Президентимизнинг ғояси билан Ўзбекистон тарихида янги “Обод қишлоқ” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу билан мамлакатимиз қишлоқларининг қиёфаси тубдан ўзгаради. Дастлабки манзил – Жиззах вилояти Дўстлик туманининг "Манас" қишлоғи.
Инсоннинг ҳаётга муносабатини ўзгартирадиган, оиласи билан бахт-саодат туйғусини ҳис қилишига асос бўладиган муҳим омил – шинам ва кўркам уй-жойга эга бўлишида, десак, муболаға бўлмайди. Соғлом, доимий иш ва даромад манбаига эга инсонлар уй-жой қуриш ё хонадонини таъмирлаш, обод қилишга имкон топади. Лекин бунда яна бир тоифа – ўз уй-жойи бор, бироқ унда бир инсон ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун мутлақо ё қисман шарт-шароит йўқ инсонлар ҳам борки, улар ўз турмушини яхшилашда аро йўлда қолиб кетаётган эди. Айниқса, қишлоқ жойларда шундай уйлар кам эмас: кимнингдир уйи ўта таъмирталаб, яна бировнинг топгани дастурхондан ортмагани учун оддий деворини таъмирлашга ҳам имкони йўқ. Бундай шароитда яшаётган аёлларнинг, фарзандларнинг, албатта, руҳиятида катта безовталик бўлиши табиий. Шу боис Президентимиз ғояси билан яна бир хайрли ташаббусга қўл урилдики, бунинг самарасида энди ҳам шундай инсонларнинг ҳаётига янги мазмун кириб келади, ҳам қишлоқларимизнинг кўрки ва таровати гўзаллашади. “Обод қишлоқ” деб аталадиган бу лойиҳанинг биринчи босқичида қишлоқ жойларда амалдаги қонунчилик билан белгиланган қурилиш нормалари ва санитария талабларига жавоб бермайдиган, таъмирталаб уйларда яшовчи оилалар рўйхати шакллантирилади. Кейинги босқичда кенг жамоатчилик ва фаол ёшларни кенг жалб этган ҳолда манфаатдор ташкилот ва идоралар билан биргаликда абгор аҳволда бўлган уйларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, шу жумладан, узоқ ва чекка ҳудудлардаги қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш мақсадида ҳашарлар ташкил этилади.







