Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирза Азизов кино ва театрда яратган катта-кичик роллари туфайли халқ назарига, томошабин меҳрига сазовор бўлди. Назаримизда, у кўпроқ салбий образлари орқали кўз олдимизда намоён бўлади. Хўш, у аслида қандай инсон? Актёрнинг умр бекатларига тўхталиб, мана шу жиҳатига назар соламиз...
1-бекат: “Беш ёшимда дутор чалиб, куйлардим!”
— Мен 1963 йилнинг 22 майида Наманган вилояти, Чуст туманида санъаткор оиласида туғилганман. Дадам Маҳамадусмон ўз даврининг мумтоз қўшиқларини маромига етказиб куйловчи ҳофизи бўлган. Онам — уй бекаси. Бобом — Абдуусмон ҳам ўз давриниг машҳур хофизларидан. Оилада бешта фарзанднинг кенжаси эдим. Бош фарзанд — Жўрахон акам. Ҳулкархон, Манзурахон, Матлубахон исмли опаларимдан сўнг онам қариган чоғларида мен дунёга келтирганлар. Беш ёшимда дутор чалиб ашула айтардим. Етти ёшимда биринчи синфга борганман.
Мактабда ўқиб юрган пайтларимда “Бой ила хизматчи” ва шу каби турли спектаклларни саҳналаштирардик. Турли тўгаракларга бориб, мусиқа мактабига қатнардим. Мактабда менга Маъсудхон Эшонхонов, мусиқа мактабида Мирзатулла Неъматуллаев устозлик қилишган. Бошқа фанлардан ҳам аъло баҳоларга ўқиганман. Дадам раҳматли мени бирор марта чертган эмас. Хўжа, эшонлардан бўлганлигимиз боис ҳаммамизни сизлаб гапирардилар. Ўша пайтда маҳалламизда артезиан бўлар эди. “Болам эзилиб қолмасин, кенжатойимга тегманглар. Керак бўлса ўзим олиб келаман”, деб дадам кекса бўлишига қарамай ўзлари сув ташиб келар, мени ишлатмасдилар.
Учинчи синфлигимда дадамдан шашмақомни, устоз Собирхон хофиздан “Баёт-1”, “Баёт-2” ларни ўрганганман
— Бу ҳали ёш-ку, қийнаманг! — дея мени аярди онам.
Дадам эса роза бўлмасди:
— Мен борлигимда ўрганиб олсин. Бола бундай катта қўшиқларни ёшлигидан куйлаб ўрганиши керак!
“Баёт-1”, “Баёт-2”, “Самарқанд ушшоғи”ни қийналмай ижро этардим. Ўқувчилик пайтларимда иншойимга “мен катта бўлсам санъаткор бўламан”, деб ёзганман. Демоқчиманки, санъатга бўлган ҳавас менда болалигимдан, ўзим ўсиб катта бўлган муҳит орқали пайдо бўлган.
2-бекат: “Қўшиқдан узилиб қолмаслик учун...”
— Мактабни тамомлаб, ҳозирга Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти мусиқали драма актёрлиги бўлимига ўқишга кирдим. Келажакда қўшиқ ижро этишдан узилиб қолмаслик учун ҳам айнан мусиқали драма актёрлиги бўлимини танлаганман. Кинофильмларда суратга туша бошлаганимдан сўнг қўшиқ айтишни тўхтатдим. Институтда катта устозлардан профессор Саидазим Муродхонов, Асад Абдиевлардан вокал санъати бўйича беш йил давомида сабоқ олганман. 1992 йилдан 1997 йилгача Ўзбекистон Давлат драма театрида Ўзбекистон халқ артисти, машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошев қўлида беш йил ишладим. Энг ҳаяжонли дамларни шу театрда кўрдим, десам тўғрирроқ бўлади. Амир Темур бобомизнинг 660 йиллигида Баҳодир Йўлдошев бошчилигида Францияда, Париж шаҳридаги ташкил этилган тантаналар ва халқаро байрамларда иштирок этганман. Шов-шувларга сабаб бўлган шоҳ асарларда катта-кичик ролларни ижро этишга ҳаракат қилдим.
3-бекат: Поездда келган палов
— Дам олиш кунлари кечки поездда Чустга кетардим. Онам раҳматли мен яхши кўрадиган таомларни тайёрлаб, ўзлари емай кутиб ўтирардилар. Мен борганимдан кейин овқатланардик. Сўнг яна шу поездга чиқиб, эрталаб Тошкентга етиб келардим. Агар уйга бора олмасам, онам ўзлари кечқурун поездга чиқиб, беҳи солинган, сергўшт паловни совумасин деб тўртта-бешта дастурхонга ўраганча Тошкентга келардилар.
— Нима қилиб юрибсиз? — койирдим мен.
— Болам, уйга бормаганингга пулинг қолмадимикан, деб хавотир олдим. Соғ саломатмисан?
Бу гапдан сўнг ҳеч нарса деёлмасдим. Ўртоқларим билан бирга ош ердик. Энди ўйласам, бечора онам эринмай, катта тоғораларда тўрт-беш кило ошни кўтариб келган экан.
Бешинчи курсни тамомлаганимда онам оламдан ўтдилар. Раҳматли дадам эса саккизинчи синфлигимда вафот этганлар. Онам жуда ҳам жасоратли аёл эдилар. Дадамнинг вафотидан сўнг бизни уйли-жойли қилиб, мени ўзлари ўқитганлар. Ана шу икки яқин инсонларимни йўқотганимдан сўнг яшашга бўлган умидим сўниб, мен ҳам ўлиб қолсам керак деб ўйлаганман. Театрда ишлаб, биринчи маошимни онамга совға қиламан, деб ният қилар эдим. Афсус, шу ниятим амалга ошмади. Дунёда ота-онадан ортиқ яхши дўст ёки меҳрибон инсон йўқ. Айни балоғат ёшига етган, ҳар хил йўлларга кириб қолиш ҳавфи бўлган бир пайтда онамнинг вафот этганлари жуда алам қилган. Ўзимни йўқотиб, қаттиқ тушкунликка тушиб қолганман.
Ўша пайтлар баритон овоз эгалари орасида мен, хоразмлик Бахтиёр Омонбоев, Александр Бекжоновлар энг яхшилар сафида эдик. Жаҳон классикасидан энг юқори партияли операларни айтардик. Шу боис диплом спектаклларимиздан “Гусарнинг уйланиши”, “Паранжи сирлари” каби спектаклларда бемалол рол ижро этганман. Шунинг учун менга “Москвадаги консерваторияга икки-уч йилга амалиётга жўнатамиз. Ота-онангдан рухсат олиб кел”, дейишган.
Уйга бориб, вазиятни тушунтирдим.
— Майли болам, дадангнинг саксон сўм нафақасига мени етмиш етти сўм нафақамни қўшамиз. Стипендияга қўшимча яна маданият вазирлигидан юз сўм беради деяпсан. Ҳаммасини қўшсак, бемалол ўқиб келасан, — дея онам рози бўлди.
Тақдирки қарангки, ўша бир ҳафта ичида ўзлари вафот этиб қолдилар.
4-бекат: “Ота касбни танлаб адашмадим”
— Санъат соҳасини танлаганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Сабаби, ота касби — жуда улуғ касб. 1989-1990 йиллар оралиғида иқтисодий томондан қийналиб қолгандим. Ўшанда Чустда ҳовлим, ҳамма нарсам бор, қариндош уруғларим ёнимда эди. Шундай бўлса-да, “Ишлолмай қайтиб келди”, деган иснодга қолмаслик учун қийналсам ҳам ишлайверганман.
Устозим Баҳодир Йўлдошев ҳамиша “Иш, меҳнат ҳар қандай вазиятдан қутқаради”, деб насиҳат қилардилар. Шунга амал қилдим ва кам бўлмадим.
5-бекат: Танқидчилар ва томошабин фикри
— Биринчи ролимни ҳечам унутолмайман. Муқимий театрида илк маротаба ҳаяжонланиб, қалтираб Аҳад Фармонов саҳналаштирган “Куёвлар конкурси”да Кенжавой ролини ўйнаганман (кулади).
2005 йили Мисрда тўқсон тўртта давлат ичида мен ўз диплом спектаклим билан иштирок этдим ва лауреат бўлиб қайтдик. Кейин “Тўда” спектаклини саҳналаштирдим. “На малакман, на фаришта” спектаклида Машраббек, “Алпомишнинг қайтиши”да Алпомиш, Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган “Искандар” спектаклида Искандар, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида бош роллардан бири Эрозий, Муқимий театри саҳнасида эса “Хотинимнинг уч шайдоси”да ҳозирги кунгача Бойсоатни ўйнадим. Ўзимга жуда ҳам ёқади шу ролим.
Шунингдек, “Супер қайнона”да Мардон ва шу каби кўплаб спектаклларда ўйнадим. “Тўда”, “Тошкентнинг нозанин маликаси”, “Синфдош”, ёҳуд ”Куёвликка номзод” мусиқали драмаси, “Хасис ва хизматкор” болалар учун мусиқали драмасини саҳналаштирдим. Театр танқидчилари ва томошабинлар биринчи ролимдаёқ шундай умид билдиришган:
— Келажакда яхши мусиқали драма актёри бўлади!
Бу ишончни қай даражада оқлаётганимни билмайн-у, лекин ҳаракат қиляпман.
6-бекат: “Ижод қилишга йўл беришмаган...”
— Инсон ҳамма вақт нафс ва ақл ўртасида яшайди. Ақлнинг ортидан борган инсон комилликка эришади. Нафс эса ҳалокатга етаклайди.
Орзу-ҳавасларимнинг чеки йўқ эди. Худога шукр, деярли барча орзуларимга эришдим деб бемалол айта оламан. Жаннатмакон юртимизда ўзбек бўлиб туғилганлигимиз, тўкин-сочин, озод ва обод юртда яшаётганлигимизнинг ўзи бир бахт. Ишлаб, ҳалол пок яшайман десангиз, сиз учун ҳамма имкониятлар эшиги очиқ. Шу имкониятларни ушлаб қолиш инсоннинг ўз қўлида. Бугунги кунда ўзимга яраша мухлисларим бор. Театр ва кинода ижод қилиб келаётганлигимнинг ўзи катта бахт.
Биласиз, турмуш ўртоғим Тожибар Азизова ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Шуҳрат медали совриндори. Камчилигимиз йўқ. Ўғил-қизларимизни вояга етказдик. Бир армонимиз, мана шу кунларни ота-оналаримиз кўрмади... Ҳозир уларни ҳажга, чет элларга жўнатишга қурбимиз етади. Лекин ота-онамиз йўқ! Нима бўлганда ҳам бу Яратганнинг иродаси. Келмоқ бор экан, кетмоқ ҳам бор.
Оилада биргина қувончимиз, ўғлимнинг ўғли Сарвархон. Набира фарзанддан ҳам ширин бўларкан. Баъзида фарзандларимиз ҳам эсимиздан чиқиб қолади (жилмаяди). Бобо бўлдик, Тожибархон момо бўлди. Худога шукр, ана шу бахтли онларни бошимидан кечиряпмиз.
Тўғри, тақдир тақозоси билан ҳар хил шароитлар туфайли ижод қилолмаган, бирор спектаклни саҳналаштиришда театрнинг ўзида тазйиқлар қилиб, менга йўл бермаган пайтлар ҳам бўлди. Ана шу пайтларда вақтим бекор кетганига ачинаман. Лекин мени ана шу алам ва изтироблар янада қаттиқ ижод қилишга, янада кучлироқ бўлишга ундагандир, дея ўтмишни яхшиликка йўяман.
7-бекат: “Оиламизга туҳматлар таҳдид солган!”
— Тожибар билан институтда бирга ўқиганмиз. Биз билан бирга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Шарофат Тожибоева, Мирзаабдулла Раҳмонов, Ўзбекистон халқ артисти Зулайхо Бойхоновалар ҳам ўқиган. Бугунга келиб ҳаммамиз ўз касбимиз билан шуғулланиб, санъатнинг нонини еб келяпмиз. Санъат нонини ейиш учун чидаш керак. Илгари бир бурда нон топиш масаласи муаммо бўлган пайтлар бўлган. Лекин биз чекиниб, касбимизни ташлаб кетмадик. Бугунга келиб мустақиллигимиз шарофати билан гастрол, кино ва театр фестивалларида иштирок этиб келяпмиз. Буюк устозларимиз орзу қилган даврда яшамоқдамиз.
Оилада бир-биримизни рашк қилмаганмиз деб айта олмаймиз. Бир-бирига меҳр қўйиш орқали рашк қилинади, қизғанилади. Лекин ўзаро ишонч туфайли рашкка барҳам берилган. Ҳар хил фисқу фасодлар, туҳматлар оиламизга таҳдид қилган, кейинчалик бунинг охири ёлғон эканлиги аниқланган. Чунки рафиқам ҳам, мен ҳам бир-биримизни тушуниб, бир-биримизга ишониб, ана шу қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтолдик...
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди