Фаслларнинг келинчаги баҳорнинг энг кутилган шодиёналаридан бири бу – 8-март Халқаро хотин-қизлар байрамидир! Бу кун ҳар бир аёл ёдида ўзига хос ширин хотиралар билан муҳрланиши аниқ. Шу ўринда эркакларнинг ҳам байрам билан боғлиқ ёқимли ўй-хаёллари йўқ эмас. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаев билан ана шулар ҳақида сўзлашдик.
«БИРИНЧИ МАОШИМГА РЎМОЛ ОЛГАНМАН»
8-март биринчи ўринда оналар байрами, деб ҳисоблайман. Ҳох аёл, ҳох эркак бўлсин, дастлаб волидасини қутлашга ошиқади. Менда ҳам шундай. Эсимда, энг биринчи маошимга онамга рўмол олганман. Ўшанда 9-синф ўқувчиси эдим. Дадам савдо соҳасида ишлагани учун касбнинг сир-асрорларини ўрганиб, ўз эҳтиёжларим учун дарсдан ташқари ишлай бошлаганман.
«САФАРДА БЎЛСАМ ҲАМ, АЙБИМНИ «ЮВАМАН»
Касбий фаолиятимиз туфайли баъзида байрамларни оиламиз билан нишонлай олмаймиз. Шундай бўлса ҳам қаерда бўлмайлик, телефон орқали қутлаб, яхши ниятларимни билдираман. Сафардан қайтганда эса, «айбим»ни юваман, албатта.
«МЕНИ ДЕБ УКАМ ҲАМ ДАККИ ЭШИТГАН...»
Кичиклигимда ўзимга яраша шўхликларим бўлган. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда 5-6 ёшли бола эдим. Телевизорда бичиш-тикиш ўргатаётган аёлга қараб, илҳомим жўшиб кетган. Ўзимча, уйдаги қиммат матони олиб, онам учун кўйлак тикмоқчи эдим-да. Минг афсуски, қўлимдан келмаган. Матони бекорга исроф қилганим қолган, холос. Қилар ишни мен қилган бўлса ҳам, ойим укам иккимизни баравар уришганлар (кулади).
«АНЪАНАМИЗ ЙЎҚ, ЛЕКИН...»
8 март билан боғлиқ бирор бир доимий оилавий анъанамиз йўқ. Лекин албатта оиламиздаги барча аёл ва қизларга, яқин мухлисларимга совға-саломлар улашаман. Совға бериш ёқимли жараён-да.
«АЁЛ БУ — КУЧ»
Аёллардаги гўзаллик нафосатдан илҳомланиб, қанча-қанча буюк инсонлар шеър, мусиқий асарлар ёзади. Шунинг учун ҳам аёлларга — гўзаллик ва куч дея таъриф берардим. Байрамингиз муборак бўлсин азиз опа-сингиллар, онажону опажонлар!
Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади.