АсосийJamiyat

15 нафар бемор бола Германияда бепул даволанади

'15 нафар бемор бола Германияда бепул даволанади'ning rasmi

Яқинда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди кўмагида тери куйиши асоратлари, қўл-оёқ бўғимлари, лаб-танглайнинг туғма нуқсони билан касалланган 15 бемор бола Германияга даволаниш учун жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги маълум қилди.

2002 йилда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор болалар тери куйиши асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари нуқсони ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанди.

Ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағлари ҳисобига 2017 йилда юртимиздан 146 нафар туғма лаб-танглай нуқсони бўлган болада жарроҳлик амалиёти ўтказилди. «Чиройли оёқчалар» лойиҳаси доирасида 174 нафар боланинг саломатлиги жарроҳлик амалиёти орқали тикланди. Тери куйиши асоратлари бўлган 49 нафар болада пластик операциялар ўтказилди.

– Эътиборсизлигим туфайли соғлом ўсаётган ўғлим Муҳаммадзоҳидни шундай хаста қилиб қўйдим, – дейди андижонлик Барно Жамолиддинова. – Давлатимиздан, меҳр-оқибатли халқимиздан миннатдорман. Шундай оғир дамда менга далда бўлиб, ўғлимнинг соғайиб кетиши учун ҳар томонлама кўмаклашди. Болам бир неча бор юртимиздаги нуфузли шифохоналарда бепул даволанди. Саломатлигини бундан-да яхшилаш учун Германияда ҳам бепул даволанади. Яхшиларнинг шарофати билан ўғлим соғайиб бағримга қайтади, деб умид қиламан.

    Бошқа янгиликлар