўлиб ўтирмайдилар, аксинча, оддий ҳаёт тарзи билан яшайдилар, ҳатто психиатрия шифохонаси даволанаётганларини ҳам англамайдилар. Ушбу комплекс яшаш бинолари, ҳиёбон, боғ, майдон, сартарошхона ва ҳатто кичикроқ театрдан иборат. Бинолар беморларнинг хотираси ишлашдан тўхтаб қолган даврга мослаб 50-, 70- ва ҳатто 2000 йиллар услубида қурилган. Ҳар бир янги бемор ўз дидига мос жойни танлаши мумкин. Беморлар 5–6 киши бўлиб, бир ёки икки васий оталиғида яшайдилар. Ивонн ванн Амеронгеннинг айтишича, беморлар учун доимий мулоқот ва ташқи дунё билан алоқада бўлиш муҳимдир – шу тарзда улар улар ўзларини хотиржам сезадилар ва касалликнинг авж олишига йўл қўйилмайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ёлғизлик кашандалик сингари зарарли ва семириб кетишдан икки баробар хавфлироқдир. Бир кекса бемор онахоннинг турмуш ўртоғи берган репортажда шундай дейди: “Бу “очиқ” маконда одамлар фасллар алмашинувини кузатишлари, иссиқ ёки совуқ тушаётганини ҳис этишлари мумкин. Ресторанга боришлари, чойхўрлик қилишлари, истаган жойларига сайр қилишлари мумкин”. Шифохонада хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳам бўлиб, улар ўзларини гўё кассачи, ишчи ёки бошқа тусда кўрсатадилар. Кексалар кўплигини ва кассада умуман пул олмасликларини ҳисобга олмаганда, бу ер чиндан ҳам бутун бошли қишлоққа ўхшайди. Хогевейкда ҳар бир кекса одамга дўстона муносабатда бўлишади ҳамда ҳар жабҳада қўллаб-қувватлашади.
2013 йили комплекс деменция билан оғриган кишиларга ғамхўрлик кўрсатилишининг янги концепцияси учун Highly Commended Award мукофотига сазовор бўлди. Тасаввур қилиш мушкулку-я, лекин беморларга уйда ҳамшира қарагандан кўра шу ерда яшаб юришлари арзонроқ тушар экан. Қолаверса, шифохона Амстердамга яқин, қавм-қариндошлар тез-тез келиб беморларни кўриб кетишлари мумкин.