1

Ер юзида, ҳар дақиқада, ҳар сонияда яхшиликлар юз беради...

МУТОЛАА 16.03.2018, 11:05
Ер юзида, ҳар дақиқада, ҳар сонияда яхшиликлар юз беради...

Ер юзида, ҳар дақиқада, ҳар сонияда яхшиликлар юз беради. Ишонинг! Катта-кичик яхшиликлар замирида эса инсоннинг инсонга бўлган меҳр-муҳаббати ётади. Бугун ана шундай ҳаётий воқеалардан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Кўнгилли сартарош

Назир Субхон ҳали йигирма етти ёшда. У қўли гул сартарош. Нуфузли гўзаллик салонларидан бирида ишлайди. Олти кун давомида унинг қабулига кириш учун навбат кутадиган мижозлари талайгина. «Қўли енгил йигит-да», дейишади у ҳақда. «Хушмуомалалигини айтмайсизми?» дея бош бармоқлари билан зўр сўзига ишора беришади. Назир дам олиш кунларини бекор ўтказмайди. Ишида давом этади. Мижозлари кўплиги, даромадини ошириш учун эмас. У шаҳар бўйлаб айланади. Ва уйсиз одамларнинг сочларини йўл-йўлакай кесиб, тартибга келтиради. Сариқ чақа ҳам олмасдан. Энг эътирофлиси эса, иши давомида улар билан суҳбатлашади. Тушкун, умидсиз, ўзларини чорасиз сезадиган кишиларга «Янгидан ҳаёт бошлаш учун ҳеч қачон кеч эмас!» эса уқтиришни канда қилмайди.

«Барса»нинг мухлиси

«Аҳду-паймон қилган инсоним «Барселона»нинг ашаддий мухлиси эди. Гоҳида уни келажагимиздан кўра кўпроқ навбатдаги ўйинда севимли жамоасининг ютиши қизиқтиради, дея хафа бўлардим. Тағин ўйин бор кунлари дунёни унутарди. Ўтган йили «Барселона» иштирокидаги ўйинга боришни жуда истади. Аммо имконияти бўлмади. Шунда хаёлимга ажойиб фикр келди. Ижтимоий тармоқлар орқали ўйин ўтказиладиган шаҳарда яшовчи кишиларни излашга тушдим. Нақ йигирма кишига дўстлик таклифини жўнатдим. Уларнинг аксарияти оммавий ахборот воситаларида ишлар, баъзилари эса футбол клубида эди. Дўстлигимни қабул қилишса-қилишмаса, хабар ёзиб қолдирдим — «Менга «Барселона» футбол жамоасидаги бирор ўйинчининг фалон номли кишига аталган дасхати зарур», дея. Ўзингизга маълум, миллионлар ўйинининг иштирокчиларини, айниқса, улар дунё тан олган футболчилар бўлса, қаттиқ қўриқлашади. Бу маълумот мени чўчитолмас, умидим катта эди. Ўйин ўтди ва... кутганим рўй берди! «Барселона» футбол клуби ўйинчилари жойлашган меҳмонхона хизматчиси йигитимнниг номига ёзилган, Тиаго Алькантарнинг дасхатини менга жўнатди...

Энди нафақат мен, севган инсоним ҳам кимгадир ана шундай қувончли мўъжизалар тақдим этиш иштиёқида ёнаяпмиз...»

Ўқитувчининг яна бир ҳиммати

Бри болалигидан ўқитувчи бўлишни истарди. Болалар — унинг жони дили эди. Муҳими, у болалардек мўъжизаларга ишонувчан ва беғубор. Австралиялик бу ўқитувчи «Миллионер бўлишни истайсанми?»га ўхшаш теле-шоуда иштирок этди ва нақ 20 минг доллар ютиб олди. Сизнингча, у пулларни нимага сарфлади? Асаб ва сабр талаб этадиган ишидан дам олиш учун чиройли масканларга боришгами — йўқ! Балким сўнгги русумдаги автомобиль сотиб олди, дея ўйлаётгандирсиз — адашасиз. Болажон ўқитувчи мактабидаги барча ўқувчиларга янги оёқ кийим совға қилди!

Беминнат хизмат

Дебби Сардоннинг хаёлига яхшиликка йўғрилган бу фикр бир қўнғироқ сабаб келди. Уй тозалаш хизматларини кўрсатувчи фирмага қўнғироқ қилган аёл энди уларнинг хизматига мурожаат этолмаслигини айтди. Сабаби — у саратонга чалинган эди. Ортиқча харажат қилиш имкони чекланганди. Қарангки, бу фирма фақат пул топиш учун очилмаганди. Инсонларнинг оғирини енгиллаштириш эди уларнинг асл мақсади. Шу ниятда саратонга чалинган аёлларни топиб, уларга бепул хизмат қилишни йўлга қўйишди. Натижада қанчадан-қанча аёлларнинг кўнглини шод этишди.

Янги дугона

«Ниҳоят қўрққаним олдимга чиқди — ишдан бўшатишди. Шунча уринишларим ҳавога соврилди. Бугун охирги иш куним эканлигини айтишганида келажак умидларим боғланган офисга сиғмай қолдим. Лекин начора, соат олтигача чидашим керак. Иш вақти тугашига оз қолганида дарду ҳол қилиш учун яқин дугонамга қўнғироқ қилдим. Гўшак кўтарилиши ҳамон у билан саломлашдим-у йиғлаб сўз бошладим. Энди ишим йўқлиги, қарзларим кўплиги, қайси деворга бошимни уришни билмаётганимни айта кетдим. У эса мени юпатар, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, дея такрорларди. Учрашишга келишиб, гўшакни жойига қўйдим-у бирдан эсимга келди — ахир ҳозир қўнғироқ қилган рақамларим дугонамнинг эски ишхонасиники-у. Наҳот мени танимайдиган аёл худди дугонамдек менга ғамхўрлик қилди ва ҳатто эртага, кел, бошлиғимиз қабулига бирга кирамиз, деди...»

Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1