Ўзбекистон ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармасида Интерполнинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси бошлиғи Лутфи Чичек бошчилигидаги Туркия делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодиёт, туризм, бизнес, спорт, фан ва маданият соҳалари каби бугунги кунда дунё миқёсида долзарб муаммо ҳисобланган хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳаларида ҳам дўстона, мустаҳкам алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилгани таъкидланди.
Томонлар халқаро терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, одам савдоси каби трансмиллий жиноятчилик кўринишларининг тобора кенгроқ намоён бўлаётганини ҳисобга олиб, Туркия ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг биргаликдаги ҳаракатини кучайтириш, ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш зарурлигини қайд этишди.
Ўзаро мулоқот давомида ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.






