Ислом дини азалдан илм-маърифат, тафаккур, ақл-идрок дини бўлиб келган. Муқаддас Куръони каримда ҳам илмга даъват қилувчи ўнлаб ояти карималар учрайди. Диний манбаларда динни чуқур ўрганмай туриб, уннинг нозик жиҳатларини илғамасдан туриб, диний масалаларда баҳс юритиш, билағонлик қилиш, ўзбошимчалик билан “фатво чиқариш” қатъий тақиқланган.
Тармоқдаги “қармоқ”
Исломнинг асл-мазмун моҳитидан хабардор киши ҳеч қачон ёвузликка қўл урмайди. Бугун турли диний оқимлар, радикал гуруҳлар таъсирига тушиб, дунёнинг турли бурчакларида терактлар содир этиб, юзлаб бегуноҳларнинг ўлимига сабабчи бўлаётганлар ҳам динимизнинг асл моҳиятидан бехабар, жаҳолат бандаларидир. Уларнинг таржимаи ҳоли билан яқиндан танишар экансиз, аксарияти малакали диний таълим у ёқда турсин, ҳатто мактабда ҳам қойиллатиб ўқимаган чаласавод кимсалар экани маълум бўлади.
Ана шулардан бири Сурхондарё виляотининг Шўрчи туманида туғилиб ўсган Олим Хидировдир. У 1969 йилда туғилган. Ўрта мактабни аранг битирган бу “донишманд” юртимиздаги диний таълим даргоҳларининг, маъҳаду мадрасаларнинг яқинига ҳам йўламаган. Ўзича қўлига илинган, мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ёхуд яширинча чоп этилган қўлланмаларни ўқиб суяги қотган, дунёқараши ҳам ана шундай ғаразли ғоялар билан суғорилган.
Одатда бедаво юқумли касалликка чалинган айрим одамлар ўзидаги бу мудҳиш иллатларни бошқаларга атайин юқтиришга мойил бўларкан. Мияси ақдипаратлик, экстремистик ғоялар билан заҳарланган кимсаларни ҳам айнан ўша тоифага бемалол қўшиш мумкин.
Олим Хидиров ҳам тез орада ўзини алломаи замон бўлгандек ҳис этдими, ён-веридаги одамларни, таниш-билишлари, қўни-қўшни, қавм-қариндошларини ҳам экстремистик ғояларга тарғиб эта бошлади.
Унинг маърузаларида бугунги дунёвий, конституцион тузум эндиликда талабга жавоб берма қолгани, фақат шариат асосидаги қонунларга бўйсуниб яшаш, дунёвий бошқарувга қарши бош кўтариш, бутун инсоният ягона халифалик давлати байроғи остида яшаши лозимлиги иддао қилинади.
Олим Хидиров бугун ҳамма кенг фойдаланаётган ижтимоий тармоқлари орқали ҳам ўзига ҳаммаслакларни излаш, интернет фойдаланувчиларининг онгига ғаразли ғояларни қуйишга ҳаракат қилиб келган.
Унинг тармоқдаги аккаунтларида очиқдан-очиқ “жиҳод” қилиш, айирмачиликка, фитна-фасодга даъват сезилиб туради. У хоинона жиноятлари сабаб жангларда шарафсиз ўлим топган террорчиларни қаҳрамон деб кўрсатишга ҳаракат қилади, бошқаларни ҳам айнан у сингари йўл тутишга ундайди. У интернетдаги чиқишларида дунёнинг турли ҳудудларида юз берган ҳодисаларга экстремистик нуқтаи назаридан ёндошган.
Элчига ўлим борми?
Жумладан у Сурияда давом этаётган урушнинг асл илдизлари, юзага келиши сабаблари ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмаган ҳолда у ерда уришаётган террористик оқимлар, жангари гуруҳларни “қаҳрамонлар” деб атайди ва уларга Яратгандан мадад сўрайди.
Масалан, 2016 йилнинг 23 декабрь куни Анқарада террор қурбонига айланган Россиянинг Туркиядаги собиқ элчиси Андрей Карловнинг фожиали ўлимига ўз фикрини билдираракан, шунадй ёзади:
“...туркиядаги пасолнинг ўлими бу туркиядаги ишларнинг бевосита олиб борилишга боглик булган шахсдир улимга махкум этилган депломат суря ва мусулмонларга карши ишларда бе восита иштирок этган ва халабдаги тинч ахолининг улимига боглик шунча ахолини ёш карини улдиришга алокаси булгани учун бегунох улимга махкум килган одамларни кечириш хам жиноятни купайтиришга олиб келади мен шахсан депломатни улимини тугри ижро этилган деб уйлайман...” (матн таҳрирсиз келтирилди.)
Юқоридаги матннинг тузилиши, пала-партишлари, имло ва услубий хатоларга лиқ тўла экани муаллифнинг саводи қай даражада эканини равшан кўрсатиб турган бўлса керак. Бироқ, гап ҳозир шаклда эмас, мазмунда. Эътибор қилган бўлсангиз, бутун дунёда террористик акт сифатида тан олинган, бегуноҳ эчининг ўлимини Олим Хидиров “адолатли ижро” дея баҳоламоқда.
Ҳолбуки, ҳар қандай жамиятда элчилар қайси динга эътибод қилиши, қай миллатга мансублигидан қатъи назар иззат ва эҳтиромга лойиқ кўрилган. Ислом тарихига назар ташласак, пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам турли эллардан келган ғайридин элчиларни эҳтиром билан кутиб олганлари, ҳатто уларга ўз диний арконларини бажариши учун шароит яратиб беришни буюрганлари тарихдан яхши маълум.
Конституцион тузумга хиёнат
Олим Хидиров ўтган йили 4 декабрь куни бўлиб ўтган, бутун дунё ҳамжамияти кўз ўнгида, шаффоф тарзда ўтказилган, халқаро кузатувчиларнинг эътирофига сазовор бўлган Президент сайловини ҳам “ноқонуний жараён”, “халқ иродасини бузиш” деб жар солади.
Олим Хидировнинг Конституция, конституцион давлат ҳақидаги қарашлари ҳам айнан эсктремистик ғяолар таъсирида шакллангани кўриниб туради. Акс ҳолда, у “конституцион тузум одамлар ўйлаб топган нарса, унга итоат қилмаслик керак” деб айюҳаннос солмаган бўларди.
Унинг Фейсбук ижтимоий тармоғида жуда кўплаб экстремистик сайтлардан олинган, “Ҳизбут-таҳрир”, “ИШИД” сингари радикал ташкилотларнинг фаолияти тарғиб қилинган видлеороликлар, матнлар, фотосуратлар бошқалар билан бўлишилгани унинг асл мақсадини кўрсатиб турибди. Айни тармоқ орқали у виртуал “дўстлари”га видоемурожаатлар қилиб, конституцион тузумни ағдариш, давлатга қарши жиҳод қилиш каби ғаразли даъватларни илгари суриб келган.
Зарарли ғоя ва мақсадлар
Олим Хидиров бирор бир сура ёки ҳадисни етарлича билмаган ҳолда ўзича одамларни ишонтириш учун турли ибораларни тўқишдан ҳам тоймайди. Масалан, мана бу гапларга эътибор беринг:
“Ал иймони бил тасдики калбан пайгамбарларнинг хаклигини унинг тузган шариятини калбан тасдик килмасанг бу иймон хисобланмайди”. Матндаги арабий иборани бирор диний манбадан топа олмайсиз. Аввало, бу иборанинг ўзи араб тили грамматикаси қоидаларига тўғри келмайди.
Айни чоғда Интернет тармоқларига Олим Хидиров томонидан қўйилган хатларда халифат ғояси атрофида фуқароларни уюштириш, уларнинг онгида давлат ва унинг раҳбарларига нисбатан ишончсизлик кайфиятларини кучайтиришга бўлган ҳаракатни ҳам кўриш мумкин. Интернет тармоқларида унинг дўстлари 400 дан ошиқ эканини, унинг асосан моддий жиҳатдан қийналган одамлар даврасида юришини эътиборга олсак, қанчадан-қанча инсонлар миясига зарарли ғоя ва мақсадларни қуйишга уринганини англаш қийин эмас.
“Мени кечир, халқим...”
Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали ўз “издошлари”га йўлланган хитобларда, ёзиб қолдирилган “пост”ларда Олим Хидиров ўзини ўта халқпарвар, фидойи, қаҳрамон қилиб кўрсатишгача боради. Халқ унинг ортидан эргашишини истайди. Унинг хитобларида “умрин атаган халқим менинг”, “ўз умримни шу халққа бағишладим”, “менинг кимлигини мени таниган инсонлардан сўранг”, “мени кечир, халқим, мен сен учун ҳеч нарса қила олмадим, лекин ҳаракат қилдим”, “халқимизнинг ҳаёти яхшиланса, мен ўлсам ҳам ўзимни бахтиёр ҳис қилардим” сингари баландпарвоз сўзларни учратиш мумкин.
Бу гапларни ўқиб кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан, киши. Халқини севадиган, унинг учун жонинги беришга тайёр инсон шу халқ сайлаган раҳбарга итоат қилиши, шу халқ бошқараётган ҳокимияга, давлатга хизмат қилиши, унинг қонунларини ҳурматлаши керак эмасми? Терроризм, экстремизм, сепаратизм сингари зарали ғояларни дастаклаёган одамнинг “халқим” деб кўксига уриши энг содда қилиб айтганга масхарабозлик эмасми?
Қилмиш – қидирмиш
Албатта, Олим Хидировнинг бу каби куракда турмайдиган иддаолари, давлат ва халқ манфаатига зид тарғибот ва ташвиқотлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборидан четда қолмади.
Олим Хидиров яшаётган хонадон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тинтув қилинганда, жавон сандиқларда беркитиб қўйилган 17 дона араб ва кирил алифбосида ёзилган диний адабиётлар хамда халифалик давлатини тузишга даъват этувчи, Ўзбекистон Республикаси давлат тузумига қарши кайфиятдаги 325 дона диний-сиёсий мазмундаги варақалар топилди. Шунингдек, Интернет тармоқларида тарқатишга мўлжалланган диний-экстремистик рухдаги видеомурожаатлар жойланган ноутбук ва флеш-карталар, телефон аппаратлари қўлга киритилди.
Олим Хидировнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг ҳукмига биноан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.






