1 июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни! Бу байрамга нафақат болалар, балки ёши катталар ҳам ўзгача тайёргарлик кўриши ҳеч кимга сир эмас. Бир кун бўлса ҳам болаликка қайтиб, энг қизиқ онларни ёдга олиш кишига ўзгача завқ бағишлайди. 1 июнда кўпчилик фарзандлари ёки ука-сингиллари билан сайлгоҳларни кезиб, ушбу кунни ширин хотиралар билан кўнглида сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Ушбу саҳифамизда сиз билган санъаткорларнинг болалик ва ҳозирги кўринишига бир вақтнинг ўзида назар ташлаш имкониятига эга бўласиз.
“Мени севиб қолишса, уялардим”
1992-2014 йиллар
Зарина Низомиддинова: — Болалигимда мўмин-қобил, катталарнинг сўзидан чиқмайдиган қиз бўлганман. Тарбиячиларим ҳам айнан шу фазилатим учун яхши кўришарди. Гуруҳдошларим сингари кўзга ташланадиган қиз бўлмасам ҳам, негадир аксарият болалар мени ёқтириб қолишарди. Буни ўзимга айтишса, йиғлардим. Негалигига ҳайронман. Бир марта Ботир исмли бола “Зарина, я тебя люблю!” деганида боғча опамга айтиб берганман. Аммо тарбиячимдан “Если любить, это хорошо”, деган жавоб олгач, роса хархаша қилганман. Бу ишим учун мени бурчакка турғизиб қўйишган. Онам боғчадан олишга келганида “Ойи, бошқа бу ерга келмайман. Боғча опам уятсиз экан!” дегандим (кулади). Севги изҳоридан уялиб, хархаша қилганман, шекилли.
Тажриба қилиш бўйича “мутаҳассис”
1985-2014 йиллар
Сардор Раҳимхон: — Мактаб ёшигача роса шўх бўлганман. Доим муштлашиб, гап талашаверганим учун дадам раҳматли урушиб-уришиб уйга олиб кирарди. Шунда “нега бошқалар кўчада, мен уйда ўтиришим керак?” деган аламли фикр хаёлимдан ўтарди. Бир марта эски ҳовлимизнинг ертўласини “шланка”дан сув қуйиб тўлдирганман. Ертўла сувга тўлса, нима бўлишини билмоқчи бўлганман (кулади). Бошқа уйга кўчганимизда ҳам ертўла суви тўлиқ қуриб бўлмагани ёдимда. Тажриба ўтказиш бўйича “мутахассис” эдим-да! Бир гал гиламни дазмоллаш “ғоя”си келиб қолган. Дазмол қандай қизишини билиш учун уни гиламнинг устига қўйганман. Дазмол қизигунча эса гиламнинг ҳоли вой бўлган. Бу ҳали “тажриба”ларимнинг энг оддийси (мириқиб кулади).
“Боғчада Катя исмли тансоқчим бўларди”
1991-2014
Нигора Исмоилова: — Болалигимни ажиб туйғулар билан эслайман. Айниқса, боғча даври унутиб бўлмас хотиралар билан ёдимда қолган. Эсимда, Катя исмли дугонам бор эди. У анча гавдали бўлгани учун мени “зўравон”лардан ҳимоя қиларди (кулади). Боғчада мени Нодир исмли икки бола ёқтириб қолган. Кейин билсам, улар ким биринчи бўлиб гапириш учун баҳс бойлар экан. Эрталабдан менга “ҳужум” қилиб, безор қилишарди. Улардан қутилишга ҳимоячим Катя ёрдам берарди. Эвазига дугонамга бўтқамни берардим. Гоҳида бўтқани нонга сурилган “повидло”га алмашганларим ҳам эсимда. Мен бўтқани ёмон кўрсам, Катя “повидоло”ни ёқтирмасди. Шунинг учун келишувимиз доим ижобий якун топган.
ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДАГИ ҚИЙШИҚ АРЧА
1989-2014
Достон Убайдуллаев: — Назаримда, кичкина Достонни ҳамма яхши билади. Аммо ҳеч қаерда айтилмаган Янги йил воқеасини айтиб бермоқчиман. Янги йил кириб келиш олдидан, арча ва дастурхон безатилган. Иккинчи акам дастурхонга қўйилган бананнинг биттасини олиб емоқчи бўлганини кўриб, менинг ҳам айнан шу бананга “ишқим тушди”. Акам иккимиз ўша бананни еймиз, деб роса талашдик. Ўриндиқдан ўриндиққа сакраб, акамни қувлашга тушдим. Акам “кресло”га ўтирганини кўриб, ўзимни ўша томонга отдим. Ғилдиракли “кресло” эса тўғри бориб, безатилган арчага урилди. Натижада иккаламиз ҳам арчанинг тагида қолдик (мириқиб кулади). Ҳозир куляпман-у, лекин ўша пайт аҳволимиз куладиган эмасди. Ўйинчоқларни синган, қийшиқ арча билан Янги йилни кутиб олганмиз.
“Тикувчилик қилганман”
1990 - 2014
Улуғбек Раҳматуллаев: — Болалигимдан ҳамма нарсага қизиқиб, тажриба қилиб, “малакам”ни оширишни ёқтирардим. Бир куни укам Дилшод билан уйда ёлғиз қолдик. Телевизорда аёллар кўйлагини тикишни ўргатишаётганди. Бу иш менинг ҳам қўлимдан келади, деб Дилшод укамни “қурбон” қилгандим. Яъни, онамнинг қимматбаҳо матоларини укам ёрдамида олганман. Дилшод мени бу йўлдан қайтармоқчи бўлсада, қаршилик билдириб, ўз ишимда давом этверардим. Шундай қилиб, узун матони қандайдир ўлчамда кесиб-бичганман. Энг қизиғи, телевизорда кийимни қандай бичиб, қандай кесганини кўрибману, тикиш жараёнини кўрмай қолганман (кулади). Хуллас, онамнинг энг қиммат ва яхши кўрган матоларини расвосини чиқарганман. Онамдан эшитган даккиларимни ҳозир ҳам эслагим келмайди (хандон отиб кулиб). Лекин барчасига укамни айблаб қўя қолганман. Дилшод ҳалигача “ўшанда менга ёмон туҳмат қилгандингиз-а, ака?” деб кулиб қўяди. “Бола бўлсанг, шўх бўл”, деган гап айнан мен учун айтилган бўлса керак.
Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади
Фотомухбир: Равшан ШОКИРОВ