Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг матбуот хизмати хабарига кўра, 2018 йил 5-11 февраль кунлари республика автомобиль йўлларида жами 120 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 113 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Хабарда ўтган ҳафта давомида республика йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 90 минг 500 га яқин қоидабузарликлар аниқлангани айтилган. Уларнинг 46 минг 638 таси қўпол қоидабузарликлар тоифасига киради. Жумладан, 1 минг 883 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, 15 минг 284 ҳолатда ҳайдовчи белгиланган тезлик талабларини бузган, 1 минг 119 нафар ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасига амал қилмаган. Шунингдек, транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган 205 нафар, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланган 1 минг 124 нафар ва хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатланган 15 минг 447 нафар ҳайдовчига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилган.