1

Ижтимоий тармоқлар акс-садоси: Тошкент шаҳрига прописканинг очилиши – йилнинг энг яхши янгилиги

ЖАМИЯТ 23.01.2018, 10:26
Ижтимоий тармоқлар акс-садоси: Тошкент шаҳрига прописканинг очилиши – йилнинг энг яхши янгилиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 январдаги Фармони билан қабул қилинган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури халқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Қарорда назарда тутилган ўзгаришлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Айниқса, Ўзбекистонда вақтинчалик ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишдаги тақиқ бекор қилинишини кўпчилик катта хушхабар сифатида қабул қилди. Фойдаланувчилардан бири Зафар Ёриев бу хабарни “Йилнинг энг яхши янгилиги!” деб атади.

Нормурод Ҳамроев “Ҳақиқатдан ҳам ажойиб янгилик! Энди юртдошларимиз давлатимизнинг ҳоҳлаган жойларига бориб қонуний тартибда ўз яшаш жойлари пропискалари билан ишга жойлашиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, Ватанимиз пойтахти Тошкент шаҳрида ҳам. Зеро, пойтахтимизда ишлаш имкониятлари кенг ва ишчи ўринлари бисёр. Олдин проропискаси бўлмаса ишга қабул қилинмаслиги минглаб юртдошлармиз мутахасисликлари бўйича ишга жойлаша олмаслигига сабаб бўлаётган эди. Муҳтарам Юртбошимизнинг қарорларида қайд этилган ушбу имкониятларни фақат табриклаш керак!” деб ёзган.

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг уй-жой сотиб олишига оид чекловлар бекор қилинганини эса кўпчилик юртдошларимиз қизғин қўллаб-қувватламоқда.

Отасига раҳмат, шу қарорни имзолаганнинг, – деб фикр қолдирган фойдаланувчилардан бири Фахриддин Турдиев. – Ўзбекистон фуқароси хоҳлаган жойида яшаши керак. Қандай яхши хабар! Шу вақтгача вилоятликлар камситиб келинганди. Ахир шу юрт учун ишласак, шу юр учун солиқ тўласак, нима учун ватанимиз пойтахтидан уй-жой олиб яшолмаймиз, деган фикр қийнарди мени. Бугун армонларимиз ушалган тарихий кун бўлди”.

Ободон Рейимбоева эса “Ўзбекистон фуқароларининг кониституциявий ҳуқуқлари тикланишига асос солинибди. Вилоятларни ажратиб ташланишининг олди олинибди. Энди Тошкент шаҳри тараққиётига янада кенг йўл очилибди”, деб фикр қолдирган.

Бироқ, фойдаланувчилар орасида айрим қарши фикрлар ҳам кўзга ташланди. Нодир Ғуломов “Яна бошланди тошкентликларни хор қилиш прописаси борлиги учун. Шунчалик ақлли, ўқимишли экансиз, ўз ота-буваларингизнинг ерини ривожлантиринглар”, деб фикр қолдирган.

Дурдона Йўлдошхўжаева эса “Тошкентда ишлаш бемалол дегани туғилган юртингни ташаб кетиш дегани эмас”, деб ёзган.

Бундай фикрларга жавоблар ҳам ўз-ўзидан қолдирилган шарҳларда учрайди. Шаҳноза Аъзамованинг “Мен тошкентликман, сен водийликсан, деган гаплар тугамагунча бизнинг биримиз икки бўлиши қийин. Ҳаммамиз бир юрт фарзандимиз, бир-биримизга ҳурматда бўлишимиз керак”, деган фикрида жон бор, албатта.

Бундай фикрларни Нурхон Алдиёрова ҳам давом эттирган: “Азиз ватандошларим, ака-ука, опа-сингилларим. Сизларнинг қолдирган фикрларингизни ўкиб ҳайрон қолдим. Наҳотки, шу гаплар кўкси осмон, беғубор, меҳмондўст, меҳри дарё ўзбегимдан чиқаётган бўлса?! Юртбошимизнинг чиқарган карори шу юртнинг, авваламбор, биз халқнинг равнақи, тинчлиги учундир! Биз ақл билан иш қилсак, бир ёқадан бош чиқарсак, жипслашсак, шундагина буюк давлат бўламиз! Ўзбекистон фарзандларимиз, шуни унутмайлик, азизларим!”

Музаффар Убайдуллаев ҳам маҳаллийчиликдек иллатга нуқта қўйиш мақсадида “Юртимиз ичида бир-биримизга сунъий фарқланишни қўлласак, бир тан, бир жон бўлмасак, ташқаридан ким бизни ҳурмат қилади?”, деб барчага мурожаат этган.

Сардор Сиддиқов: “Агар вилоятларда тез-тез шароитлар яхшиланса, прописка ҳеч кимга керак бўлмасди. Ахир ҳамма ўз туғилган ерида яшашни ва ишлашни хоҳлайди. Тошкент ситига кетадиган пулни балки вилоятларга ишлатиш керакдир?”.

Хайрулло Азимов эса “Барча ҳудудларга солиқ ва молиявий преференциялар берилса, республиканинг бир текис ривожланиши учун кенг йўл очилади. Кўпчилик Тошкентдан вилоятларга бизнесини кўчирадиган ёки кенгайтирадиган давр ҳам келади”, деган фикрда.

Азиза Раҳимова “Уйимни ўз номимга ўтказаман, энди!”, деб фикр қолдирган бўлса, Лазиз Соибов “Уч йилдан буён уйим бировнинг номида эди. Ўз уйимда ўзим ижарада яшаётгандим. Энди бунга чек қўйилади”, деб ёзган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1