АсосийShou-biznes

ЗИЁДА ҚОБИЛОВА МАРҲУМ ОТАСИ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАРИ БИЛАН БЎЛИШДИ...

'ЗИЁДА ҚОБИЛОВА МАРҲУМ ОТАСИ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАРИ БИЛАН БЎЛИШДИ...'ning rasmi
Ўтган 2017 йил, Зиёда Қобилова учун ҳам қувончли, ҳам қайғули кунлар билан ўтди, десак муболаға бўлмайди...

У 11 март куни иккинчи бор оналик бахтига муяссар бўлган бўлса, орадан кўп ўтмай — 29-июнь куни эса отаси Рустам Қобилов туйқусдан вафот этди. Ҳар бир фарзандга сингари, хонанда учун ҳам бундай жудолик жуда оғир. Айни кунларда ижодини фаол тазрда давом эттираётганига қарамай Зиёданинг кўнглидан нималар кечаётгани фақат ўзига аён. Бугун эса у дилидаги гапларини биз билан бўлишишга қарор қилди.

Зиёда Қобилова: — Илгари кимнингдир ота ё онаси қазо қилганини эшитиб қолсам, ичимдан зил кетардиму, аммо чуқур англаб етмасдим. Бу савдо бошимга келгач биляпманки, жуда оғир кечаркан. Отамнинг вафотидан кейин хизматларга чиқолмай қолдим. Ҳеч нима татимади. Ўша кунлари Самарқандда хизматимиз бор экан, мезбонлар бизнинг вақтимизга мўлжаллаб тўй кунини белгилашганди. Маъмурим қўнғироқ қилиб, боролмаслигимизни айтди. Шунда тўй эгалари Тошкентга келиб, онамга учрашишибди «Бормасалар бўлмайди, илтимос кўндириб беринг» дея. Онам менга қўнғироқ қилиб, «Қизим, аза уч кун. Ўзингни қўлга ол, отанг сенга халқ хизматида бўл демабмидилар, унутдингми?» деганларидан сўнг кўз ёш тўкдиму, ўзимни қўлга олишим кераклигини англадим. Волидамнинг шу сўзларидан сўнг Самарқандга жўнаб кетдик. Онамнинг «Лафз қилдингми, одамларнинг ихлосини қайтарма, ишингни давом эттир» деган сўзларидан ўзимда куч олаяпман. Ёнимга келиб таъзия билдираётганлар кўп. Самарқандга борганимизда бир воқеа бўлди, «Отажоним» таронасини айтиб беринг деб қолишди. «Ҳозир бунинг иложи йўқ, тўғри тушининг» десам ҳам кўнишмади, хуллас куйладим (овози титраб). Қўшиқни бошладим, бир маҳал тўйхона ўртасига дадамнинг расмларини келтиришди, ишонасизми, тамом бўлдим... Бир тарафдан эътиборлари, ҳамдарликларидан қувонсам, иккинчи тарафдан кўнглим алланечук бўлаверади (йиғлаб юборди). Ҳали ўзимга келганимча йўқ. Назаримда отам тирикдай. Уйга борсам, ҳовлида турган машинани кўриб, ҳозир отам чиқиб келадигандек туюлади. Аммо у киши энди йўқ,.. Яхшиямки, оилада саккиз фарзандмиз, етти қиз, бир ўғил. Опа–сингил, укам, бир–биримизга тиргак бўляпмиз. Бунақа пайтларда фарзандларнинг кўп бўлгани яхши экан, бир-бирингизга суянаркансиз. Фарзанд кўрганимда дадам кунига уч-тўрт маҳал хабар олиб кетардилар. «Овора бўлиб келаверманг» дея хижолат тортардим. Менимча, ҳеч кимнинг отаси бундай қилмаса керак.

Отам ҳақида қанча гапирсам ҳам оз. Бизларни ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказдилар. Биз қизларни ҳаммадан қизғанардилар. «Эдилар» дея сўзлашнинг ўзи оғир, рости ҳали ҳам кўниколмаяпман. Ҳаёт пайтлари отам кўп яхшилик қилардилар. Ҳатто, етти ёт бегона одамнинг илтимосини ерда қолдирмай, даволаниши керак бўлса даволатиб, пулдан сиқилиб қолганларга бозор–ўчарини қилиб берардилар. Қўни–қўшниларнинг уйидаги тўй ёки маракада отам ҳамиша хизматда бўлганлар. Бирор маротаба ҳам оғринганларини кўрмаганман. Ўғилларим отам сингари қалби пок инсон бўлишларини ният қиламан...


    Бошқа янгиликлар