Энг кескин, энг экстремал шароитларда омон қолмоқ учун икки омил жуда муҳимдир: аввало, вазиятга қай даражада шайлигингиз, ундан сўнг омад борасида қанчалик пешонангиз ёрлақанида. Эътиборингизга денгиз офатларидан омон қолган энг омади кулганлар ўнталигини ҳавола этамиз.
1. Брэд Каванах ва Дебора Кили.
1982 йили Мэн штатидан Флоридага қайиқда сафарга чиққан беш киши кучли бўронга учрайдилар. Тунда қайиқ деярли бутунлай сувга тўлади ва барча йўловчилар захира дамлама қайиққа ўтиришларига тўғри келади. Бўрон тингандан сўнг ҳам табиий офат билан кураш нақ 18 соат давом этади. Лекин бу ҳали ҳолва эди. Бояқишларнинг атрофига тишини қайраб оч наҳанглар тўплана бошлайди. Бир йўловчи эса қони заҳарлангани боис ажал чангалига тушади. Орадан икки кун ўтиб, икки киши ортиқ бардош беролмай, қуруқликкача сузиб боришга қарор қилишади. Бу эса фожиа билан тугайди – икковлон наҳанг балиқлар комида ўлим топишади. Алал-оқибат, бу омадсиз денгиз сафаридан икки кишигина омон қолади. Уларни йўловчи кема қутқариб қолади.
2. Трой ва Жош.
25 апрель, Жош Лонг (17 ёш) ва унинг энг яқин дўсти Трой Дрисколл (15 ёш) наҳанг балиқ овлашга чиқишади. Йигитлар пляждаги юз беражак сувнинг кўтарилиш тўлқинига оид белгиларга эътибор бермай денгизга чиқишганди. Тўлқин уларни шунчалик тез доғда қолдирадики, йигитлар ҳатто қирғоқ томон бурилишга ҳам улгуришмайди. Тўлқинлар билан кураш давомида икковлон қармоқлари, хўракларини йўқотишади ва жазирама офтоб тиғида очиқ денгизда сувсиз-емаксиз қолишади, вақти-вақти билан медузалар билан озиқланиб, йигитлар олти кун дош беришади. Бахтларига, олтинчи куни йигитларни топиб олишади. Шифокорларнинг айтишича, Тройнинг аҳволи шу даражада абгор эдики, яна бирон соат кеч қолганларида уни қутқариб қолишолмас экан.
3. Аманда Торнс ва Деннис Уайт.
Аманда, унинг отаси Вилли ва чўқинтирган отаси Деннис Уайт 6 ноябрь куни Бермуд оролларига саёҳатга отланишади. Тахминан тунги соат 12 ларда бўрон қўпади ва учовлон қайиқ кабинасига яширинишга мажбур бўлишади. Икки киши ухлаётганда, Аманданинг отаси вахтада турганди. Бахтга қарши, тўлқинлар шунчалик кучли эдики, довюрак капитан ва қолган барча асбоб-ускуналарни сув олиб кетади. Кейинги уч кун ичида тирик қолганлар пўртанага дош беришга уринишади. Орадан ўн кун ўтиб улар ўз мачталарининг синиқларига дуч келишади. Мачтани ўз ўрнига жойлаштириб, яна-тағин икки кун сузишади, шундан сўнг уларни каттакон танкерт ўз бортига олади. 21 ноябрда улар ниҳоят Бермуд оролларига етиб келишади.
4. Совутгичда омон қолганлар.
23 август куни ичида ичида 20 кишилик экипаж бўлган, 10 метрлик тай ёғоч балиқ овловчи кемаси кучли бўрон вақтида парча-парча бўлиб чўкиб кетди. Экипажнинг аксар қисми шунчаки сувда йўқолди, лекин икки киши омон қолди, улар балиқ сақлашга мўлжалланган совутгичга кириб олишганди. Совутгичнинг ағдарилиб кетмаганини чинакам омад деса бўлади. Совутгични 17 январдагина топишади. Бу вақт ичида икковлон совутгич ичида балиқларни ва ёмғир сувларини ичиб, тирик қолишганди.
5. Фижи болалари.
Саму Перес (15 ёш), Фило Фило (15 ёш) ва Эдвард Насау (14 ёш) 5 октябрь куни Атафу атолли (ҳалқа шаклидаги маржонлар ороли)дан уйларига кичкина металл тоғорада йўл олишга қарор қилганларида олдинда уларни нималар кутиб турганини билишмасди. Уларнинг “кема”си йўлдан адашиб, кучли оқим олиб кетади. Қутқарувчилар 1000 квадрат уммон сайхонлигида излаш ишларини олиб боришгач, уларни ҳалок бўлган деб ҳисоблашади. Шундай бўлса-да, орадан 50 кун ўтиб болалар топилади. Улар балиқ тутиб, уларни ўлик деб ҳисоблаб устларига келиб қўнган оқчарлоқларни тутиб ейишиб тирик қолишади. Қутқарилишларига икки кун қолганда болалар ўлим ёқасига келиб қолишганди, негаки бир неча кундан бери ёмғир ёғмай, бечоралар денгиз сувини ичишга мажбур бўлишганди. Бахтларига, Фижи соҳилларидаги балиқчилар уларни ўз вақтида кўриб қолишади.
6. Стивен Каллахан.
