Янги йил байрами арафасида бир гуруҳ ҳамкасблар билан меҳрибонлик уйларидан бирига бордик. Тарбиячи опа бизни болалар хонасига бошлади. Эшикни очиб киришимиз билан ўнларча беғубор кўзлар бизга қадалди. Беғубор деймизу уларда маъюслик бор эди...
Шу пайт кутилмаган воқеа юз берди. Беш ёшлардаги қизалоқ чопиб келди-да, ҳамкасбларимдан бирини қучоқлаб олди.
– Дадажон, нега бу сафар кечикдингиз...
Маълум бўлишича, қизчанинг ота-онаси тирик, ажрашган. Отаси баъзан хабар олиб турар экан.
– Сўнгги бор бир йилча аввал келганди. Сизни дадасига ўхшатди, шекилли. Маъзур тутинг, – деди тарбиячи опа.
Тушдан сўнг болалар учун байрам уюштирилди. Барчаси чиройли кийимлар кийиб олган. Тарбиячилар ҳам меҳрибон, касбининг фидойилари эканига гувоҳ бўлдик. Аммо ҳеч нарса оила муҳитини, она меҳрини бера олмайди-ку.
Ота-она меҳридан мосуво гўдаклар нигоҳига боқиб, ўйга толдим.
Отам ўтган асрнинг 30-йилларини аччиқ армон билан эслайди. Бобомиз қулоқ қилингач, рўзғор заҳмати эндигина 8 ёшга қадам қўйган боланинг ҳам зиммасига тушади. Орадан кўп ўтмай, онаси ҳам вафот этиб, етим қолади. Қўни-қўшнилар кенгашиб, етимхонага топширишади. Отам ўша машъум йилларни кўп хотирлайди. Ўзи билан етимхонада бирга тарбияланган дўст-биродарларини тез-тез ёдга олади.
Мени бир савол қийнайди, улар-ку, қисмат сабаб шу оғир кечмишни бошдан кечиришди. Аммо ота-онаси бўла туриб, етимликка маҳкум бўлаётган гўдакларда нима айб?!
Тошкентга кираверишда бир ҳайкал бор. Темирчи уста Шомаҳкам Шорасулов ўн тўрт бола қуршовида тасвирланган. Мен уни чин инсонийлик, меҳр-мурувватга қўйилган обида, дегим келади.
Дўстларимдан бири тадбиркор. Болтиқ, Кавказ, Болқон давлатларида ҳам ҳамкорлари бор. Унинг айтишича, ўша томонларда ҳам ўзбек халқининг болажон экани, болани суйган миллат ёлғон сўзламаслиги, тижоратда ҳам панд бермаслигини тез-тез таъкидлашар экан.
Биз қандай халқмиз ўзи? Кечагина, уруш йилларида етим қолган юз минглаб ўзга миллат фарзандларини бағрига олган халқ! Орамизда ота-онаси тирик бўла туриб, етимлик асоратига солинган гўдаклар бўлиши бизга ярашмайди.
Толиб ЖЎРАЕВ,
Жомбой қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.






