1

Ўзбекистонда ўзак ҳужайра трансплантацияси бўйича операциялар амалга оширила бошланди

ЖАМИЯТ 26.02.2018, 14:15
Ўзбекистонда ўзак ҳужайра трансплантацияси бўйича операциялар амалга оширила бошланди

Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши – ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. 2017 йилда институтда беш нафар оғир қон касаллиги билан хасталанган беморга шу йўналишда тиббий ёрдам кўрсатилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда, эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири саналади. Сир эмас, илгари зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 40 мингдан 150-200 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда бундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди.

Ўзак ҳужайра трансплантациясини амалга ошириш учун энг аввало юқори технологияли диагностика-таҳлил лаборатория усуллари ва юқори сезгирликка эга реагентлар керак. Зеро касалликни аниқлаш учун хромосома ва ген даражасида таҳлиллар ўтказилиши зарур. Бу жараён уч босқичда ўтказилади. Яъни, цитогенетик, молекуляр-генетик, ҳужайрани иммунофенотип таҳлил қилиш талаб этилади.

Жаҳон тиббиётида ўзак ҳужайрани кўчириб ўтказишнинг иккита тури кенг қўлланилади. Биринчиси — беморнинг ўзидан соғлом ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш. Бу амалиёт лимфома ва миелома касалликларида қўлланилади. Чунки бу касалликларда инсоннинг асосий ўзак ҳужайраси соғлом бўлади ва унинг беморга қайтадан кўчириб ўтказиш ёрдамида муолажаларни ўтказиш мумкин.

Бироқ, ўткир лейкоз (оққон) касаллигида беморнинг асосий ўзак ҳужайраси ҳам касалланган бўлади ва бундай вазиятда донор кўмагига эҳтиёж туғилади. Мамлакатимиз олимлари ҳозирги кунда жаҳон тиббиётининг бу усулини ҳам чуқур ўзлаштириб, амалиётга татбиқ этишга тайёр ҳолда турибди. Ўткир лейкоз касаллигида ўзак ҳужайра трансплантациясида бемор учун энг аввало унинг туғишган ака-ука, опа-сингиллари асосий донор бўла олади. Шунингдек, бошқа инсонлар ҳам агар беморга ўзак ҳужайрасининг HLA-антиген тизими мос тушса, донор бўлиши мумкин. Келгусида, бундай донорлик кўмагига эҳтиёжни тўлиқ қоплаш мақсадида ўзак ҳужайралар банкини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1