Стивен Каллахан ашаддий денгизчи, ҳарбий денгиз архитектори ва ихтирочиси эди. У Атлантика уммони орқали Канар оролларидан Багам оролларигача ўзининг 6,5 метрли қайиғида сузиб боришга жазм этади. Бир ҳафтадан сўнг қайиқ аҳдарилиб кетади, эҳтимолки, кит билан тўқнашиб кетганди. Каллахан энг зарур нарсаларнинг бир қисмини олиб, қутқарув қайиқчасига ўтиришга аранг улгуради. Кейинги 76 кун давомида у жануби-экваториал оқим билан кўчиб юради. Озиқ-овқат захирасининг таги кўриниб қолгач, у найза ёрдамида майда балиқларни овлашга тушади. Саёҳатининг 76 куни Стивен Гваделупа қирғоқларидаги балиқчилар томонидан қутқариб қолинади.
7. Ричард Ван Фам.
Ричард Ван Фам – Калифорния штатининг Лонг-Бич шаҳридан бўлмиш 62 ёшли қария. Май ойида у 3-4 соатлик Кталина курорт оролчасига сузишга чиқади. Бироқ бирдан қўпган бўронли об-ҳаво туфайли унинг двигатели, мачта ва алоқа воситалари ишдан чиқади. 3 ой давомида у ўзининг камтарона қайиқчасида денгизда сузади. Чоли тушмагур денгиз тошбақасини тутиб олишга муваффақ бўлади. Жониворнинг бир қисмини еб, қолганини хўрак сифатида ишлатади. Қобиғидан эса денгиз сувини дистиллайдиган ускуна ясайди. Охир-оқибат, у қутқарувчилар томонидан топилади.
8. Морис ва Мэрилин Бейли.
Мэрилин ва Морис 12 метрли яхтада Саутгемптондан денгизга чиқиб, орадан бир неча ой ўтиб Янги Зеландияга етиб олишни мўлжаллашади. Келаси йилнинг февраль ойида улар Панама оролларидан ўтишади. Шундан сўнг бир ҳафта ўтиб яхта кит томонидан қаттиқ шикастланади ва жуфтлик ўзлари билан энг зарур нарсаларни олиб, дамлама қайиқчага ўтишга мажбур бўлишади. Дастлабки кунлари улар консерва маҳсулоти тановул қилиб, ёмғир сувидан ичишади. Озиқ-овқат тугагач, улар денгиз тошбақаси, денгиз қушлари, балиқлар ва ҳатто наҳанг балиқларни ейишга тушишади. Денгиздаги саргардонликлари давомида улар ёнлари ўтиб кетган, аммо тўхтамаган еттита кемани санашади. Ниҳоят, 30 июнь куни бу жафолар якун топади: уларни корейс балиқ овловчи кемаси ўз бортига олади. Бу 117 кунлик сарсон-саргардонлик давомида ҳар бири 20 килограммдан вазн йўқотишганди.
9. Пун Лим.
Пун Лим денгиздаги экстремал вазиятларда омон қолиш бўйича рекорд ўрнатган.1942 йил 19 ноябрда Пум Лим ўтирган инглиз кемаси Кейптаундан Бразилияга йўл олади. Буни қарангки, немис сув ости кемаси кемага торпеда билан ҳужум қилади. Пун Лим 25 кишилик солда 2 кунлик озиқ-овқат ва сув захираси билан бир ўзи тирик қолади. У сув захирасини 55 кунга етказади, қолган кунларда эса денгиз сувини ичишга мажбур бўлади. Майда балиқ, оқчарлоқ ҳамда тасодифан тутиб олган наҳанг балиқлар билан озиқланади. Жабрдийдани тўлқинлар аро 133 кунлик саргардонликдан сўнг Бразилия балиқ овловчи кемаси қутқариб олади.
10. Мексикалик балиқчи.
Лусио Рендон, Сальвадор Ордоньес ва Иисус Эдуардо Виванд ва яна икки киши 2005 йил 25 октябрда Сан-Блас Наярит портидан Мексикага 9 метрлик шиша толали қайиқда наҳанг балиқ овига чиқишади. Балиқ ови учун барча қурилмаларни жойига ўрнатиб, катта ўлжа тушишига умид қилиб дам олиш учун узоқроққа сузиб кетишади. Лекин қайтиб келишгач,қурилмаю асбоб-ускуналардан ном-нишон ҳам топишолмайди. Бир неча соат давомиида қидирув ишларини олиб боришади, бунинг натижасида барча ёнилғини ишлатиб қўйишади. Бу вақт ичида улар қирғоқдан анча нарига сузиб кетишганди, қмирғоққа сузиб боришга қанчалик уринишмасин, шамол ва оқим уларни уммон ичкарисига олиб кетади. Орадан 4 кун ўтиб уларнинг озиқ-овқати ва сувлари тамом бўлади, кейинги 3 кунни улар очлик ва ташналикда ўтказишади. Бахтларига. Ёғиб ўтган ёмғир 200 литрли контейерни тўлдиради, бироқ емиш масаласи чатоқ эди. Бечоралар денгиз тошбақаса ва балиқ билан кун санашади. 2006 йили 9 августдагина Тайвань балиқ овловчи траулерининг радари пайқаб қолади. Бу вақт давомида жабрдийдалар 5500 чақирим сузишганди.