1

Сайёрамизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўплаб турлари йўқолиш арафасида

ЖАМИЯТ 23.05.2014, 10:06
Сайёрамизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўплаб турлари йўқолиш арафасида

Пойтахтимизда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Глобал экологик жамғарманинг кичик грантлар дастури билан ҳамкорликда 22 май бутун дунёда биологик хилма-хилликни асраш кунига бағишлаб семинар ташкил этилди.

Тадбирда депутатлар, тегишли давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, эколог мутахассислар, журналистлар иштирок этди.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, бугунги кунда сайёрамизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўплаб турлари йўқолиш арафасида. Бу биохилма-хилликнинг камайишига, экотизимлар барқарорлиги ва  тараққиётга таҳдид солмоқда. Ушбу экологик муаммолардан аҳолининг хабардорлик даражасини янада ошириш ва уларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида шу кун кенг нишонланади, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майда қабул қилинган “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мамлакатимиз бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан дунёнинг бошқа минтақаларидан алоҳида ажралиб туради. Юртимизда тўрт минг саккиз юздан ортиқ турда ўсимлик, қарийб ўн олти мингга яқин ҳайвонот турини учратиш мумкин. Уларнинг муайян қисми камёб бўлиб, фақат бизнинг минтақамизда мавжуддир.

Ушбу ноёб табиий бойликларни асраб-авайлаш, йўқолиб бораётган турларни кўпайтириш, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, табиатга инсон омили салбий таъсирининг олдини олиш юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланган.

Мамлакатимизда саккизта давлат қўриқхонаси, битта биосфера резервати, иккита миллий боғ, ўн иккита давлат буюртмахонаси, ҳайвонларнинг ноёб турларини кўпайтиришга ихтисослашган “Жайрон” экомаркази ташкил этилган. Камёб флора ва фауна турларини асраш, экологик тизимлар барқарорлигини сақлашга йўналтирилган кўплаб илмий-амалий лойиҳалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Олимларимизнинг ана шу йўналишдаги изланишлари натижасида илгари фанга маълум бўлмаган кўплаб ўсимлик турлари аниқланиб, муҳофазага олинди. Ҳайвонот дунёсини муҳофазалаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида сайғоқ, жайрон каби ноёб жониворлар камайиб кетишининг олди олинмоқда.

Юртимизда биологик хилма-хилликни муҳофазалашга оид халқаро конвенциялар талабларини амалга ошириш юзасидан ҳам кўплаб лойиҳалар бажарилмоқда. Нефть-газ тармоғига биохилма-хиллик тамойилларини жорий этиш, ўрмонлар, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларини кўпайтириш, экологик таълимни ривожлантириш, сувли-ботқоқли ҳудудларни муҳофазалашга йўналтирилган ишлар бунга мисолдир.

Семинарда биохилма-хилликни асрашга оид Ўзбекистон тажрибаси, бу йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган ҳамкорлик лойиҳалари, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар тизимини ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, экотизимлар барқарорлигини мустаҳкамлашга оид илмий ва амалий  дастурлар натижалари ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1