Тайвань полицияси якшанба куни ўтказган рейди натижасида Гаосюн шаҳридаги портда балиқчилик кемаларининг биридан 1289 килограмм миқдордаги кетамин гиёҳвандлик моддасини топишга муваффақ бўлди, деб хабар берди Ria.ru нашри.
Полициянинг гиёҳвандликка қарши курашиш бўлими ходимлари Гаосюн шаҳар порти орқали Тайванга гиёҳвандлик моддалари кириб келаётганлиги ҳақидаги хабарни олишгандан кейин бир ҳафта давомида портда кузатув ишларини олиб боришди.
ShengLiMan номли балиқчилик кемаси полициячиларнинг диққатини тортди. Мазкур кема балиқ овлаш учун мўлжалланган бўлса-да, у деярли балиқ овлаш билан шуғулланмас эди. Якшанба куни денгизга чиққан кеманинг Сяолюцю оролида бузилиб қолгани ҳақида хабар берилди. Полициячилар ҳодиса юз берган жойга етиб бориб,уни тинтув қилишди.
Ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари тинтув натижасида ShengLiMan кемасидан музлаткичга яширилган 126 дона қора пакетга ўралган гиёҳвандлик моддасини топишга муваффақ бўлишди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик моддасининг баҳоси 102 миллион долларни ташкил этиши маълум бўлди.