Лондонда ўтказилган модалар намойишига Линдси Лохан ҳижоб кийган ҳолда ташриф буюрди, деб хабар берди lenta.ru нашри.
Намойишдан кейин Линдси Лохан мухлислари билан суратга тушиб, турли совғаларни қабул қилди. “Мода яланғоч ҳолда бўлиши шарт эмас”, деб изоҳлади ўз ҳолатини Голливуд актрисаси.
Линдси Лоханнинг ҳижобда юргани ҳеч кимни ҳайратга солмади, чунки актриса 2017 йилнинг баҳорида ислом динини қабул қилганини маълум қилган эди. У бу мавзуда интервью бериб, Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққанлигини, энди араб тилини ўрганмоқчи эканлиги ҳақида маълумот берган. 2018 йилнинг январига келиб, Линдси Instagram ижтимоий тармоғи саҳифасидаги барча ёзувларни ўчириб ташлаган.
2017 йилнинг апрель ойида Лохан Таиланднинг Пхукет ороли пляжига мусулмон аёлларининг анъанавий чўмилиш либоси бўлган буркинида келганди. Ўшанда 30 ёшли кино юлдуз узун енгли туника ва шалвор кийиб, бошига қора рўмол ёпинган эди.






